Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ВА ШАХСИЙ ГИГИЕНАГА ҚАТЪИЙ АМАЛ ҚИЛИШ ГЕПАТИТ ХАСТАЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ Бош сахифа

30 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭМЛАШ ВА ШАХСИЙ ГИГИЕНАГА ҚАТЪИЙ АМАЛ ҚИЛИШ ГЕПАТИТ ХАСТАЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Юқумли касалликлар ҳақида гап кетганда гепатит атамаси тез-тез тилга олинади. Бу бежиз эмас. Чунки, ушбу касаллик бутун дунёда кенг тарқалган бўлиб, у юртимизда ҳам учраб туради.

Маълумки, жигар тўқималарининг яллиғланиши тиббиётда гепатит дейилади. Унинг А,В, С, Д, Е ва бошқа турлари фанга маълум. Гепатитнинг В ёки С турида касалликнинг сурункали ҳолатга ўтиши эҳтимоли кучлидир. Шу боис, мамлакатимиз миллий эмлаш тақвимида В гепатитга қарши вакцина жорий қилинган. Муҳими, вакцинация туфайли болалар организми 95-98 фоиз ҳолатда иммунитет ҳосил қилади.

— Болаларда гепатитнинг, асосан А тури кўп учрайди. Шифокорлар “А” гепатитни “кир қўллар касаллиги” деб ҳам номлашади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти, Вирусология илмий-текшириш институти директори тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин МУСАБОЕВ. — Негаки, ушбу касаллик умумий фойдаланилган идиш-товоқлар ва ўйинчоқлар орқали юқади. Аммо, вирус ҳаво орқали юқмайди. Мазкур турдаги гепатит куз-қиш мавсумида кўпроқ учраб, асосан, боғча ва мактаб ёшидаги болалар орасида тарқалади.

Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, болаларни шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга одатлантириш даркор. Яъни, қўлни тез-тез ювиб туриш, алоҳида идишда овқатлантириш, ўзгаларнинг тиш тозалагичидан фойдаланмаслик керак.

Кўнгил айниш, томоқ оғриғи, тана ҳарорати кўтарилиши гепатит А аломатидир. Бу касалликка чалинган болаларда баъзида сийдик ва нажас ранги ўзгаради, баъзида ўзгаришсиз ҳам кечиши мумкин. Шу боис, ота-оналар бундай ҳолатда боласини шамоллаб қолди, деб ўз билганича даво қилади. Бу оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли куз-қиш мавсумида шамоллаш белгилари уч кундан ортиқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиб, гепатитни аниқловчи тиббий таҳлиллардан ўтиш керак.

Бемор, албатта, шифокор назорати остида даволанади. Хасталикни батамом даволаш учун тўғри муолажалар танланиши ва парҳез тутиш керак. Жигар фаолиятини тиклаб олиш учун олти ой мобайнида парҳез қилинади. Гепатитнинг А тури даволангач, кишида бу вирусга нисбатан 20 йилга қадар турғун имммунитет ҳосил бўлади. Шу боис, бу касалликка чалиниб даволанган болаларни эмлатиш тавсия этилмайди.

Авваллари А гепатити нисбатан асоратсиз тузаладиган касаллик ҳисобланган бўлса-да, ҳозирда унинг клиник белгилари ўзгариб оғир турлари кўп учрамоқда. Айниқса, иммунитети паст болаларда касаллик ўткир кечмоқда, тузалиш муддати чўзилиб кетаяпти. Бундай муаммонинг олдини олиш учун болани касалликка қарши эмлатиш керак. Мамлакатимиздаги барча эмлаш марказларида бундай вакциналар мавжуд.

Ҳар қандай хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқул. Аввало, оилаларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, тозалик, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш, тўғри овқатланиш муҳимдир. Шу билан бирга, болаларни эмлаш тадбирларига тўлиқ қамраб олишга жиддий эътибор қаратиш керак.

Унутманг, болаларни гепатит А га қарши эмлатиш эртамиз эгаларининг соғлом ва фаровон келажаги учун муҳимдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.