Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЯНА ШИФОКОРГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИНДИ. БУ ГАЛ АСАКАЛИК 55 ЁШЛИ ФЕЛЬДШЕР НОҲАҚ КАЛТАКЛАНДИ Бош сахифа

09 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЯНА ШИФОКОРГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИНДИ. БУ ГАЛ АСАКАЛИК 55 ЁШЛИ ФЕЛЬДШЕР НОҲАҚ КАЛТАКЛАНДИ

Жорий йил 6 сентябрь куни кечки пайт соат 20.00 атрофида Андижон вилояти Асака туман тиббиёт бирлашмасининг Тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Шарқ ҳақиқати” шохобчасига оғир жароҳат олган беморни олиб келишади.

Дастлабки маълумотларга қараганда, шифокорлар беморга зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатади. Тиббий кўрик пайтида беморга ўзгалар томонидан тан жароҳати етказилганига ишонч ҳосил қилган тиббиёт ходимлари хизмат вазифасидан келиб чиққан ҳолда, туман ички ишлар бўлимига хабар бермоқчи бўлишганида беморни олиб келган фуқаро С.Н. тез тиббий ёрдам фельдшери Б.Гадоевнинг бурнига боши билан зарба берган ва калтаклай бошлаган. Бундан ташқари, фуқаро С.Н. шифокорни калтаклаш билан қаноатланмай ҳовлида турган тез тиббий ёрдам автомашинасига ҳам зиён етказган.

Сўнгра, ушбу ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилади. Шундан сўнг, маълум вақт ўтиб ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келади.

Жароҳат олган фельдшер эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бўлимда унга “Бурун суяги ёпиқ синиши. Чап тирсак, тизза бўғимининг юмшшоқ тўқималари лат ейиши. Пастки жағ чап соҳасининг йиртилиши ва юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги вақтда Б. Гадоев Асака туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқда.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Умид қиламизки, хизмат вазифасини ўтаётган тиббиёт ҳодимига қилинган тажовуз жазосиз қолмайди.

Шу ўринда айтиш жоизки, охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлиғига оғир зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари тез-тез учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда. Шифокор ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, ҳузурига шифо истаб келган ҳар бир беморга бор куч-салоҳияти, билимини ишга солиб беғараз кўмак беради. Тиббиёт ходимларининг ширин сўзи, дори-дармони ва меҳрли қўли билан қанчадан-қанча беморлар оғир дарддан халос бўлаётгани ҳаммамизга кундек равшан. Ана шундай фидойи, ўзгалар саломатлиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, меҳнат қилаётган оқ халат соҳибларини таҳқирлаш, ноҳақ калтаклаш ақлга сиғадими?

Бундай ҳолатлар халқимизнинг миллий қадриятларига ҳам, умуминсоний тамойилларга ҳам бутунлай зиддир. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари жамиятимизда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини сўраб қоламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.