Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ОФТАЛЬМОЛОГИЯНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЮТУҚЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА Бош сахифа

09 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ОФТАЛЬМОЛОГИЯНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЮТУҚЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Кўз олмаси ва тўр пардада рўй берадиган касалликларни ўз вақтида аниқлаб самарали даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб муаммосидир. Кейинги йилларда илм-фан ва инновацияларнинг жадал ривожланиши бу йўналишда янги истиқболларни очмоқда. Хусусан, соҳага лазер жарроҳлик технологиялари татбиқ этилгани ва соҳа узлуксиз такомиллашаётгани офтальмология йўналишида диагностика ва даволаш ишларини янги босқичга кўтармоқда.

Куни кеча ушбу йўналишда яна бир янгилик тиббиётимиз амалиётига жорий этилди. Яъни, Республика кўз касалликлари клиник шифохонасига Франциянинг нуфузли QUANTEL MEDICAL компаниясининг VITRA PDT русумидаги лазер жарроҳлик ускунаси олиб келинди.

Кўз инсон сезги аъзолари ичида энг муҳим аъзолардан бири, ҳаёт гўзалликларидан баҳраманд бўлишда энг бебаҳо воситадир, Шу боис бутун дунёда кўз касалликлари билан боғлиқ хасталиклар тиббиётнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тиббиётнинг турли йўналишлари каби офтальмология соҳасида ҳам халқаро алоқаларга кенг йўл очилгани, жаҳон тиббиётининг бу борадаги ютуқларини чуқур ўзлаштириш ва тиббиётимиз амалиётига татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси жамоаси бу йўналишда дунёнинг қатор тиббий-илмий марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Россия Федерациясининг “Кўз микрохирургияси” миллий тиббиёт тадқиқот маркази Санкт-Петербург филиали билан офтальмологияда лазер жарроҳлигининг замонавий ютуқларини жорий этиш юзасидан илмий-амалий алоқалар йўлга қўйилди. Ҳамкорлик лойиҳаси доирасида россиялик бир гуруҳ малакали шифокорлар юртимизга ташриф буюриб, офтальмологияда янги лазер технологиялари воситасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича кўргазмали операциялар ва маҳорат дарслари ташкил этди.

— Айтиш керакки, офтальмологияда лазер технологияларини қўллаш бир қатор кўз касалликларини даволашда катта ютуқларга замин яратмоқда. — дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. — Жумладан, мутахассисларнинг таҳлилига кўра, илм-фаннинг бундай ютуқлари туфайли кўз тўр пардаси дистрофиясини йигирма мартагача камайтиришга эришилмоқда. Жаҳон тиббиётининг бундай янгиликлари юртимиз тиббиётига татбиқ этилиши аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини янада кенгайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида ҳам Республика кўз касалликлари клиник шифохонасига офтальмологияда қўлланиладиган яна бир янги аппарат келтирилган эди. Ушбу замонавий технология воситасида хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда диабет касаллигининг кўз билан боғлиқ асоратлари, жумладан, диабетик ретинопатия ва тўр парда касалликлари билан касалланган беморлар учун имтиёзли нархларда жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

жамоатчилик билан алоқалар бўлими.