X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖИДДИЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛМАСА, 2030 ЙИЛГА БОРИБ ДУНЁДА ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ЧАЛИНГАНЛАР 550 МИЛЛИОН НАФАРДАН ОШИШИ МУМКИН

Бош сахифа

08 августа 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖИДДИЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛМАСА, 2030 ЙИЛГА БОРИБ ДУНЁДА ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ЧАЛИНГАНЛАР 550 МИЛЛИОН НАФАРДАН ОШИШИ МУМКИН

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 400 миллион нафардан зиёд қандли диабет хасталигига чалинган бемор бор. Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ушбу касаллик билан 220 минг нафар киши рўйхатга олинган. Рақамлардан кўриниб турибдики, эндокринология соҳасини ривжлантириш дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиққан ҳолда юртимизда сўнгги йилларда аҳолига тиббий, шу жумладан, эндокринологик хизмат кўрсатиш соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 19 апрелдаги “2019 — 2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасида эндокринология ҳолати” мавзусида матбуот анжуманида қайд этилди.

Унда таъкидланганидек, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларни олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида Миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, “Йўл харитаси” билан биргаликда Миллий дастурнинг 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган асосий масалалари ҳам белгилаб олинган.

Шу асосда Академик Ё. Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ва етакчи мутахассилари томонидан инсон саломатлиги ва жамият ривожига салбий таъсир этувчи бундай касалликларнинг олдини олиш ва беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги икки йил ичида ҳудудларда эндокринология соҳасини комлекс ривожлантириш, моддий-техник базасини мутаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан пойтахтимизга келиб мурожаат қилувчилар қарийб 3 баробарга қисқарди. Айни пайтда юртимизда бўйлаб 650 нафардан зиёд эндокринолог шифокорлар самарали фаолият юритишаяпти.

Эътиборли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 октябрдаги тегишли буйруғига асосан, пилот вилоятларда 45 ёшдан ошган ахоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилмоқда. Бундан ташқари, қандли диабетнинг сурункали асоратларини камайтириш, уларни юзага келишини кечиктиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилган онлайн регистр ишлаб чиқилмоқда.

Эндокрин касалликларни эрта ташхислаш ва даволаш мониторингини ўтказиш учун барча вилоят эндокринологик диспансерларини ўз вақтида, узлуксиз равишда зарур реактивлар, хусусан, гликирланган гемоглобин ва қалқонсимон без гормонлари реактивлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳар бир вилоят эндокрин диспансерида ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида эндокрин касалликлари бор беморлар ва уларнинг оила аъзолари профессионал инструктор томонидан ўқитилмоқда.

Матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижада аҳолига ихтисослаштирилган эндокринологик тиббий хизмат кўрсташда етакчи чет эл давлатларининг эндокринология соҳасида эришилган ютуқларни амалиётда жорий этиш, беморларга ихтисослаштирилган юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.