Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СУД ТЕЗ ЁРДАМ ҲАЙДОВЧИСИ ҚОНУНИЙ АСОСДА ИШДАН БЎШАТИЛГАНЛИГИНИ ТАСДИҚЛАДИ Бош сахифа

30 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СУД ТЕЗ ЁРДАМ ҲАЙДОВЧИСИ ҚОНУНИЙ АСОСДА ИШДАН БЎШАТИЛГАНЛИГИНИ ТАСДИҚЛАДИ

Ижтимоий тармоқларда “Мени ноҳақ ишдан бўшатишди”. Қашқадарёлик тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси раҳбариятини адолатсизликда айбламоқда” (2019 йил 11 сентябрь) ҳамда “Касаба уюшмаси қашқадарёлик тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси ишга тикланишини талаб қилмоқда” (2019 йил 17 сентябрь) номли мақолалар эълон қилинган эди. Уларда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалигининг ҳайдовчиси Илҳом Усмоновнинг асоссиз равишда ишдан бўшатилганлиги ва мазкур масала судда кўриб чиқилаётганлиги хусусида маълум қилинган.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 2019 йил 4 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида мазкур масала тафсилотларига ойдинлик киритилди.

Унда даъвогар Илҳом Усмонов иш берувчининг 2019 йил 29 июлдаги буйруғи билан 2019 йил 29 июлда чақирувга вақтида бормаганлигини асос қилиб у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини, бироқ иш берувчи бу борада меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилмаганлигини маълум қилган.

Бироқ суд мажлисида унинг даъволари ўз исботини топмади. Жавобгар сифатида сўралганларнинг тушунтиришлари ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувларидан маълум бўлишича, Илҳом Усмонов меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келган. Шу сабабли автохўжалик комиссия аъзоларининг 2019 йил 19 июлдаги мажлиси баёни, Қарши шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими колонна бошлиғининг билдириш хати ҳамда касаба уюшма қўмитасининг розилик хати олинган ҳолда ишдан бўшатилган. Бу борада меҳнат қонунчилигига тўлиқ риоя қилинган. Касаба уюшма қўмитаси йиғилишига Илҳом Усмонов ҳам чақирилган. Бироқ у тушунтириш хати ёзишдан, йиғилишда қатнашишдан бош тортган. Бу борада тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Суд қарорида қайд этилишича, иш берувчи даъвогар Илҳом Усмонов билан тузилган меҳнат шартномасини амалдаги Меҳнат кодекси талабларига риоя қилган ҳолда бекор қилганлиги иш ҳужжатлари, тарафлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз тасдиғини топди.

Шу сабабли суд Илҳом Усмонов томонидан судга автохўжаликнинг уни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғининг ғайриқонуний эканлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаганлиги, буйруқ қонуний асосларга кўра, иш берувчи томонидан даъвогарнинг меҳнат ҳуқуқлари камситилмасдан чиқарилганлигини инобатга олиб, мазкур даъво талабларини рад этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.