Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ШИФОКОРЛАРИ ЯНА ТАЖОВУЗГА УЧРАШДИ. БУНДАЙ НОХУШ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОХИРИ БОРМИ? Бош сахифа

03 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ШИФОКОРЛАРИ ЯНА ТАЖОВУЗГА УЧРАШДИ. БУНДАЙ НОХУШ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОХИРИ БОРМИ?

29 сентябрь куни эрталаб соат 06:40 атрофида Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими ходими, 53 ёшли Нариман Мамутов чақириқ вақтида маст ҳолатда бўлган бемор томонидан калтакланди.

— Тонгга қадар ўн бешга яқин чақириққа чиқдим. Эрталаб, навбатчилигим тугашига ярим соат қолганида сўнгги чақириққа юборишди. Манзилга етиб бориб беморга ёрдам кўрсатдик. Тез тиббий ёрдам машинасида катта йўлдан кетаётганимизда бемор ўзидан ўзи менга ташланиб икки-уч маротаба бошимга урди, қўлимни тишлаб олди, – дейди, шифокор Нариман Мамутов.

Тез ёрдам машинасида бемор томонидан содир этилган ушбу зўравонликдан ҳайдовчи ва ҳамшира ҳам қўрқиб қолган. Муштумзўр бемор томонидан ушбу ҳолат икки марта такрорланган. Иккинчи бор шифокорга ташланиши чоғида у билан бирга шифохонага кетаётган шериги уни ушлаб қолган.

— Сўнгги пайтларда тез ёрдамга чақирилган беморларнинг ҳеч қандай сабабсиз калтакланиб, турли тазйиқларга учраш ҳолатлари тез-тез содир бўлмоқда. Шифокорларни ноҳақ ҳақоратлаб, уларга қўл кўтараётган одамларга жиддий чора кўрилмаётганлиги учун ҳам бундай ҳолатлар содир бўлаяпти. Ахир биз умримизнинг охиригача инсонларнинг саломатлиги учун хизмат қиламиз-ку? Шифокорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонун жорий этилиши лозим, – дейди Нариман Мамутов.

Маълумотларга кўра, биргина Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида шифокорларга тажовуз қилиш билан боғлиқ қирққа яқин шундай ҳолат қайд этилган.

***

Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, Тошкент шаҳридаги 6-подстанциянинг тез тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Хўжаевнинг ўзига нисбатан бемор яқинлари томонидан тажовуз қилингани ҳақидаги мурожаати эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, 29 сентябр куни соат 22:51да бўлган мурожаатга кўра, тез ёрдам 12 дақиқада кўрсатилган манзилга етиб боришади. Уларни бир гуруҳ маст эркаклар қарши олишди ва стулларда ётган 28 ёшли қиз ёнига олиб боришди. Унинг атрофида тўпланиб олган бир гуруҳ одамлар тинимсиз бақирар, шифокорларни ҳақорат қилишарди. Қизда психомотор қўзғалиш кузатилаётганди. Шифокор Ж.Хўжаев 28 ёшли бемор қизнинг барча ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканлигини тушунтиради. У ердагилар эса шифокор ва фельдшерни ҳақоратлашда давом эттиришди. Шунга қарамай Ж.Хўжаев тиббий ёрдам кўрсатган бемор қиз ухлаб қолди. Маълум вақт ўтиб яна уйғонди ва яна қичқиришни бошлайди.

Сўнгра беморни 7-шаҳар клиник касалхонаси қабулхонасига олиб келади. Қизнинг қариндошлари у ердаги ёрдамга келган невропатологни ҳам ҳақорат қилишади. Шундан сўнг бемор реанимация бўлимига олиб борилади. Реанимация бўлимидаги шифокор ва ҳамшираларнинг тинчлантиришига қарамай, қизнинг қариндошлари бўлимга кириб шифокорларни ҳақоратлаб, уришда давом этишади. Шунда шифокор Ж.Хўжаев коридорга чиққанида, беморнинг акаси тўсатдан боши билан юзига зарба берди ва бурнини синдирди. Кучли қон кета бошлади. Ушбу ҳолат юзасидан милицияга хабар берилди. Улар беморнинг қариндошларини зўрға тинчлантиришади.

Эртаси куни бемор қизга уйига жавоб беришди, чунки у бутунлай соғлом эди.

Жабрланган шифокор эса 7-клиник шифохонада “Бурун суякларининг ёпиқ синиб силжиши, мия чайқалиши ва бош мия суягининг аралаш ёпиқ синиб жароҳатланиши, бош мия чайқалиши” ташхиси билан даволанмоқда.

“2,5 йилдан буён тез тиббий ёрдамда ишлайман. Одамлар шифокорларга йилдан-йилга ёмонроқ муносабатда бўлаётганини кўриб турибман. Айниқса тез тиббий ёрдам шифокорлари қийин аҳволда. Ҳар куни шифокорлар дўппосланади, зўравонлар эса жазосиз қолаверади.

Менга жуда алам қилади. 10 йил давомида контракт асосида жуда катта маблағ тўлаб ўқидим. Арзимас маош эвазига эрталабдан кечгача, чақириқдан-чақириққача ишлайман. Ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ўз устимда ишлайман. Бунинг ҳаммаси учун “миннатдорчилик” сифатида мана шу жароҳатларни олдим. Ишлаш ҳаётимиз ва соғлиғимиз учун хавфли бўлиб қолди”, – дейди шифокор Ж. Хўжаев.

***

Дарҳақиқат, юқоридаги каби ҳолатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланди. Афсуски, вазирлигимиз жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш, аниқлаш ва жазолаш ваколатига эга эмас. Фактларга эътибор беринг: сўнгги 1 йил-у 9 ой ичида мамлакатимизда биргина шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими ходимларига нисбатан 100 дан ортиқ ҳолатда тажовузлар қайд этилган. Уларнинг кўпида томонлар кечирим сўраш билан келиштирилган. Лекин баъзи ҳолатларда умуман ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмаган. Кўпинча шифокорларга бўлаётган тажовуз, суиқасд ҳолатларига бевосита вазирликнинг мурожаати билан, шундан сўнггина ҳуқуқий чора кўрилаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Нима учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ички ишлар, МИБ каби тизимлар ходимларига қилинган ҳар қандай тажовузга дарҳол ҳуқуқий баҳо берилади, айбдор аниқланади ва ҳатто озодликдан маҳрум бўлишгача бўлган жиддий жазолар қўлланади-ю, бундай тезкорлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига келганда унутилади? Нега яққол кўриниб турган ишлар бўйича ҳам жазо муқаррарлиги пайсалга солинади? Қонунчиликка аниқ ўзгартиришлар киритиш пайти келганини бир неча марта таъкидладик, ўз таклифларимизни берганмиз. Бугун бу масала ҳар қачонгидан ҳам долзарб.

Нима бўлганда ҳам, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, ўзгаларга шифо бахш этаётган, инсонлар дардига дармон бўлаётган шифокорларнинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш вақти аллақачон келган. Елкасига улкан масъулиятни олиб, инсон саломатлиги йўлида туну-кун хизмат қилаётган касб эгаларига нисбатан бўлаётган салбий муносабатларни ўзгартиришимиз зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.