Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ИЖТИМОИЙ ТАМОҚЛАРДА ТАРҚАЛАЁТГАН ТУРЛИ ХАБАРЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ Бош сахифа

11 июня 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ИЖТИМОИЙ ТАМОҚЛАРДА ТАРҚАЛАЁТГАН ТУРЛИ ХАБАРЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реаблитацияси марказини таъмирлаш ва 240 ўринга мўлжалланган янги бино қурилиш ишлари бўйича тадбирлар изчил амалга оширилаётганини маълум қилади.

Вазирлик томонидан яқин вақт оралиғида инвестиция дастури доирасида лойиҳалаштирилиши кутилаётган мазкур объектнинг реконструкция ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича давлатимиз раҳбарининг махсус қарори лойиҳаси тайёрланаяпти. Тез орада ушбу қарор кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамага қўйилиб, таклиф ва мулоҳазалар умумлашлаштирилади ҳамда тегишли чора-тадбирлар бўйича амалий ишлар бошланади.

Шу ўринда эътироф этиш керак, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, бу йўналишдаги ишларга ўтган 2018 йилда 9,6 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам яхшиланаяпти. 2018 йилда бу мақсадларга 914,6 миллиард сўм ажратилиб, 382 та тиббиёт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

Жорий йилда ҳам халқимиз саломатлигини асраш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, Давлат ривожлантириш дастури доирасида республикамиз бўйлаб 231 та иншоотда 972 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

***

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларда Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида носоз лифт билан боғлиқ тарқалган видеолавҳа юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси 2016-2017 йилларда Инвестиция дастури доирасида пудратчи “Таъмир қурилиш” КТМХК томонидан мукаммал таъмирланган. Аммо қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида шифохонадаги иккита юк кўтариш ва битта аҳолига хизмат кўрсатувчи лифтларни ҳам таъмирлаш кўзда тутилган эди. Бироқ тегишли ташкилотлар томолнидан ушбу ҳаражатлар учун етарлича маблағ ажратилмаганлиги сабабли таъмирлаш ишлари амалга оширилмай қолиб кетган.

Жорий йил бошида битта юк кўтариш лифти таъмирланиб, ишга туширилди. Аммо қолган лифтлар ҳамон яроқсизлигича қолмоқда.

Ушбу вазият юзасидан вазирлик ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқамаси вакиллари томонидан лифтларнинг ҳолати ўрганилиб, уларнинг фойдаланишга яроқсизлиги ҳақидаги хулоса ҳамда маблағ ажратиш бўйича таклифлар вилоят ҳокимлигига киритилди.

Шунингдек, мазкур муаммо юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси томонидан вилоят ҳокимлиги “Ягона бюртмачи инженеринг” компанияси ҳамда пудратчи ташкилот раҳбарларига ёзма мурожаатлар билан чиқилди.

Вазирлик яқинда вақт оралиғида ҳамкор ташкилотлар ва тегишли пудратчи ташкилотчи томонидан ушбу ҳолат юзасидан ижобий томонга ўзгариш бўлишини маълум қилади.

***

Турли тармоқларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар онкология филиали шифокорлари кафедралар таъмири учун ҳар бир врачдан бир миллион сўмдан зиёд пул йиғилаётгани ҳақида тарқалган хабарга ҳам ойдинлик киритилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан Республика ихтисослаштирилганган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалида бўлиб, ўрганиш ва суруштирув ишларини олиб борди. Ўрганишлар жараёнида, РИОвРИАТМ Тошкент шаҳар филиали ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Тиббий педагогика факультетининг Онкология кафедраси энг сўнгги замонавий услубда таъмирлангани, ажратилган хоналар замон талабларига мос ва қулай равишда жиҳозлангани ҳамда моддий техник-базаси ҳам етарлича таъминотга эга эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, вазирлик мутасаддилари ушбу кафедра профессор-ўқитувчилари билан мулоқотда бўлиб, ҳолат бўйича ойдинлик киритди. Мазкур ҳолат юзасидан кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмади.

***

Маълумки, бугунги кунда ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш фаолият унумдорлигини таъминлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу маънода Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишга, жумладан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, моддий манфаатдорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Шу боис куни кеча “Daryo – live” ижтимоий тармоғида Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги тиббиёт муассасалари ходимларидан “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида мактаб кутубхоналари китоб фондини бойитиш учун ходимларнинг иш ҳақидан ўз хоҳишига кўра 12 минг сўм ўтказилишига розилик бериш тўғрисидаги тарқалган хабар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли тартибда назорат-суриштирув ишларини олиб борди.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида олиб борилган суриштирув жараёнида юқоридаги аризада қайд этилган ҳолат бўйича ҳеч қандай ҳолат аниқланмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимизнинг турли даволаш муассасалари, тиббиёт марказлари, илмий-текшириш инстиутлари ҳамда олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган ходимлардан юқоридаги сингари турли ҳолатлар содир бўлган тақдирда вазирликнинг қисқа рақамли “1003” ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишларини сўраб қолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.