Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ҚАТЪИЙ ИНТИЗОМ, ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ИШЛАШ КУНДАЛИК ҚОИДАГА АЙЛАНМОҚДА Бош сахифа

08 ноября 2017

ҚАТЪИЙ ИНТИЗОМ, ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ИШЛАШ КУНДАЛИК ҚОИДАГА АЙЛАНМОҚДА

Тажрибалардан аёнки, ҳар қандай муваффақият негизида халқ ишончи, ишга муносабат, қатъий интизому юксак масъулият ётади. Айниқса, тиббиёт соҳасида ушбу мезоннинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Шунинг учун ҳам Президентимиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Қисқа фурсат ичида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан беш марта йиғилиш ўтказилгани, Юртбошимизнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган ўттизга яқин фармон ва қарорлари эълон қилингани сўзимиз исботи. Маълумки, ҳар қандай соҳа ривожи шу йўналишда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Хусусан, тиббиёт ҳам. Шу боис, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи санитария хизматини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш каби йўналишлар қаторида тиббий таълим тизимини замонавий талаблар даражасида ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 5 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим бурилиш ясаб берди.

Давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувларда бот-бот таъкидлаганидек, ҳудудларда тиббий кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар тиббий хизмат сифатига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Айниқса вилоятлар кесимида мутахассилар етишмаслиги беморларнинг шифо истаб пойтахтга келишига, узундан-узоқ навбатларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. тиббий таълимни ривожлантириш юзасидан тизимда олиб борилаётган ишлар, мавжуд масалалар ва уларнинг ечимлари хусусида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва ўқув юртлари Бош бошқармаси бошлиғи Ўктам ИСМОИЛОВ қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Дарҳақиқат, жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносибликлар борлиги аён бўлди. Масалан, мамлакатимиз бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига нисбатан 23,5 нафарни ташкил этади. Аммо айрим вилоятларида бу кўрсаткич кўнгилдагидек эмас. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўзида уч мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилиниб, улар учун барча шароит яратиб берилаяпти.

Тан олиш лозим, олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши замон талабларига жавоб бермасди. Бу эса мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча маблағларни талаб этиш билан бирга, кадрлар таъминотига ҳам сезиларли салбий таъсир кўрсатаётган эди. Президентимиз қарори билан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди. Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.

ҚАТЪИЙ ИНТИЗОМ, ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ИШЛАШ КУНДАЛИК ҚОИДАГА АЙЛАНМОҚДА

Шунингдек, жорий йилнинг 5 май куни қабул қилинган “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли қабул йўлга қўйилди. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди. Жорий йилдаги мақсадли қабул учун 1 минг 180 ўрин ажратилган бўлса, кейинги йилларда у янада кўпайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Яна бир яхши янгилик битирувчиларнинг дипломида ихтисослик кўрсатилиши бўлди. Илгари олий тиббий таълим муассасалари битирувчилари дипломида ихтисослик кўрсатилмаслиги оқибатда ички ва ташқи меҳнат бозорида ўзига яраша муаммолар кузатилаётганди. Тиббий таълимни ривожлантиришга қаратилган қарор билан ушбу муаммоларга ҳам чек қўйилди. Эндиликда тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини етакчи хорижий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш борасидаги дуч келинаётган тушунмовчиликлар бартараф этилади.

Сир эмас, таълимнинг асоси ўқув дастурларига боғлиқ. Ўқув йили қисқаргач, бу ўзгариш дарс соатлари, таълим дастурларига ҳам, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Айнан ўқув дастурлари ва соатларининг тўғри ташкил этилиши таълим сифатини белгилаб беради. Қолаверса, талабалар тили билан айтганда “четки фан”ларнинг кўплиги ҳам бўлажак шифокорларнинг ихтисослик бўйича билим олишларига сезиларли таъсир қилаётгани ҳам сир эмасди.

— Бу муаммоларни бартараф этиш учун, ўқув жараёни комплекс тарзда таҳлил этилди. Олиб борилган ўрганишларда тиббий таълим жараёнида ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ҳатто ундан ортиғи қайтарилиш ҳоллари мавжудлиги аниқланди, дейди Ў.ИСМОИЛОВ. — Бундан ташқари, бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқув режа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги ҳам талабларнинг ортиқча вақтини олиб, ихтисослик бўйича билим олишига сезиларли таъсир қилаётгани исботланди. Жорий йилдан бошлаб, олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилди. Яъни касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилди, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажмини 85 фоизгача кўпайтирилди. Солиштириб кўрадиган бўлсак, илгари тиббий таълимнинг бор-йўғи 40-50 фоизини асосий мутахассислик фани ташкил қиларди. Бу ислоҳот олий тиббий таълимнинг биринчи босқичидан бошлаб, бўлажак шифокорнинг соҳага доир билимларини шакллантиришига кенг имкониятлар яратади.

Тиббий таълим соҳасида даволаш иши йўналишида ўқиш муддатларининг қисқартирилган таълим тизимига ўтилиши, ўқув соатларининг такомиилаштирилиши ва мақсадли қабул йўлга қўйилишидан тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланиши 15 фоизга тезлаштирилади, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига эришилади, шунингдек, тиббий таълим халқаро стандарт талабларига мослаштирилади.

Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Президентимизнинг узоқни ўйлаб, тиббий таълимни комплекс ривожлантиришга қаратилган топшириқлари ижроси тиббий таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини ошириш, тиббиёт олий ўқув юрти тилабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва пировард натижада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилади.

Шифокорлик касбининг машаққати, заҳмати, масъулияти катта. Шу боис, халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари давлатимизнинг ҳамиша эъзоз ва эътиборида бўлиб келмоқда. “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланиши ҳам кўрсатилаётган эҳтиром намунасидир. Буни чуқур ҳис этган соҳа вакиллари шифокорлик сари қўйилган илк қадам — талабалик давриданоқ қатъий интизому юксак масъулият билан ишлашни ўзининг кундалик қоидаси айлантиришига ишонамиз.

Дилроз АБРАЕВА.