Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДА 5300 ДАН ЗИЁД ХУСУСИЙ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА Бош сахифа

07 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗДА 5300 ДАН ЗИЁД ХУСУСИЙ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари 50 тадан 126 тага кўпайди. Стоматология ва косметологиядан ташқари бошқа йўналишлардаги хусусий тиббиёт ташкилотлари 2022 йилнинг 1 январгача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Бу каби имкониятлар натижасида сўнгги икки йилда 1650 та янги хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қабул қилинган тегишли ҳуқуқий ҳужжатларига кўра, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янги ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилиши қишлоқ ва олис туманларда хусусий тиббиётни жадал ривожлантириш имконини бермоқда.

— Қолаверса, хусусий тиббиёт ташкилотларига имтиёзли кредитлар ажратиш йўли билан молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам амалга оширилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. – Бундан ташқари, лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди, лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди. Кўрилган чоралар туфайли 2018 йилда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 889 тага кўпайиб, 4670 тага, бугун кунга келиб эса бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 5300 дан ошди, стационар муассасалар сони 16% дан 18% кўтарилди.

Бугунги кунда хусусий тиббиёт ташкилотларида кардиохирургия, нейрохирургия, онкология, травматология, гинекология сингари йўналишларда энг мураккаб ҳисобланган жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Шу ўринда, юртимизда Ҳиндистон, Туркия, Россия, АҚШ, Германия ва бошқа тиббиёти ривожланган қатор хорижий давлатлар билан қўшма корхона шаклида, шунингдек ушбу давлатлар инвестицияси иштирокидаги 100 яқин замонавий хусусий тиббиёт ташкилотлари ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Олиб борилаётган самарали ислоҳотлар туфайли бундан буён ҳам хусусий тиббиёт муассасалари сафи кенгайишда давом этади. Шунга монанд аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ҳам такомиллашиб бораверади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.