X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: КУНИГА ЎН МИНГ ҚАДАМ ЮРСАНГИЗ, ХАСТАЛИК СИЗДАН ШУНЧА ҚАДАМ ОРТДА ҚОЛАДИ

Бош сахифа

05 августа 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: КУНИГА ЎН МИНГ ҚАДАМ ЮРСАНГИЗ, ХАСТАЛИК СИЗДАН ШУНЧА ҚАДАМ ОРТДА ҚОЛАДИ

Сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда асосий эътибор касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага қаратилмоқда. Бунда жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатларни тарк этиш муҳим ўрин тутади.

Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 3 август, шунба куни мамлакатимиз бўйлаб аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида оммавий саломатлик тадбирларининг навбатдагиси “Спорт – соғлом ҳаёт кечиришнинг асоси” шиори остида ҳар бир тиббиёт муассасаси ҳудуди ва ҳиёбонларда аҳоли иштирокида кўтаринки руҳда ўтказилди. Жумладан, пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган “Меҳржон” боғида ҳам 5 километрга фаол юриш ва гимнастика машғулотлари амалга оширилди.

Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш инсон саломатлигига ижобий таъсир қилиши ҳаммамизга кундек равшан. Чунки тананинг кунлик жисмоний фаолиятга эҳтиёжи бор ва у қондирилиши зарур. Негаки, камҳаракат турмуш тарзи кўплаб ва сурункали касалликларнинг манбаига айланмоқда. Оддий семиришдан тортиб, то қандли диабет, юрак ва қон томир, бўғимлар, астма каби хасталиклар ҳаракатсизлигимиз оқибатида пайдо бўлиш эҳтимоли катта.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқаётган кўплаб касалликларнинг олдини олишда жисмоний фаоллик, жумладан, кунига 10000 қадам юриш тавсия этилмоқда. Буни амалга оширишда замонавий технологиялардан унумли фойдаланишингиз мумкин. Мобил телефонидаги илова ёки фитнес соати қадамингизни беминнат ҳисоблаб беради. Бу эса бизнинг юришга, фаолликка бўлган қизиқишимизни янада оширишга хизмат қилади. Агар сиз фитнесс соатингизнинг дастур менюсига қарасангиз ҳам, кунига 8000-10000 қадам ташлаш бўйича тавсияларни кўрасиз.

Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Гимнастика машқлари ҳам саломатлик учун фойдали бўлиб, унинг натижасида, мушак тизимини мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади. Бундан ташқари, куч, тезлик, чидамлиликни тарбиялайди. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланиши таъминланади.

Унутмайлик, соғлом турмуш тарзи, жумладан, юриш ва гимканистка каби енгил жисмоний машқлар ҳолсизлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлай олмаслик, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олади, саломатликни мустаҳкамлайди, касалликлардан муҳофаза қилади ҳамда умрни узайтиради. Бунинг учун кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки, жисмоний фаолликни кундалик одатга айлантирсангиз кифоя.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.