Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗ ШИФОКОРЛАРИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТНИНГ МАХСУС ГРАНТИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ Бош сахифа

09 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЮРТИМИЗ ШИФОКОРЛАРИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТНИНГ МАХСУС ГРАНТИНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ер юзи аҳолисининг бир фоизи витилигодан азият чекмоқда. Терида учрайдиган шу ва бошқа касаллик ҳамда нуқсонларнинг олдини олиш, барвақт ташхис қўйиш ва самарали даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоси ҳисобланади.

Пойтахтимиздаги “International hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуманда иштирокчилар жаҳон тиббиётининг ана шундай долзарб муаммоларига ечим топиш мақсадида жамландилар. Тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари билан бир қаторда, АҚШ, Франция, Россия, Буюк Британия, Италия, Польша, Руминия, Туркия, Ҳиндистон, Украина, Белорусь, Грузия, Қозоғистондан келган етакчи олимлар ва мутахассислар иштирок этди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда тиббиётнинг турли йўналишлари каби аҳолига дерматовенерология соҳасида ҳам малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратилган. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари жаҳон тиббиётининг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий, инновацион лойиҳалар асосида илмий изланишлар ҳам олиб бормоқда. Натижада тиббиёт амалиётига диагностика ва даволашнинг бир қатор янги услублари жорий этилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда марказ олимлари соҳадаги турли касалликлар билан бир қаторда витилигони даволаш бўйича жаҳон тиббиётининг ноёб технологияси – меланоцитар трансплантациядан тиббиётимизда самарали фойдаланилаяпти. Эндиликда теридаги турли касаллик ва нуқсонларни даволаш учун хорижга чиқишга ҳожат қолмади.

Мазкур халқаро анжуман тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Тадбирнинг очилиш маросимида дерматовенерология соҳасида фаолият юритаётгани бир гуруҳ хорижлик таниқли олимлар Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциациясига аъзо бўлди. Энди улар мамлакатимиз олимлари билан биргаликда ҳудудлардаги шифохоналарда жаҳон тиббиётининг илғор усуллари бўйича ташкил этиладиган маҳорат дарслари ва семинарларда иштирок этадилар.

Яна бир янгилик – Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази жамоаси Халкаро дерматологлар жамиятининг махсус грантини ютиб олганидир. Ушбу грант доирасида шифокорлар ва ёш тадқиқотчиларимиз хорижда малака оширадилар, дерматовенерология соҳасида дунёнинг тараққий этган тиббий-илмий марказлари билан ўзаро ҳамкорлик кенгаяди.

Қисқа қилиб айтганда, икки кунлик илмий-амалий анжуманда дерматовенерологиянинг турли йўналишларида яратилаётган янгича услублар, соҳадаги долзарб муаммоларга оид илмий изланишлар кенг муҳокама этилди. Косметология соҳасидаги янгиликлар намойиш этилди. Шу билан бирга, дерматовенерология ва косметология бўйича маҳорат дарслари ва кўргазмали семинарлар бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.