X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖОРИЙ ЙИЛ ДАВОМИДА ОФТАЛЬМОЛОГИЯ СОҲАСИДА 10 ГА ЯҚИН ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛГАН

Бош сахифа

27 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖОРИЙ ЙИЛ ДАВОМИДА ОФТАЛЬМОЛОГИЯ СОҲАСИДА 10 ГА ЯҚИН ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛГАН

Кўз инсон учун энг муҳим сезги аъзоларидан бири. Олам гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, энг муҳими кўриш имконини берувчи кўзларни асраб-авайлаш, турли касалликлардан асраш дунё тиббиётидаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу маънода соҳага татбиқ этилаётган турли замонавий тиббий технологиялар тобора такомиллашмоқда, даволаш ва диагностика ишлари янги босқичга кўтарилмоқда.

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ташаббуси билан офтальмолог соҳасига бағишланган навбатдаги илмий-амалий конференцияда шу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 – 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида офтальмологлар олдига янги, замонавий диагностика ва даволаш усулларини, телетиббиёт ва мобил клиника тизимини кенг тадбиқ қилиш, кадрлар муаммосини ҳал этиш, хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш сингари вазифалар қўйилган.

Жумладан, юртимизнинг барча шаҳар, туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари офтальмолог хоналари, “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий диагностика ускуналари билан таъминланди. Ҳудудлардаги барча офтальмология шифохоналари ҳам юқори технологияли диагностика ва даволаш ускуналари билан таъминланмоқда.

Инновацион лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши, шубҳасиз, самарадорликни оширади. Шу нуқтаи назардан офтальмологияда телетиббиёт тадбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар офтальмология шифохоналарида 14 та телетиббиёт хоналари ташкил этилиб, интернет тармоғи орқали ҳар куни белгиланган вақтда, жадвал асосида вилоят мутахассислари билан оғир беморлар бўйича телемаслаҳат ўтказилмоқда. “Isuzu” автобус негизида 13 та мобил полилиника ташкил этилди ва шаҳар-туманларга жадвал асосида даврий чиқиш бошланди. Аҳолига яратилган ушбу қулайлик ҳам ижобий натижа бермоқда.

— Ҳозирда офтальмология жуда тез ривожланаяпти, — дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Азамат Юсупов. — Юртимизда соҳада янги технологиялар қўлланилмоқда. Бугунги конференцияда ҳам соҳага кириб келаётган янги технологияларни ўрганиш учун ёш мутахассисларни тайёрлашга катта ёрдам беради. Шу мақсадда мутахассисларимиз Белорусь, Қозоғистон, Корея Республикасида малака ошириб келишди. Бундан ташқари, марказимизда янги бино ҳам фойдаланишга топширилиш арафасида. Уни 38 хил асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Натижада беморларнинг даволаниш учун хорижга боришига ҳожат қолмайди.

Конференцияда ёшларда ҳам, қарияларда ҳам энг кўп учрайдиган катаракта касаллигини даволаш усулларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, лазер технологиялари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2019 йил давомида мамлакатимиз офтальмолог мутахассислари иштирокида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро вилоятларида 10 га яқин илмий-амалий конференция ўтказилди. Уларга Россия, Исроил, Хитой давлатларининг нуфузли клиникалари етакчи олимлари таклиф этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.