Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Уйда қолинг! Оставайтесь дома!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДА ОИВ ИНФЕКЦИЯНИНГ ОНАДАН БОЛАГА ЮҚИШ КЎРСАТКИЧЛАРИНИ КЕСКИН КАМАЙТИРИШГА ЭРИШИЛДИ Бош сахифа

29 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДА ОИВ ИНФЕКЦИЯНИНГ ОНАДАН БОЛАГА ЮҚИШ КЎРСАТКИЧЛАРИНИ КЕСКИН КАМАЙТИРИШГА ЭРИШИЛДИ

Ҳар йили 1 декабрь — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади, мақсад — ОИВ/ОИТС ҳақида одамларнинг хабардорлигини ошириш ва пандемия олдидаги халқаро бирдамликни кўрсатиш.

Сир эмаски, одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиқадиган касаллик, яъни ОИВ инфекцияси бугунги кунда барча мамлакатлар учун муҳим муаммога айланган. Бу касаллик аҳолининг айни меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши ва касалликни даволашга кетадиган сарф-ҳаражатларнинг катталиги нафақат тиббий-ижтимоий муҳит, балки, иқтисодий тараққиётга ҳам салбий таъсир этмоқда. Шу боис, инсон саломатлиги ва келажак авлодлар камолотига жиддий таъсир этаётган бу тиббий-ижьтимоий муаммолга қарши курашиш ва унинг олдини олиш инсоният олдидаги муҳим вазифадир. 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунининг кенг миқёсда нишонланишидан кўзланган мақсад ушбу глобал тиббий-ижтимоий муаммога инсоният эътиборини жалб этишдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури (ЮНЭЙДС)нинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 миллион ОИВ-инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳисобга олинган. Юртимизда 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 42 098 нафар шахс ОИВ-инфекцияси билан яшамоқда.

Ушбу долзарб муаммога қарши курашиш мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-итимоий ислоҳотларнинг ҳам муҳим йўналишини ташкил этади. Юртимизда бу соҳадаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари яратилган ва бу тизим замон талабидан келиб чиқиб, такомиллаштирилаяпти. Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 22 июндаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари асосида бу йўналишдаги чора-тадбирлар такомиллашмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли орасида ОИВ-инфекция тарқалишининг олдини олиш юзасидан тиббиёт, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Жумладан, тиббий-профилактика ишлари тизимли йўлга қўйилган. Никоҳланувчи шахслар тўйдан олдин ОИВ вирусига қарши текширувдан ўтказилади. Шунингдек, хорижда ишлаб қайтган меҳнат мигрантлари ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинади. Аҳолининг барча қатлами бу йўналишда тиббий текширувдан ўтишига қулайлик яратиш мақсадида жойлардаги тиббиёт муассасаларида замонавий шароитлар яратилган.

Онадан болага ОИВ юқишининг олдини олиш бўйича тиббиётимиз катта натижаларга эришмоқда. Бу борадаги ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тегишли баённомалари асосида ташкил этилмоқда. Унга мувофиқ, ҳар бир аёл хомиладорликнинг 14 хафтасидан жойлардаги тиббиёт муассаси томонидан назоратга олиниб, ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади. Мамлакатимизда ушбу тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши таъминланаётганлиги сабабли касалликнинг онадан болага юқиш кўрсаткичларини кескин камайтиришга эришилди. Агар 2013 йилда касалликнинг онадан болага юқиши 2,3%, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 0,3% ташкил этди.

Шу билан бирга, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ОИВ инфекцияли шахсларни даволаш масалаларига бағишланган 14 та клиник протоколи миллий шароитларга мослаштирилди. Бугунги кунда республика бўйича вирусга қарши махсус терапия олаётган беморлар сони 25 мингдан ортиқроқни ташкил этмоқда. Бу ўз навбатида ОИВ инфекцияли беморлар ўртасида оғир оқибатларнинг ривожланиши ва ҳамда касалликнинг бошқа шахсларга юқишининг олдини олиш имконини бермоқда.

ОИВ инфекцияси билан хасталанган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида 60 ўринли махсус шифохона, Вирусология илмий текшириш институтида 30 ўринли бўлим фаолият кўрсатмоқда Ушбу шифохоналарда 2013-2018 йилларда 7,5 мингдан ортиқ ОИВ инфекцияли шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Сўнгги беш йил давомида ОИВ билан касалланган беморларни махсус вирусга қарши даволаш мақсадида Глобал Фонд лойиҳасининг 15,0 млн. АҚШ доллари сарфланиб, юқори сифатли дори воситалари харид этилди.

ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда аҳоли, айниқса ёшлар орасида профилактика ишларини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бу касалликнинг жинсий алоқа йўли билан тарқалиш кўрсаткичи юқори. Шу боис, ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда профилактик ва эпидемияга қарши кураш тадбирларини режалаштириш ва самарали амалга оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойлардаги тиббиёт муассасалари ҳузурида 140 та ишонч хоналари ташкил этилгани айни муддао бўлмоқда. Бу ўз навбатида касаллик бўйича мониторинг ишларини олиб боришда ҳам муҳим имкон яратмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.