Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: САЛОМАТЛИГИМИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ҚАНЧАЛИК РИОЯ ЭТИШИМИЗГА БОҒЛИҚ Бош сахифа

19 августа 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: САЛОМАТЛИГИМИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ҚАНЧАЛИК РИОЯ ЭТИШИМИЗГА БОҒЛИҚ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан ҳоли, чиройли ва бахтли яшаш омилидир. Энг муҳими, миллат генофондига ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланмоқда. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — бу каби белгилар ҳар бир кишида учрайди, лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йилига чекишдан 5 миллион, камҳаракатлиликдан эса 5,3 миллион одам ҳаётдан кўз юмади. Ушбу глобаллашиб бораётган муаммони ҳал қилишга ҳар биримиз масъулмиз.

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

Халқимизда касални даволагандан кўра, олдини олган афзал, деган нақл бор. Шу боис юртимизда соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилнинг 18 декабридаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар ҳафтанинг шанба кунлари мамлакатимиз бўйлаб оммавий саломатлик тадбирларининг уюшқоқлик билан ташкил этилиши аҳолининг соғлом турмуш турзига қизиқишини оширмоқда.

Унутмайлик, соғлом турмуш тарзи, жумладан, юриш саломатликни мустаҳкамлайди, касалликлардан муҳофаза қилади ҳамда умрни узайтиради. Бунинг учун кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки, юришни кундалик одатга айлантирсангиз кифоя!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.