Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ХАЛҚ БАҲОСИ — БОШ МЕЗОН Бош сахифа

11 ноября 2017

ХАЛҚ БАҲОСИ — БОШ МЕЗОН

Бугун юртдошларимиз барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини, хусусан, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасининг сифати таъминланаётганини ўз турмушлари мисолида кўриб туришибди. Зеро, фуқароларнинг бахтли-саодатли, фаровон, умр кечиришини кафолатлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончини оқлаш, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Шу маънода, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани аҳамиятлидир. Қисқа фурсат ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан беш маротаба учрашув ўтказилиши, Юртбошимизнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттиздан ортиқ фармон ва қарорлари эълон қилингани сўзимиз исботидир.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Буни Президентимиз шу йилнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда яна бир бор таъкидлади. Президентимиз вилоятларга сафарлари чоғида ҳам ижтимоий аҳамиятга молик турли объектлар қатори қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли клиникаларда бўлиб, шифокорлар ва беморлар билан бевосита мулоқот қилаётгани кўплаб масалаларни жойларда самарали ҳал этиш имконини бермоқда.

Таъкидлаш ўринлики, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда тизимнинг ҳар бир бўғинини ўзаро мутаносибликда комплекс ривожлантириш тамойили устуворлик касб этаяпти. Халқимизни арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий таълим тизимини замонавий талаблар даражасида ташкил этишга доир қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва улар ижроси шулар сирасидандир.

Давлатимиз раҳбарининг бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилгани, 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилганини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда уч мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилиниб, улар учун барча шароит яратиб берилаяпти.

ХАЛҚ БАҲОСИ — БОШ МЕЗОН

Албатта, ушбу ютуқлар барчамизни қувонтиради. Бироқ халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас. 18 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз ҳам алоҳида қайд этганидек, хонадонларда патронаж ишларини ташкил этиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, беморларни ўз вақтида диспансер назоратига олиб, соғломлаштириш ишлари ҳали кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари соҳанинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.

Она ва бола саломатлигини яхшилашга оид ишларни такомиллаштириш давлатимизнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Шу йўлда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовуни лавозими таъсис этиш белгиланди. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95% қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз.

Яна бир муҳим қадам миллий эмлаш дастури билан боғлиқ. Жорий йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ўзлаштирилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. 2018 йилдан жаҳонда биринчилардан бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Тизимидаги ўзгаришлар ҳақида гапирганда бир нарсага алоҳида урғу бериш ўринли, – дейди Ўзбекитсон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баходир Юсупалиев. – Бугун тиббиёт соҳасида ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда халқ фикрига таянилмоқда. Биз тиббиёт ходими фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратиш йўлидамиз. Чунки энди шифокор ўз хонасида бемор келишини кутиб ёки рақам йиғиб, фақат ҳисобот тузиш йўли билан ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун хонадонма-хонадон юриб, зарур шароитларни яратишда ўз ҳиссасимизни қўшишимиз лозим.

Дарҳақиқат шундай. Албатта, ҳар қандай янгиликни амалиётга жорий этишда маълум вақт ўрганиш ва мослашувга сарфланади. Шу маънода, бирламчи тизимдаги ислоҳотларда намунавий тизимлардан фойдаланилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир вилоятдаги 3 тадан туманда бирламчи, шошилинч тиббий ёрдам ва санитар-эпидемиология хизматларининг намунавий тизимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Намунали муассасада ўз натижасини берган ҳар бир янгилик келажакда бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг тарғиб этилади.

Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ эди. Дарҳақиқат, чақирув келиб тушгач, автотранспорт воситалари етишмаслиги сабаб, бригаданинг ўз вақтида етиб бормаслиги, дори-дармон танқислиги каби муаммолар тиббиёт ходимларини кўплаб ноқулай вазиятларга солаётганди.

— Президентимизнинг шошилинч ёрдамни такомиллаштириш бўйича қабул қилган фармон ва қарорида мазкур масалаларга ечим кўрсатилди, — дейди республика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Ходжибоев. — Яъни тез-тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробарга оширилди, дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди, 52 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди. Энг аҳамиятлиси, ўтган ўн ой ичида тарихимизда кузатилмаган воқеа — тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган 1200 та автотранспорт воситасининг асосий қисми харид қилиниб, ҳудудларга берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадда Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиалалари ташкил этилмоқда. Мисол учун, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон, Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий, Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг филиалларини ва туман тиббиёт бирлашмаларида ихтисослашган бўлимларни ташкил этиш белгиланган.

Дарҳақиқат, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги долзарб масалалардан бири эди. Уни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 нафар номзод танлаб олинди. Улар вилоят даволаш муассасаларига ишлаш учун юборилди.

Бугунги кунгача республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказаларининг етакчи ходимлари томонидан ҳудудларда 190 мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 1500 дан ортиқ юқори технологияли оператив муолажалар амалга оширилди. Чет эллик мутахассислар иштирокида 350 дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди, 80 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади. Ҳозирда улар ўз ихтисослигидаги даволаш-профилактика марказларида фаолият юритмоқда.

Мисол учун, 12 йилдан буён Россиядаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келаётган малакали кардиохирург Рустам Ярбеков Президентимизнинг тиббиёт ходимларига яратиб бераётган шароитлари ва таклифларидан сўнг, Ватанимизга қайтди. Айни дамда Рустам Ярбеков Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида фаолият юритмоқда. Йил бошидан бери у 300дан ортиқ мураккаб жарроҳлик операцияларини, хусусан, аорта коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, юрак туғма ва орттирилган пороги каби амалиётларни муваффақиятли ўтказди.

Шу ўринда неврологик ва юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларни реабилитация қилиш жараёни ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Маълумки, ногиронлик ва ўлимга сабаб бўлувчи касалликлар орасида юрак-қон томир хасталиклари асосий ўринни эгаллайди. Айниқса, инсульт ва инфаркт асорати бунда етакчи. Мамлакатимизда инсультдан кейинги реабилитация жараёнларини такомиллаштириш, қамровини кенгайтириш мақсадида мамлакатимиздаги айрим санаторияларни реабилитация марказларига айлантириш масаласи кўрилмоқда.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз аҳолиси яқин вақтларгача трансплантация хизмати учун хориж клиникаларига мурожаат қилишга, чет элга боришга мажбур бўлаётган эди. Барчамизни хурсанд қилган янгилик: мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор трансплантология бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошланди.

— Эндиликда тана аъзоларини трансплантация қилиш операцияларини бажаришга киришилар экан, энг аввало, халқимизга юксак технологиялар воситасида, энг илғор тиббий стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатиш, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашга устувор аҳамият қаратилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази директори Феруз Назиров. – Албатта, трансплантология хизмати катта маблағ ва ресурс талаб этадиган соҳа. Мамлакатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан ҳозирда бу соҳа фаолиятини ташкил этиш мақсадида кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Даволаш муассасаларини жиҳозлаш, кадрлар тайёрлаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Айни дамда трансплантология соҳасининг жаҳондаги энг нуфузли мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эгамиз.

Тиббиётнинг яна бир йўналиши борки, бунда бирламчи тизимдан бошлаб ихтисослаштирилган марказларгача — барча муассасалар ва соҳа вакиллари биргаликда ҳаракат қилиши талаб этилади. Бу ижтимоий аҳамиятга эга касалликлардир. Мамлакатимизда сил, психиатрия, тери-таносил, онкология хасталиклари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилди ва Президентимизнинг қарорлари қабул қилинди. Биргина фтизиатрия хизматининг тўғри йўлга қўйилиши ва касалликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида Ўзбекистон 50 дан ортиқ Европа давлатлари орасида 3-ўринни эгаллаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътирофини қозонди.

Бугун тадбиркорликнинг жадал ривожланиши тиббиёт соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги қўшма клиникалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларидаги юкни камайтириш мақсадида гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларига, тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш ҳам кўзда тутилган. Хусусий сектор билан боғлиқ яна бир янгилик — илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг “Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди”, дея таъкидлаган сўзлари бугун ўз натижасини бермоқда. Хусусан, аҳолининг арзон ва сифатли дори-дармонга бўлган талабни қондириш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳани барқарор ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

— Олдимизда ҳали ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб масалалар турибди. Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилиши лозим, – дея сўзида давом этади республика соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баходир Юсупалиев. – Бугун мамлакатимизда давлат идоралари халқ билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Одамларнинг талаб ва истаклари, уларнинг холис баҳолари асосида ишлаш тамойили фаолиятимизнинг бош мезони сифатида қабул қилинмоқда. Негаки, биз катта натижаларга фақат ва фақат одамлар ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш орқалигина эришишимиз мумкин. Шунда халқимиз биздан рози бўлади, бизга ишонади.

Хулоса қилиб айтганда, тиббиёт соҳаси, айниқса, бугун ўзининг юксак мақомига эришмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланаётгани ҳам ана шу эътибор намунасидир. Бу йилги байрам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида, унинг юксак мақсад ва вазифаларига уйғун ҳамда ҳамоҳанг тарзда кенг нишонланаётгани бу аёмга ўзгача руҳ бағишламоқда.

Ўз навбатида соҳа вакиллари ҳам ушбу эҳтиромга жавобан изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас бўлишга интилаётир. Модомики шундай экан, инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида белгиланган мамлакатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар бир тиббиёт ходимини янада фаолликка ундайверади.

Фурқат САНАЕВ.