Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДАГИ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ЯНГИ ОНЛАЙН ҲИСОБОТ ТИЗИМИ ИШГА ТУШИРИЛДИ Бош сахифа

03 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДАГИ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ЯНГИ ОНЛАЙН ҲИСОБОТ ТИЗИМИ ИШГА ТУШИРИЛДИ

Жорий йилнинг июн ойида Фарғона шаҳри ва Бешариқ тумани соғлиқни сақлаш тизимини намунали ҳудудга айлантириш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, айни кунда мазкур ҳудудларда кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг Қиргули филиали қайта таъмирланиб, ўрнида замонавий физиотерапия бўлими ташкил этилди. Япониянинг кичик хажмдаги ижтимоий беғараз грант маблағлари ютиб олиниб, Германияда ишлаб чиқарилган 8 турдаги физиотерапия жиҳозлари олиб келиб, ўрнатилди. Натижада 20 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Фарғона шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада кундузги шифохона ташкилланиб, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди. 5-сонли оилавий поликлиникага эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, рақамли ренген, УТТ, офтальмологик аппаратлар, жарроҳлик тўпламлари олиб келинди.

Шаҳардаги барча тиббиёт муассасалари биноларининг ҳолати хатловдан ўтказилиб, таъмирталаб тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Фарғона шаҳридаги туғруқ бўлими ҳамда 3-сонли оилавий поликлиникада айни пайтда таъмирлаш жараёни давом этмоқда.

Бундай ижобий ишларни Бешариқ тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида жорий таъмирланиб, яқинда фойдаланишга топширилди. Марказий шифохонанинг реанимация ва туғруқхона бўлимлари олд қисмида беморларнинг яқинлари ва қариндошлари учун махсус айвонли кутиш жойлари қурилди.

Марказий шифохона жарроҳлик бўлими учун дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан ўтган, жарроҳлик амалиётларини чоксиз, кичик тирқишдан, ўта аниқликда ва сифатли бажариш имконини берувчи замонавий лапароскоп жамланмаси олиб келинди.

Кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ички ва ташқи фасад қисми тўлиқ жорий таъмирланмоқда. Шундай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари 14-сонли оилавий поликлиникада ҳам амалга оширилиб, муассаса қиёфаси тубдан ўзгартирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасалари моддий техник баъзасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, республикада биринчилардан бўлиб Фарғона вилоятидаги барча шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари ва вилоят марказида жойлашган йирик даволаш-профилактика муассалалари учун янги онлайн ҳисобот тизими ишга туширилди.

Бу онлайн тизимга маълумотлар бир кунда икки маротаба киритилиб, янгилаб борилади. Натижада вилоят тиббиёт муассасаларидаги ҳолатни ягона ойнада кўриш, таҳлил қилиш, муаммо юзага келганда тезкор бартараф этиш имконияти пайдо бўлди.

Бундан ташқари, Фарғона шаҳрида мавжуд поликлиникаларда электрон рўйхатга олиш тизими жорий этилди ва тиббий хизматдан фойдаланиш учун бириктирилган аҳолининг тиббий-амбулатор карталари электрон шаклга ўтказилди. Бу эса фуқароларнинг поликлиникада навбат кутиб туриши, ортиқча вақт сарфлашларининг олдини олмоқда.

Бешариқ туманида ҳам электрон поликлиника тизимини ташкил килиш мақсадида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига 30 дона замонавий компьютер жамланмаси ўрнатилиб, локал сетга уланди. Марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника ва 14-сонли оилавий поликлиникага оптик толали алоқа тизимини тортиш ишлари якунланди. Бу эса тиббиёт муассасалари ўртасида ахборот ва маълумотларни тезкор алмашиш имкониятини беради.

Фарғона вилояти соғлиқни

сақлаш бошқармаси.