Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Уйда қолинг! Оставайтесь дома!

Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида Бош сахифа

27 августа 2020

Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида

ЛОЙИҲА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛК ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИНИНГ

ҚЎШМА ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида

халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида

2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 августдаги йиғилиши 43-сон баёнига (2020 йил 12 августдаги 12/1-235-сон) мувофиқ, COVID-19 пандeмияси даврида Ўзбекистон Республикасида халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, ўқувчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги қарор қилади:

1. “ COVID-19 пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қўлланма” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари (Д.Кенжаев)га:

халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари раҳбарлари 1-иловага мувофиқ чора-тадбирларни амалга ошириши ташкиллаштирилсин ва назоратга олинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари (Э.Баситханова)га:

Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида таълим муассасаларида фаолият кўрсатадиган тиббий ходимларнинг каронавирус инфекцияси борасида малака оширишларини тизимли ташкил этиш;

Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб маъмурияти, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарда тиббий-санитария қоидалари, эпидемиологик вазият ҳақидаги бирламчи билимларини шакллантириш жараёнларини назоратга олиш;

болалар орасида касаллик гумон қилинганда, тиббий назоратга олиш учун юқумли касалликлар шифохоналарида ташкил этилган махсус палаталар ва койкаларда, дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситаларининг доимий заҳираси бўлиши таъминланишини ташкил этиш вазифаси юклатилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (Б.Юсупалиев)га:

халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари ишини жорий йилда тасдиқланган СанҚваМ талаблари асосида ташкиллаштиришни назорат қилиш;

короновирус инфекцияси эпидемиологияси ва профилактикаси бўйича ҳудудларда таълим муассасалари ходимлари учун семинарлар ташкил этиш;

ҳудудларнинг эпидемиологик ҳолатини ўрганиш асносида мактаблар фаолиятига оид тавсиялар киритиб бориш;

халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари иш фаолиятини қайта тикланишига мактаб раҳбари томонидан болаларни хавфсиз сақлаш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш тўғрисида имзоланган кафолат хати ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўйича ҳудудий марказ қарори мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилишини назоратга олиш вазифаси юклатилсин.

5. Тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда таълим муассасасида санитария-гигиена талабларига жавоб беришни таъминлаш, эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш ва дезинфекциялаш режимларининг бажарилиши ҳолатига таълим муассасанинг раҳбари шахсан жавобгар этиб белгилансин.

6. Ушбу қарорда белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Баситханова ва Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаевларга юклатилсин.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов

Тошкент ш.,

2020 йил «___» _________,

_______-сон

Халқ таълими вазири Ш.Шерматов

Тошкент ш.,

2020 йил «___» _________,

_______-сон



COVID-19 пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қўлланма.

I. Умумий қоидалар

1. Агар ўқувчи, маъмурият вакиллари, педагоглар ва техник ходимлардан бирон кимса касалликка чалинса, улар мактабга боришни тўхтатиб туришлари лозим.

2. Таълим муассасалари ҳудудида ва биноларида ўрнатилган тартибда амалга ошириладиган ва мажбурий чоралардан бири хисобланган - ҳар кунги тозалаш ва дезинфекция тадбирларини ўтказилиши шарт.

3. Мактаблар ичимлик суви билан, санитария ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланган бўлиши керак. Шу билан бирга, муассаса маъмуриятигачиқиндиларни тегишли равишда йўқ қилиш ва зарарсизлантириш тадбирларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилади.

4. Мактаб маъмурияти маҳаллий хокимлик билан биргаликда вирус тарқалишининг олдини олиш учун синф хоналарида ва биноларда кўп сонли ўқувчилар орасидаги ижтимоий масофани сақлашнинг барча чораларини кўриши шарт.

5. Маъмурият вакиллари, педагоглар ва техник ходимлар касаллик (COVID-19) ҳақида асосий маълумотларни, шу жумладан унинг аломатлари, асоратлари, қандай юқиши ва уни тарқалишининг олдини олишда аниқ тушунчага эга бўлишлари шарт.

6. COVID-19 ҳақидаги маълумотларни ижтимоий тармоқлардаги баъзи норасмий манбаълардан эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ), ЮНИСЕФ ва ЖССТ каби ишончли манбаълардан олиниши тавсия этилади.

II. Мактаб раҳбарининг COVID-19 профилактикаси борасида амалга ошириши шарт бўлган тадбирлар:

1. СанҚваМ 0375-20 “Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий таълим мактаблари ва махсус мактаб интернатларининг фаолияти ва иш тартибини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ муассаса фаолиятини ташкиллаштириш бўйича аниқ режаларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижросини назоратга олиш.

Бунда:

1) Маҳаллий хокимлик ёрдамида мактабда ичимлик суви мавжудлигини таъминлаш.

2) Қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш,қўл ювиш жойларини ҳозирлаш ҳамда уларни совун ва сув билан таъминлаш.

3) Мактабнинг тиббиёт хонаси “изолятор” сифатида ишлаш тартибига ўтказилиши шарт. Агар бундай хона бўлмаса, мактаб биносининг кириш қисмидаги бошқа бир хонани санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб берадиган “изолятор” хонасига айлантириш мақсадга мувофиқ.

4) Ҳар бир синф хонасида, ошхоналар ва ҳожатхоналарнинг кириш ва чиқиш жойларида қўлни, таркибида спирт мавжуд бўлган, дезинфекцияловчи санитария воситаларини жойлаштириш.

5) Ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида ҳожатхоналар мавжудлигини таъминлаш керак.

6) Синф хоналарини, сув таъминоти ва ҳожатхоналарни тозалаш ҳамда зарарсизлантириш режасини ишлаб чиқиш, унга қатъий риоя қилиш ва унинг бажарилишини мунтазам равишда назорат қилиш шарт.

7) Мактабда жисмоний масофа сақлаш амалиётини жорий этиш керак:

- кириш / чиқиш жойларида тирбандлик ҳосил бўлиб, ўқувчилар тўпланиб қолмасликлари уларнинг мактабга келиш ва кетиш жадвалларини ишлаб чиқиш;

- бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчиларининг аралашишига йўл қўймаслик учун улар учун алоҳида мактабга кириш жойларини ташкил қилиш, шунингдек, уларнинг дарс-машғулотлари бошқа-бошқа қаватларда бўлишлигини таъминлаш;

- ўқувчилар ва ходимлар саломлашганида масофа сақлашларини таъминлаш;

- синфхоналарнинг СанҚваМ 0375-20 “Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий таълим мактаблари ва махсус мактаб интернатларининг фаолияти ва иш тартибини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ тўлдирилишини таъминлаш;

- парталар, столлар ва бошқа мебел жиҳозларини тўғри жойлаштириш орқали машғулотлар вақтида ўқувчилар тўғри тартибда ўтиришларини режалаштириш;

- ҳар бир синфга болалар барча фанлар бўйича ўқитиладиган алоҳида синф хонаси бириктирилишини таъминлаш, алоҳида жиҳозлар керак бўлган дарслар бундан мустасно;

- оммавий тадбирлар (концертлар, учрашувлар, туғилган кунларни нишонлаш ва ҳ.к.) ўтказилишини тўхтатиш.

8) Мактаб ходимлари учун:

- шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ), шу жумладан тиббий ниқоблар билан таъминланиши;

- ШҲВдан фойдаланиш ва уларни утилизация қилиш қоидаларига ўргатилиши;

- тозалаш/дезинфекциялаш воситалари билан алоқада бўлувчи техник ходимлар учун қўшимча ШҲВ сотиб олишни режалаштириши лозим.

9) Вирус мактабга ташқаридан кириши ва болалар/ходимлар томонидан юқтирилишининг олдини олиш учун "эрталабки филтрлар" амалиётини жорий этиши керак.

10) Касаллик белгилари бўлган ўқувчилар/ходимларни зудлик билан изоляцияга ажратиб туриш ва кейинчалик ходимларни вақтинча ишдан четлатиб туриш режасини ишлаб чиқиши керак.

11) Барча ходимларга касаллик белгилари пайдо бўлган тақдирда раҳбариятни хабардор қилиш ва ишга бормай туришлари кераклигини уқтириши лозим.

12) Фавқулодда ҳолатларларда алоқага ҳамда қайта алоқага чиқиш учун масъул шахслар рўйхати шакллантириши шарт.

а) Бунда, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан алоқа вақтида қуйидаги маълумотлар алмашинуви амалга оширилади:

- Касаллик ҳолатлари тўғрисида маълумот олиш / юбориш;

- COVID-19да гумон қилинган беморни изоляцияга ўтказгандан сўнг инфекциялар ўчоғида эпидемияга қарши, дезинфекция тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

- касалланган ўқувчилар/ходимларни хабардор қилиш ёки касалхонага ётқизиш.

б)Ўқувчиларнинг ота-оналари / қонуний вакиллари / қариндошлари билан алоқа вақтида қуйидаги маълумотлар алмашинуви амалга оширилади:

- Ўқувчилар/ўқитувчилар орасида касаллик аломатларининг пайдо бўлса, ота-шналарни бу тўғрисида хабардор қилиш;

- Ўқувчилар/ходимлар аҳволи ёмонлашгудай бўлса, тез ёрдам чақиришни ташкил қилиш ва ота-оналарни хабардор қилиш.

13) Хатар гуруҳи (ёши 60 дан ошган инсонлар, ҳомиладорлар, сурункали касалликка эга бўлганлар ва ҳкз.)ни масофадан туриб ишлаш шаклига ўтказиш имкониятларини кўриб чиқиш шарт.

14) Мактабнинг ички тартибини COVID-19 жараёнига мослаштириш:

- Касаллик туфайли машғулотларга келишнинг мослашувчан қоидаларини ишлаб чиқиш.

- Касалланган ўқувчилар/ходимларнинг бенуқсон давоматини талаб қилишдан воз кечиш.

- Ишга келмаган ходимларни алтернатив равишда алмаштириш режасини ишлаб чиқиш.

- Ўқув режасини мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда шакллантириш.

- Ўқувчилар ва ходимларнинг мактабга келмай қолишини кузатиб бориш учун мактаб давомати мониторингини олиб бориш.

- Ўқувчилар ва ходимларни COVID-19 профилактикаси бўйча санитар билимини доимий мустаҳкамлаш, руҳий саломатлигини таъминлаш чораларини кўриш.

- Ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оила фарзандларига, махсус эҳтиёжли болалар, ногиронлиги мавжуд болаларга алоҳида эътибор бериш.

III. Педагоглар нималарни билиши керак:

1. Мактабларда гигиена кўникмаларини ва соғлом турмуш тарзи қоидаларини доимо тарғиб қилиш. Бунда:

- қўлларни қандай тўғри ювиш,

- нафас олиш қоидаларига риоя қилиш муҳимлиги,

- термометриянинг аҳамияти, қўлларни тез-тез ювиш ва тозалаш,

- ниқоб кийиш,

- хоналарни шамоллатиш ва дезинфекциялаш каби чоралар ҳамма учун фойда эканлиги ўқувчиларга, бошқа ўқитувчиларга, ота-оналарга қаратилган қисқа-қисқа суҳбатларни ташкил этишга эътибор қаратилади.

2. Синф хоналари, сув ва санитария иншоотларини мунтазам тозалаш ва дезинфекциялаш, ўқувчилар томонидан доимий равишда қўл ювилишини назорат қилиб туриш.

3. Шахсий гигиена, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш ва уларни тўғри утилизация қилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш, шунингдек ўқувчилар томонидан жисмоний масофа сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши мониторингини амалга ошириш.

4. Болаларнинг саволларига жавоб беришда улар учун қулай ва тушунарли материаллар, масалан, хабар тахталарида, ҳожатхоналарда ва бошқа жамоат жойларида намойиш этилиши мумкин бўлган плакатларни жойлаштириш каби самарали усуллардан фойдаланиш.

IV. Техник ходимлар нималарни билиши керак:

1. Сув, совун ва ювиш воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳар куни 3 марта нам тозалашни ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда 1 марта тозалашни амалга оширинг.

2. Дезинфекциялаш эритмаларини ишлаб чиқарувчининг кўрсатмаларига биноан, эритма тайёрланган сана кўрсатилган этикетли идишларда тайёрлаш. Дезинфекциялаш воситалари ва ювиш воситаларини ҳамда уларнинг ишчи эритмаларини ўқувчилар қўли етмайдиган жойда сақлаш.

3. Дезинфекцияловчи воситалар ёки антисептиклар ёрдамида юзаларни 4 марта зарарсизлантириш.

4. Ҳафтада камида бир марта умумий тозалашни амалга ошириш.

5. Биноларни тозалаш вақтида деразалар ёки фрамугалар очиқ бўлишини таъминлаш. Тез-тез ифлосланувчи юзаларни (эшик тутқичлари, шкафлар, дераза токчалари, электр ўчиргичлари, қаттиқ жиҳозлар) ва чанг тўпланувчи жойларни (пол плинтусининг ости ва мебель ости, радиаторлар, ёритиш мосламалари арматуралари, шамоллатиш панжаралари ва бошқалар) алоҳида эътибор билан тозаланиши шарт.

6. Санитария ва техника ускуналари кунига 4 марта зарарсизлантирилиши керак. Ҳожатхоналарни дезинфекциялаш эритмаларидан фойдаланиб, мувофиқлик сертификатига эга бўлган воситалар билан ювиш. Квачни ҳар куни 1% дезинфекцияли эритма билан зарарсизлантириши керак.

7. Ҳожатхона учун тозалаш ускуналари (латта, челак, чўтка)га ёрқин рангдаги ёрлиқлар ёпиштириш ва махсус шкафда ёки алоҳида жойда сақлаш. Ишлатиб бўлгандан кейин барча тозалаш воситаларини иссиқ сув ва ювиш воситалари билан ювиш ва қуритиш.

8. Синф хоналарини танаффус пайтида, дам олиш жойлари ва коридорларни дарслар вақтида шамолатиш.

V . Тиббий ходимлар қуйидагиларни ўрнатилган тартибда ташкиллаштириши шарт:

1. "Эрталабки филтр" (ўқувчилар / ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш, маълумотларни махсус журналда рўйхатдан ўтказиш)ни санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ҳамкорликда амалга ошириш.

2. Юқумли касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) бўлган ўқувчиларни / мактаб ходимларини, ушбу белгилар аниқланган пайтдан бошлаб, “103” хизмати ёки ота-оналар (қонуний вакиллари) келгунига қадар дарҳол изоляция қилишни ташкиллаштириш.

3. Ўқувчиларнинг дарсга қатнашмаётганликларини ва ходимларнинг ишга келишини назоратга олиш.

4. Ичимлик суви, совун, алкоголли / антисептик моддалар, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишини назорат қилиш.

5. Синф хоналарини, сув таъминоти ва санитария иншоотларини нам тозалаш ва дезинфекция қилиш жадвалини ишлаб чиқиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш.

6. Шахсий ҳимоя воситаларининг ходимлар томонидан қатъий қўлланилиши ва уларни тегишли равишда утилизация қилиниши устидан назоратни амалга ошириш.

7. Ижтимоий масофани сақлаш амалиёти жорий қилинишини назорат қилиш.

8. Дезинфекциялаш воситаларини тўғри тайёрлаш ва улардан фойдаланиш бўйича мактаб техник ходимларига кўрсатмалар бериш ва ижросини назорат қилиш.

9. Ўткир респиратор вирусли инфекциянинг индивидуал белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) мавжуд бўлган бемор аниқланса:

- изоляция хонасига жойлаштириш (алоҳидалаш);

- ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасасига, СЭОЖСХ ва ўқувчининг / ходимнинг қариндошларига дарҳол хабар бериш;

- агар беморнинг ҳолати ёмонлашганса, "103" рақамига қўнғироқ қилиш ва касалхонага ётқизиш;

- бемор ходимни ишдан четлатиш.

10. Ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оила фарзандларига, махсус эҳтиёжли болалар, ногиронлиги мавжуд болаларга алоҳида эътибор бериш.

11. Маъмурият кўмаги билан ўқувчилар/мактаб ходимларининг тиббий билим ва маданиятини оширишда иштирок этиш.

Бунда:

- болалар ва уларнинг ота-оналари учун COVID-19 профилактикаси бўйича саволлар ва жавоблар рўйхатини тузади;

- ўқувчилар / ходимлар учун жисмоний масофани сақлаш қоидалари, қўлларни ювиш, нафас олиш қоидалари ва ҳоказолар бўйича тарқатма материалларини ишлаб чиқади ва нашр этади.

VI. Ота-оналар учун эслатма.

Ота-оналар билан доимий мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳар қандай стресс, хавотирни камайтиришга ёрдам беради ва болаларнинг билим олиши жараёнида уй ва мактаб ўртасидаги узлуксизликни таъминлайди.

1. Фарзандингизнинг соғлиғини кузатиб боринг ва агар унда касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) пайдо бўлса, уни таълим муассасасига юборманг.

2. Фарзандларингизга гигиена қоидаларини ўргатинг:

- қўлларини совун ва тоза сув билан тез-тез ювиб туришни;

- совун ва сув бўлмаса, қўллар учун спирт асосидаги дезинфекция воситасидан фойдаланишни (спирт миқдори камида 60% бўлиши керак);

- фақат тоза ичимлик сувидан фойдаланишни;

- жамоат ҳожатхоналари ҳамда уй ҳожатхоналарини тоза бўлишига эътибор бериш ва ҳожатхоналардан фойдаланиш тартибига риоя қилишни;

- чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тўғри йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш кўникмаларини;

- нафас олиш гигиенасига риоя қилиш: йўтал ва аксиришни оғиз-буринни мато ёки тирсак ёрдамида тўсган ҳолда амалга оширишни, кафт билан юзга, кўзларга, оғиз ва бурунга тегмасликни.

3. Фарзандларингизга савол беришни ҳамда сизга ва ўқитувчиларига ўз ҳис-туйғуларини айтишни ўргатинг. Эсингизда бўлсин, болангизда стрессга нисбатан турли хил муносабат бўлиши мумкин. Сабрли ва тушунувчан бўлинг.

4. Фарзандларингизни бир-бирига эътиборли бўлишга ўргатинг, улар ўртасидаги ўзаро низонинг олдини олиш чораларини кўринг.

5. Таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиниш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни (ота-оналар қўмиталари, ўқитувчилар ва ҳоказолар орқали) қандай қўллаб-қувватлашингиз мумкинлигини сўранг.


Кўчириб олиш pdf |