Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Тиббиёт ходимлари куни олдидан. Самарали профилактика, аниқ ташхис ва инновацион ёндашув Бош сахифа

09 ноября 2018

Тиббиёт ходимлари куни олдидан. Самарали профилактика, аниқ ташхис ва инновацион ёндашув

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда ана шу жиҳатларга устувор аҳамият қаратиляпти.

Сўнгги йилларда барча жабҳада бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қисқа давр мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 130 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб берди. Ушбу ҳужжатга кўра, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилмоқда. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилиши ҳам соҳа вакилларига нисбатан кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.

Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга Давлат бюжетидан ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда.

2018 йилда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига 9,6 триллион сўм йўналтирилди,бу ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баробар кўп.Айни пайтда 382 татиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу мақсад учун Давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ ажратилган.

Амалга оширилаётган барча ишлар тизимни янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини юксалтириш, арзон ва сифатли дори-дармон, замонавий тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, билимли ва тажрибали мутахассислар тайёрлашда пухта пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.

Аҳоли эҳтиёжлари кабинетда эмас, юзма-юз мулоқотда ўрганилмоқда

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятида иш юритиш ва бошқарувнинг замонавий тамойиллари жорий этилди. Эндиликда тизимда фаолият юритаётган раҳбар кабинетда эмас, аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, улар хоҳиш-истаги, эҳтиёжини ўрганиб, шу асосда ишни ташкил этишга ҳаракат қиляпти. Тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган шифокорлар учун муносиб шароитлар яратиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария бўғини фаолияти ҳам давр талабига мослаштирилаётир. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган мазкур тизимда авваллари мавжуд бўлмаган ижтимоий дорихона ва кунутун ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчасига эга 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Уларда бешта йўналишда яъни, умумий амалиёт врачи билан бирга, терапевт, хирург, педиатр, стоматолог, гинеколог кабитор мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди.

Бу борада ишлар кўламини қуйидаги рақамлар ҳам акс эттириб турибди. Жорий йилнинг ўтган даврида 165 та поликлиникада қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилди. Шунингдек, 126 та қишлоқ врачлик пункти, 180 та оилавий поликлиникага 6,5 миллион АҚШ долларилик тиббиёт ускуналари етказиб берилди. Икки мингдан зиёд ижтимоий дорихоналар ва 1233 та тез ёрдам шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг меҳнати самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Шифокорларга 2 ставкада ишлаш ва нафақаларини тўлиқ олишга рухсат берилди. Шифокор қабулига ёзилиш ва маълумотлар базасини шакллантириш бўйича “Электрон поликлиника” тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда.

Она ва бола саломатлиги йўлида

Ушбу йўналиш давлатимизнинг ҳамиша диққат марказида десак, муболаға эмас. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрдаги “2018 — 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларни оммавий скрининг теширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилгани билан ҳам диққатга сазовордир. Ушбу Дастур замонавий скрининг хизматидан юртимизнинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли ҳам тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлайди.

Ўтган қисқа муддатдаҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, қиз болалар ва ўсмир қизларга юқори технологик, ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда республика, ҳудудий ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда “Қизлар саломатлиги марказлари”, кўп тармоқли марказий поликлиникалар негизида эса “Аёллар маслаҳатхоналари”, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ишонч телефони” (1003) таркибида куну тун фаолият кўрсатувчи “Тезкор алоқа” тармоғи фаолияти йўлга қўйилди.

Айни пайтда республика ва 12 та ҳудудий скрининг маркази ишлаб турибди. Шунингдек, жорий йил май ойидан Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам скрининг маркази ўз ишини бошлади.Улар фаолияти туфайли ўтган йилнинг ўзида 214 мингдан зиёд ҳомиладор аёллар пренатал текширувдан ўтказилди, 3,4 мингга яқин туғма нуқсонли болалар туғилишининг олди олинди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида гўдаклар ўлими ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 571 тага камайди.

7 миллиондан зиёд мурожаат эътиборсиз қолмади

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида шошилинч тиббий ёрдам хизматига аҳолидан 7 миллиондан кўпроқ мурожаат тушган. Уларнинг 6 миллиондан зиёдига тез тиббий ёрдам тизими орқали тиббий хизмат кўрсатилди. Шошилинч тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган бир миллиондан ортиқ бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанди. Ушбу рақамлар мамлакатимизда шаклланган шошилинч тиббий ёрдам хизматининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашда ўрни нечоғлик муҳимлигини яққол ифода этади.

Бунда тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси такомиллашаётгани ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Ўтган йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1 минг 300 яқин ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш уч баробарга кўпайди.Қувонарли жиҳати, ҳозирда тез тиббий ёрдам хизмати автопаркига халқаро талаблар даражасида эътибор қаратиляпти. Яъни, тез тиббий ёрдам машиналарининг 10 фоизини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, хорижда ишлаб чиқарилган“Hyundai” ва “Nissan” ҳамда “Toyota” русумли реанимобиллар ташкил этмоқда. Ушбу автотранспортлар замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозланди. Натижада тез тиббий ёрдам хизмати халқаро мезонлар даражасига кўтарилди.

Яна бир жиҳати, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу йўналишдаги камчилик ва муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб берилди. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси тузилди.

Шунингдек, 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланди. Ҳужжат билан вазирликнинг Шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази этиб қайта ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан жиҳозлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Энг ноёб операциялар ўзимизда бажариляпти

Аҳолига ихтисослаштирилган хизматни яқинлаштириш мақсадида у йилдан-йилга кенгайтириб бориляпти. Ҳозир неврология ва инсульт йўналиши ҳисобига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослаштирилган бўлим, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудудларда мавжуд касалликлар кўлами чуқур таҳлил этилган ҳолда, эҳтиёж юқори бўлган жойларда ушбу филиаллар ташкил этилаётгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрликдир.

Шу ўринда айрим мисолларга тўхталиб ўтсак. Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида 130 дан ортиқ буйрак трансплантациялари, жигар бўлагини кўчириш бўйича россиялик етук олим-трансплантолог С.В.Готье иштирокида иккита ва Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод тиббий маркази мутахассислари билан биргаликда битта операция ўтказилди.Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида туркиялик, трансплантология соҳасида машҳур олим, профессор Маҳмуд Хаберал иштирокида буйрак трансплантацияси бўйича операциялар жорий йилнинг апрель ойида бошланган бўлиб, ҳозирга қадар 22 та амалиёт бажарилди.

Кейинги йилларда ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволашнинг 500 дан ортиқ янги усуллари қўлланила бошлагани, хирургик муолажалар 50 фоиз, юқори технологик операциялар эса 52 фоизга ортганини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир.

Фармацевтикамиз тараққиёти йўлида

Президентимизнинг “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва уларнинг айланишини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистонда тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхати тасдиқланди. Бу ҳам аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.Эътиборлиси, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун жорий йилда 914,6 миллиард сўм, яъни ўтган йилдагига нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди.

2025 йилгача мўлжалланган концепция ишлаб чиқилмоқда

Тиббиётни янада ислоҳ қилиш ва сифат даражасини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, юртимиздаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиняпти.Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш бўйича тегишли қарор ишлаб чиқилиб, бир неча бор халқаро ташкилотлар иштирокида муҳокама қилинди ҳамда умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Ушбу ҳужжат билан тиббиёт тизимининг 2025 йилгача мўлжалланган 7 йиллик ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, биринчи навбатда,соғлиқни сақлашни бошқариш ва молиялаштириш тизими тубдан такомиллаштирилади. Шунингдек, тиббий суғурта тизими жорий қилинади.Бунда ходимларнинг моддий манфаатдорлигини кучайтириш ҳам назарда тутилган.

Қолаверса, Концепцияда давлат-хусусий шерикчилик ва тиббий туризмини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилади.

Дарҳақиқат, хусусий тиббиётни ривожлантириш, хорижий ҳамкорларга етарли шароитлар яратган ҳолда, уларни республикамизга жалб этиш, давлат ва хусусий тиббиёт ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш соҳа келажагидир. Ўтган қисқа фурсатда тизимда хусусий секторни ривожлантириш бўйича учта муҳим қарор қабул қилингани ҳам ушбу йўналишга қаратилаётган эътибордан далолат.

Диққатга сазовор жиҳати, хусусий тиббиёт муассасаларида ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайди, 2022 йил 1 январгача солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилди. Натижада жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 635 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 4312 тага етди. Янги шифо масканларининг 295 таси олис туманларда, 340 таси шаҳар ва вилоят марказларида жойлашган. Хусусий тиббиёт муассасаларига Хиндистон, Россия, Корея Республикаси, Туркия сингари давлатлардан келган мутахассислар ишга қабул қилинмоқда.

Ўтган йили декабрь ойида ўтказилган йиғилишда Юртбошимиз томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш бўйича бир қанча топшириқлар берилиб, унинг ижро механизми ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган эди. Ўтган 10 ой мобайнида соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд 12 мингта вакант иш ўрнидан 6 минг 600 таси қопланган.2019 йилнинг охиригача 5800 вакант ўринлардан 4 мингтасини клиник ординатура ва қайта тайёрлаш курслари битирувчилари ҳамда бакалавриат ҳисобидан қоплаш чоралари кўрилади.

Инновацион технологиялардан авиация техникасигача

Замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Авваллари мамлакатимизда бундай даволаш имкониятларининг йўқлиги туфайли одамлар чет мамлакатларга даволаниш учун боришга мажбур бўлишар, бу эса жуда катта харажатни талаб қиларди. Эндиликда вазият тубдан ўзгаради, шунингдек, маҳаллий клиникаларда даволаниш учун янада қулай шароит яратилади. Бунинг учун эса олий тиббиёт муассасаларининг клиникалари ривожига, уларда юқори технологияли даволаш усулларининг жорий қилинишига урғу берилиши аҳолини мамнун этиши шубҳасиз. Бу ҳудудий клиникаларда шифокорларни тайёрлаш ва юқори технологияларни татбиқ қилиш учун ҳам шароит яратади. Келгусида мамлакатдамизда молекуляр ва нуклеар тиббиёт, робот ёрдамидаги операциялар учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Агар кузатадиган бўлсак, ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли технологиялар” барча соҳаларда кенг татбиқ этилмоқда: “Ақлли уй”, “Ақлли қишлоқ”, “Ақлли шаҳар” каби тизимлар мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланишини таъминламоқда. Чунки “ақлли технологиялар”дан мақсад — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. Мамлакатимизда ҳам “Ақлли тиббиёт” тизими айни шу мезон асосида ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу технологиялар касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади. Бу эса фойдаланувчига исталган вақтда ва исталган жойда тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратади. Энг муҳими, хизмат сифати энг чекка қишлоқда ҳам, пойтахтда ҳам бир хилда бўлиши таъминланади. У ўз ичига бирламчи тиббий бўғиндан тортиб, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматгача бўлган жараёнларни ҳам қамраб олади.

Узоқ муддатли истиқболда минтақалардаги самарасиз фаолият кўрсатаётган шифохоналар фаолияти тўхтатилиб, стационар тиббиёт муассасалари тармоғини оптималлаштириш режалаштириляпти. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига мувофиқ, тиббий хизматларнинг деярли барча жабҳасини ўз ичига олган йирик замонавий, кўп профилли тиббиёт марказлари ишга туширилади. Фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам кўрсатиш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шифокорлар энг қисқа фурсатларда керакли манзилга етиб бориб, шошилинч ёрдамга муҳтож беморни стационарга етказишлари учун замонавий ва реанимацион автомобиллар, темирйўл транспортида махсус вагонлар ва ҳатто вертолётлар билан таъминланади.

***

Хулоса ўрнида айтганда, юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда юқори технологияли даволаш усуллари янада ривожланиб, шифокорларнинг аҳоли саломатлиги йўлида янада самарали фаолият юритишига замин яратилмоқда. Провард мақсад эса Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тиббиёт ходими саломатлик посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”.

Тиббиёт ходимлари куни арафасида қайд этиб ўтишўринлики, тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган улкан чора-тадбирлар ижросийўлида изчил фаолият юритаётган соғлиқни сақлаш соҳасининг фидойи вакиллари бундан кейин ҳам куч-ғайрат ва фаоллик кўрсатишларига ишонамиз.

Алишер ШАДМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири.