X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ЮРАК-ҚОН ТОМИР, ҚАНДЛИ ДИАБЕТ ҲАМДА ЎСМА КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Бош сахифа

29 июля 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ЮРАК-ҚОН ТОМИР, ҚАНДЛИ ДИАБЕТ ҲАМДА ЎСМА КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Соғлом турмуш тарзининг қарор топиши, жумладан, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам равишда соғлом турмуш тарзига риоя этиш борасидаги оммавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 27 июль куни “Соғлом оила – соғлом жамият” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир оилавий поликлиника ўз ҳудудидаги маҳалла фуқаролик йиғинларидага гузар, таълим муассасаси стадионларидан фойдаланган ҳолда оилалар иштирокида ўтказилди.

Жумладан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Central park” боғида ҳам оилалар ўртасида оммавий гимнастика ва 5 километрга фаол юриш машқлари билан бир қаторда, оилавий мусобақалар ҳам уюштирилди. Қайд этиш жоизки, дунё миқёсида қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учраётгани, одамлар юрак-томир, нафас олиш органлари, диабет, саратон касалликлари билан кўпроқ оғримоқда. Ушбу юқумли бўлмаган хасталиклар келиб чиқишининг энг асосий омилларидан бири соғлом турмуш тарзига амал қилмасликдир.

Юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2016 йилда дунё бўйича 40 миллион ўлим ҳолати юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз берган бўлиб, бу барча ўлимнинг 70 фоизини ташкил этади. Ўлим ҳолатларининг анчагина қисми (дунё бўйича барча ўлимнинг 27 фоизи, юқумли бўлмаган касалликларнинг эса 38 фоизи) барвақт, яъни 30 ёшдан 70 ёшгача рўй берган. Ачинарлиси, келгусида дунёда бу касалликлардан вафот этганлар сонининг янада кўпайиши кутилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, соғлом турмуш тарзи риоя этилса, 80 фоиз юрак- қон томир, қандли диабетнинг 2 тури ва 40 фоиз ўсма касалликларининг олдини олиш мумкин экан.

Хўш, нима учун одамлар ёшлигидан юқумли бўлмаган касалликларга чалинмоқда? Сабаби технологияларнинг ривожланиши, турмуш тарзининг ўзгариши билан одамларнинг ҳаракатланиши ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши камайди, чекадиган ва спиртли ичимлик ичадиган инсонлар кўпайди, таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли кўпайди. Шунингдек, аҳолининг овқатланиш одатлари ўзгарди, жумладан, сабзавот ва меваларни етарли истеъмол қилмаслик, тузни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайди. Бу эса ўз навбатида, турмуш тарзининг ўзгариши, тана вазнининг ортиши, семизлик, қонда холестерин миқдорининг ошиши ва оқибатда, юқумли бўлмаган касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Глобаллашув шароитида юқоридаги ҳолатлар дунё давлатлари қатори юртимиз учун ҳам хос бўлиб бормоқда. Шу боис ушбу вазиятга давлатимиз томонидан жиддий ёндашилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олишга, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилиб, одамлар қизиқишига сабаб бўлаётган оммавий саломатлик тадбирлари ҳам фаол жисмоний ҳаракатла чорлаб, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.