Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ГЕПАТИТ А ВА БОШҚА ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАР БЎЙИЧА ЖОЙЛАРДАГИ ЭПИДЕМИОЛОГИК ВАЗИЯТ НАЗОРАТГА ОЛИНГАН Бош сахифа

06 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ГЕПАТИТ А ВА БОШҚА ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАР БЎЙИЧА ЖОЙЛАРДАГИ ЭПИДЕМИОЛОГИК ВАЗИЯТ НАЗОРАТГА ОЛИНГАН

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Лангар қишлоғи ҳудудидаги иккита мактабда ўндан ортиқ бола гепатит A касаллигига чалингани, бунга қишлоқ ҳудудларда мактаблар дезинфекция қилинмагани сабаб бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси ва санитария-эпидемиология соҳаси мутахассислари томонидан мазкур вазият чуқур ўрганиб, қуйидагилар маълум қилинади.

Ҳақиқатан ҳам яқинда Хатирчи туман юқумли касалликлар шифохонасига вирусли гепатит А бирламчи ташхиси билан 4 нафар ўқувчи келтирилган. Клиник-эпидимиологик ва специфик текшириш натижасида ўқувчиларнинг икки нафарида вирусли гепатит А ташхиси тасдиқланган. Қолган икки нафар ўқувчи соғлом бўлгани учун уйига рухсат берилган.

Шу билан бир қаторда, Лангар қўрғонида вирусли гепатит А касаллиги бўйича эпидимиологик вазият назоратга олинган. Беморлар ва улар билан мулоқотда бўлганлар тиббий кузатувга олиниб, аҳоли ва мактаб ўқувчилари ўртасида вирусли гепатит А касаллиги профилактикаси бўйича санитария ва тарғибот ишлари кучайтирилган. Шу билан бирга, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа тиббий-ижтимоий муассасаларда юқумли касалликларга қарши кураш бўйича эпидемиологик чора-тадбирларни узвий равишда ташкил этиш жараёни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан қатъий назоратга олинган.

Туманда вирусли гепатит А касаллигини тарқалишини олдини олиш мақсадида 2610 нафар 14 ёшгача бўлган болалар ихтиёрий равишда касалликга қарши эмланган.

Бошқа юқумли касалликлар каби гепатит А нинг олдини олишда ҳам энг муҳими, аввало, оилаларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, тозалик, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш, тўғри овқатланишдир. Шу билан бирга, болаларни эмлаш билан тўлиқ қамраб олишга жиддий эътибор қаратиш керак. Мамлакатимиздаги эмлаш пунктларида бундай вакциналар заҳираси етарли. Ота-оналар ўзларига яқин ҳудуддаги эмлаш пунктларига мурожаат қилиб, фарзандларини эмлатиш орқали уларни юқумли касалликлардан ҳимоялаш ва ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишига эришади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.