Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ЭНГ УЛУҒ ВА ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИГА ЭҲТИРОМ Бош сахифа

11 ноября 2017

ЭНГ УЛУҒ ВА ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИГА ЭҲТИРОМ

Шу йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни муносабати билан пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида байрам тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, журналистлар иштирок этди

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов очиб берди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Буни Президентимиз шу йилнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда яна бир бор қайд этди.

Давлатимиз раҳбарининг бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Она ва бола саломатлигини яхшилаш йўлда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовуни лавозими жорий этиш белгиланди. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95% қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз.

Яна бир муҳим қадам миллий эмлаш дастури билан боғлиқ. Жорий йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ўзлаштирилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди.

– Бугун жамоатчилик, халқимиз томонидан ижобий қабул қилинган яна бир жиҳат — тиббиёт тизимида ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда халқ фикрига таянилаётганидир, – дейди “Йилнинг энг яхши жарроҳи” номинацияси ғолиби деб топилган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шошилинч жарроҳлик бўлим мудири Равшанбек Янгиев. – Энди тиббиёт ходими фаолиятига соҳа раҳбарлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратиш йўлга қўйилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадда Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиалалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислар танлаб олинди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва даволаш муассасаларига ишлаш учун юборилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади. Ҳозирда улар ўз ихтисослигидаги даволаш-профилактика марказларида фаолият юритмоқда.

Жамиятимиздаги тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида эл саломатлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда. Шу муносабат билан, жорий йилги байрам тантаналарида ўзининг фидокорона меҳнати билан эл ҳурматига сазовор бўлган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, хусусан, Ўзбекистон Қахрамонлари, академиклар, Давлат мукофоти лауреатлари, ҳурматли фахрийлар ҳамда тиббиёт ривожига бевосита ҳисса қўшиб келаётган ҳамкор вазирликларнинг раҳбар ходимлари ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбир давомида “Йилнинг энг яхши шифокори” кўрик-танловининг қуйидаги 13 номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди:

1. “Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори”

2. “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори”

3. “Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиология хизмати ходими”

4. “Йилнинг энг яхши врач лаборанти”

5. “Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси”

6. “Йилнинг энг яхши жарроҳи”

7. “Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи”

8. “Йилнинг энг яхши педиатри”

9. “Йилнинг энг яхши терапевти”

10. “Йилнинг энг яхши профессори”

11. “Йилнинг энг яхши доценти”

12. “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси”

13. “Йилнинг энг яхши илмий ходими”

Ҳеч иккиланмай айта оламизки, тиббиёт соҳаси, айниқса, бугун ўзининг юксак мақомига эришмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланаётгани ҳам ана шу эътибор намунасидир. Ўз навбатида соҳа вакиллари ҳам ушбу эҳтиромга жавобан изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас бўлишга интилаётир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев сўзга чиқди.

Фуркат Санаев.