Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ КИТОБ ТУМАНИ БОЛАЛАР ШИФОХОНАСИДАГИ ҲОЛАТГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ Бош сахифа

23 мая 2019

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ КИТОБ ТУМАНИ БОЛАЛАР ШИФОХОНАСИДАГИ ҲОЛАТГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда берилган, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги болалар шифохонасида жой етишмаслиги туфайли бемор болалар санитария талабига жавоб бермайдиган, ҳамширалар кийинадиган хонада ётиб даволанаётгани акс этган материал юзасидан мавжуд вазиятни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Айни пайтда Китоб туманида болаларга ва аҳолининг барча қатламига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида бешта қишлоқ врачлик пункти, еттита қишлоқ оилавий поликлиникаси ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохона фаолият юритаяпти. 130 ўринга мўлжалланган туман болалар шифохонасида йилига саккиз минг нафардан зиёд болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилаяпти. Тиббиёт муассасасида малакали кадрлар етарли, дори-дармон ўз вақтида етказиб берилаяпти.

Шу билан бирга, барпо этилганига кўп йил бўлган мазкур шифохона биноси анча таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги сабабли мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айни кунларда туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида болалар шифохонаси учун янги бино қурилиши жадал суратда олиб борилаяпти. Бунинг учун инвестиция дастури доирасида қарийб 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

– Мазкур бино қурилиши жорий йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Натижада ҳудудда тиббий-ижтимоий инфратузилма янада яхшиланиб, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати янги босқичга кўтарилади, – дейди Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.