Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Президент топшириғидан сўнг: ҳудудларда тиббий кадрлар таъминоти яхшиланмоқда Бош сахифа

06 января 2018

Президент топшириғидан сўнг: ҳудудларда тиббий кадрлар таъминоти яхшиланмоқда

Ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига, мутахассислар таъминотига боғлиқ. Хусусан, тиббиёт ҳам. Шу боис, давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан ўтказилган ҳар бир учрашувда тиббий таълим ва кадрлар таъминоти бўйича топшириқлар бериб келмоқда.

2017 йил 12 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишда айни масала кўтарилди. Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

Президент топшириғидан сўнг: ҳудудларда тиббий кадрлар таъминоти яхшиланмоқда

Президентимизнинг ўринли танқиди ва топшириқларидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида ўрганиб чиқилди.

Дарҳақиқат, ўрганиш натижасида бугунги кунда даволаш-профилактика муассасалари тизимида 11 мингдан зиёд вакант ўринлар мавжудлиги, шундан 3462та штат умумий амалиёт шифокорлари, 8217 та тор мутахассисликларга тегишли экани аниқланди.

Ушбу ўринларни юқори билим-савияга эга кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, ушбу ўринлар тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтириш орқали қопланиши белгиланди.

Шу мақсадда тиббиёт олий таълими муассасаларининг битирувчилари ва клиник ординаторларининг ҳудудлар кесимида манзилли рўйхати шакллантирилди.

Халқимиз манфаатини кўзлаб қилинган ушбу ҳаракатлар кадрлар сифатига таъсир қилмаслиги учун улар мутахассислик бўйича пухта тайёрланди. Шунингдек, 2018 йил январь ойининг биринчи ўн кунлиги давомида барча ишга йўлланиши лозим бўлган битирувчилар ўртасида якуний давлат аттестациялари ўтказилди.

Тиббиёт кадрлар

Тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатининг “Даволаш иши”, “Касбий таълим (даволаш иши)”, “Педиатрия иши” VII курс ва тиббий профилактика таълим йўналишининг VI курс талабалари ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, тиббиёт олий таълим муассасалари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти II курс клиник ординатура битирувчиларини мутахассислигига мос равишда ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузилди. Ёш мутахассислар 2018 йилнинг 8 январидан бошлаб ўз иш жойларида фаолият бошлаши учун уларни уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича зарурий ишлар амалга оширилди.

Ўтказилаётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида истиқболда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 88 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Айни кунларда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларга ишга йўлланувчи битирувчилар, клиник ординатор мутахассисларга тиббиёт таълимини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар топширилиши ва жойларга кузатиш маросимларига катта тайёргарликлар кўрилмоқда. Битирувчиларнинг жорий йил 20 январга қадар иш бошлашлари учун барча шароитлар тайёрланган.

Ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончи, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта. Бугун халқимиз хизматига бел боғлаб, фидокорона меҳнати орқали эл-юрт дуосини олиш каби эзгу мақсад сари шошаётган ёшлар нигоҳида айни шу фикрни ўқидик. Улар ёш, шашти баланд, энг муҳими Ватан равнақи, эл-юрт саломатлиги йўлида камарбаста.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.