Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳисоби ва динамик кузатув тартиби тўғрисидаги йуриқномани тасдиқлаш ҳақида Бош сахифа

26 июля 2018

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳисоби ва динамик кузатув тартиби тўғрисидаги йуриқномани тасдиқлаш ҳақида

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

БЎЙРУҒИ

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳисоби ва динамик кузатув тартиби тўғрисидаги йуриқнома ни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3606-сон “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳисоби ва динамик кузатув тартиби тўғрисидаги йуриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир А. Шадманов

Тошкент ш.,

2018 йил “___”_________

_____-сон

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2018 йил “ ”__________ даги

____-сон буйруғига илова

РУҲИЙ ҲОЛАТИ БУЗИЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲИСОБИ ВА ДИНАМИК КУЗАТУВ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

ЙУРИҚНОМА

Ушбу Йуриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги
ПҚ-3606-сон “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, руҳий ҳолати бузилган шахслар диспансер кузатувини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу йуриқномада қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

Диспансер кузатув – беморлар руҳий ҳолатини динамик кузатуви, шу жумладан беморлар руҳий ҳолати ёмонлашуви, касаллик асоратларини ва бошқа патологик ҳолатларни олдини олиш мақсадида актив равишда текширувдан ўтказиш, даволаш
ва профилактика чораларини барвақт қўллаш, шунингдек тиббий реабилитация чораларини қўллашни ўз ичига олувчи комплекс чора тадбирлар мажмуаси бўлиб ихтиёрий равишда амалга оширилади;

маслаҳат бериш-даволаш муолажаси – шифокор томонидан беморга кўрсатиладиган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ҳисобланади ва беморларнинг мурожаати асосида шифокор психиатр томонидан руҳий ҳолати бузилган шахснинг илтимосига кўра ёки унинг розилиги асосида, ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсга эса — ота-онасининг ёхуд бошқа қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан кўрсатилади.

2. Мазкур йуриқнома амбулатор психиатрия хизматини кўрсатувчи
даволаш-профилактика муассасалари, диспансерлар ва кабинетларнинг беморларни динамик кузатув фаолиятига нисбатан қўлланилади.

3. Мазкур йуриқнома билан тартибга солинмаган муносабатлар амалдаги қонунчилик меъёрлари билан тартибга солинади.

2-боб. Беморларни динамик диспансер кузатуви

4. Диспансер кузатуви мазкур йуриқноманинг 2-бандида кўрсатилган
даволаш-профилактика муассасаларининг участка шифокор психиатрлари томонидан олиб борилади.

5. Диспансер кузатуви оғир барқарор ёки тез-тез зўрайиб турувчи дардчиллик кўринишлари бўлган сурункали ва узоқ чўзиладиган руҳий ҳолатнинг бузилишига чалинган шахснинг, шунингдек унинг қонуний вакилининг розилигидан қатъи назар ўрнатилиши мумкин.

6.Диспансер кузатуви руҳий бузилишнинг умумлашган қуйидаги белгиларга мос келувчи шахсларга нисбатан белгиланади:

руҳий бузилиш сурункали ёки давомий бўлиши зарур;

касалликнинг аломатлари оғир бўлиши зарур;

касалликнинг оғир аломатлари турғун ёки тез-тез қайталанадиган бўлиши зарур.

Бемор назоратини белгилаш учун юқорида кўрсатилган барча белгиларнинг мавжудлиги асос бўлади. Бирор бир белгининг мавжуд эмаслиги ёки унинг борига шубҳа туғилган пайтда диспансер назоратини белгилаш масаласини қолдириш лозим, ушбу белгилар улардан бири, ёки бир нечтаси бўлмаган тақдирда психиатр ёрдами маслаҳат бериш-даволаш муолажаси кўринишида амалга оширилади.

3-боб. Диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ҳамда уни тўхтатиш

7. Диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ҳамда уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор, амбулатория психиатрия ёрдамини кўрсатаётган психиатрия муассасасининг маъмурияти тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси ёки соғлиқни сақлаш органи тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси томонидан қабул қилинади.

Агар даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатадиган ҳудудда психиатрия ёрдами битта шифокор психиатр томонидан кўрсатилса, бундай қарорни у мустақил равишда уч ойдан ошмаган муддатга қабул қилади. Шу муддат ичида масала ихтисослаштирилган психиатрия муассасалари шифокор психиатрлар комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

8. Шифокор психиатрлар комиссиясига, диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ҳамда уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор қабул қилиш учун беморларни келишини таъминлаш ҳамда ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш ҳудудий участка шифокор психиатрлари томонидан таъминланади.

9. Диспансер назорати белгиланиши зарурлиги масаласи кўриладиган шахснинг текширувдан яққол бош тортадиган вазиятларда қарор, тиббий ҳужжатларга (бирламчи психиатрик текширув натижалари ҳақида ёзувлар, беморнинг тиббий амбулатор картаси, психиатрик стационарнинг касаллик тарихи варақасидан кўчирма) қараб сиртдан қабул қилиниши мумкин.

10. Мураккаб ва баҳсли ҳолатларда диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш зарурлиги ҳамда уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор юқори турувчи тиббиёт муассасаси қошидаги психиатрия бўйича даволаш-маслахат кенгаши ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги психиатрия бўйича даволаш-маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинади.

11. Шифокор психиатрлар комиссиясининг асослантирилган қарори тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

12. Динамик диспансер кузатуви тайинланган хар бир беморга ўрнатилган тартибда иловага мувофиқ 030-1-х/ш шаклдаги диспансер ҳисоби ва кузатув назорат картаси очилади ва юритилади.

13. Диспансер ҳисоби ва кузатуви қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

шахс соғайиб кетганда;

унинг руҳий ҳолати анча ва барқарор (3 йилдан кам бўлмаган муддатга) яхшиланганда;

бемор диспансер кузатувини олиб бораётган муассаса хизмат ҳудудидан ташқарига доимий яшаш учун кўчиб кетганда;

бир йилдан ортиқ муддатда бемор кузатувини давом эттиришни иложи бўлмаганда;

беморнинг ўлими қайд этилганда.

14. Диспансер ҳисоби ва кузатуви тўхтатилганидан кейин амбулатория психиатрия ёрдами шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан маслаҳат бериш-даволаш муолажаси тарзида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади.

5-боб. Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ҳуқуқлари

15. Руҳий ҳолати ўзгарган тақдирда, руҳий ҳолати бузилган шахс ўзининг ёки қонуний вакилининг розилигисиз, ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилиши мумкин. Диспансер кузатуви, бундай ҳолларда, шифокор психиатрлар комиссиясининг қарорига биноан тикланиши мумкин.

16. Диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ёки тўхтатиш тўғрисидаги қарор устидан ўрнатилган тартибда шикоят қилиш ва қайта кўриб чиқилиши мумкин.

17. Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун унинг илтимосига ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига биноан уларга мазкур шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисида ва унга кўрсатилган психиатрия ёрдами тўғрисида тушунарли шаклда ва беморнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда маълумотлар тақдим этилиши мумкин.

6-боб. Динамик диспансер кузатувидаги беморларни таснифлаш

18. Динамик диспансер кузатуви тайинланган беморларда касалликнинг клиник белгиларини аниқловчи, психопатологик симптомларнинг аниқ ва чуқурлиги, касалликнинг ижтимоий мослашув характерига қараб, қуйидаги гуруҳларига ажратилади:

Биринчи (I) гуруҳ – касаллик декомпенсация ҳолатидаги беморлар гурухи ҳисобланади. Касаллиги тез-тез қайталанадиган ва симптоматикасида яққол руҳий хуружли беморлар ва декомпенсация ҳолатидаги беморлар киради. Улар одатда стационар
ва амбулатор давога йўлланади. Бу гуруҳ учун мезонлардан: яққол кўринмаган рецидив
ва симптомлари кучайган, ҳамда ўзгарувчан ҳолатли беморларга оид бўлади. Бу гуруҳга амбулатор давони белгилаш ёки ўзгартириш, кучайтириш ҳамда кузатувни кетма-кет такрорийлигига эхтиёжи бўлган беморлар киради. Ушбу гуруҳдаги беморлар психиатрия муассасаси участка шифокор психиатрлари томонидан хар чоракда камида бир марта кўрикдан ўтказилишлари лозим бўлади;

иккинчи (II) гуруҳ – касаллик компенсация ҳолатидаги беморлар гурухи ҳисобланади, яъни профилактик даволаш гуруҳи. Бу гуруҳда профилактик (қўллаб-қувватлаш, рецидивга қарши даво) давога беморлар асосан аҳволининг барқарорланиши шарти бўлган узоқ муддатли тўхтовсиз дори-дармонлар қабул қилинишига муҳтож беморлардир. Бундай вазиятларда участка психиатри олдида бир хил вазифа туради – терапия узлуксизлиги, дори-дармонларни қабул қилиниши, бемор кейинги инъекцияни олиш тадбирларини мунтазам, аммо ҳар хил оралиқда хар бир дорини таъсир этиш давомийлигини инобатга олган холда таъминлаш. Ушбу гуруҳдаги беморлар психиатрия муассасаси участка шифокор психиатрлари томонидан хар 6 ойда камида бир марта кўрикдан ўтказилишлари лозим бўлади;

учинчи (III) гуруҳ - ижтимоий-меҳнат реабилитациясига муҳтож бўлган
ва ижтимоий-меҳнат мослашуви, ремиссияси ёки руҳий ўзгариши намоён бўлмаган ҳолатидаги беморлар киритилади. Ушбу гурухга руҳий ҳолати бўйича тез-тез ва систематик шифокор ёрдамига муҳтож бўлмаган беморлар киради. Одатда улар эпизодик кўрсатма, шифокор маслаҳати ёки ижтимоий ёрдамга муҳтож бўладилар ва шу сабабли бу беморлар психиатрия муассасаси тиббий ходимлари томонидан хар 1 йилда камида бир марта кўрикдан ўтказилишлари лозим бўлади. Гуруҳдаги кўпчилик беморларнинг соғлиги тикланганлиги сабабли, диспансер кузатуви тўхтатилади.

Тўртинчи (IV) гуруҳ – ижтимоий хавфли беморлар гуруҳи. Ушбу гуруҳга қуйидаги холатлардан бири ёки бир нечтаси аниқланган беморлар киритилади:

Жиноий кодексда кўзда тутилган ўтмишда ижтимоий хавфли бўлган хатти-харакат амалга оширган ва шунга кўра ғайиршуур деб тан олинган ва унга нисбатан тиббий характердаги тадбирлар қўлланилган шахслар;

Уларда руҳий касалликнинг мавжудлиги аниқланишидан олдин жиноят содир қилганлар;

Руҳий касалликнинг тузилишидаги потенциал ижтимоий хавфни кўрсатадиган симптомлар (императив галлюцинация, алаҳлашнинг баъзи шакллари ва бошқалар).

Ушбу гуруҳдаги беморлар психиатрия муассасаси участка шифокор психиатрлари томонидан хар ойда камида бир марта кўрикдан ўтказилишлари лозим бўлади.

19. Динамик диспансер кузатув гуруҳи билан ишлаш:

Психиатрия муассасаси участка хамшираси шифокор-психиатр кўрсатмасига асосан
№ 030-1-х/ш шаклига куйидагича хар бир гуруҳга тааллуқли ранг билан белги қўяди:

I – гуруҳ – кўк

II – гуруҳ - сариқ

III – гуруҳ – яшил

IV – гуруҳ – қизил

I – гурух байроқчаси шаклнинг чап тарафида, II – гурух марказга яқин, III – гурух ўнг тарафида, IV – гуруҳ қизил байроқча билан белгиланади. Бундан ташқари ижтимоий хавфли беморларнинг барча тиббий ҳужжатларига (стационар беморнинг амбулатор ва стационар карталари, касаллик тарих варақасидан кўчирмалар, шифохонага ётқизиш йўлланмаси) байроқча билан белги қўйиш ёки махсус ҳисоб (МХ) индекси билан белгиланади, бу шакллар жойлашган картотекада бир гуруҳга тааллуқли белги байроқчалари кетма-кетликда туради.

Гуруҳларга ажратиш ҳисобни юритишни бекор қилмайди, балки ойлик тамойили бўйича картотекани қўллаш билан биргаликда олиб борилади.

Шифокор ва хамшира гурухлар орасида беморларнинг харакатланишини доимо кузатиб боришлари зарур.

20. Динамик диспансер кузатувдаги беморлар ҳақидаги ҳисоботлар участка шифокор психиатрлари ва муассасанинг тиббий статистики, ташкилий услубий бўлими томонидан олиб борилади.

7-боб. Якуний қоидалар

21. Ушбу йуриқнома бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


Тип документа:  Буйруқ
Кўчириб олиш pdf |