X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида биринчи марта ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими татбиқ этилди

Бош сахифа

05 сентября 2017

Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида биринчи марта ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими татбиқ этилди

Академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг операцион мажмуалари ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими билан таъминланди. Бундай тизим юртимиз тиббиётида биринчи марта қўлланилмоқда.

Тиббиёт шундай соҳаки, унга ёши, жинси, касби-коридан қатъи назар, аҳолининг барча қатлами мурожаат этади. Бу катта масъулият ва жавобгарликдир. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Қисқа вақт ичида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан тўрт марта йиғилиш ўтказилгани ҳам бунинг яққол исботидир. Ушбу йиғилишларнинг ҳар бирида ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш, бу йўналишга замонавий техника ва технологияларни олиб кириш ва даволашнинг энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш масалас ҳам муҳокама қилиниб, унга ечим изланди.

Жорий йилнинг 20 июнида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани эса бу борадаги вазифаларни бажаришда муҳим асос бўлмоқда.

Ушбу қарор доирасида ҳамда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг барча операцион мажмуалари Европа стандартлари талаблари асосида қайтадан реконструкция қилинди. Бу эзгу мақсад учун давлат бюджетидан 12 миллиард сўм маблағ ажратилди.

— Ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш, бу йўналишга замонавий техника ва технологияларни олиб кириш ва даволашнинг энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш замонавий тиббиёт олдида турган долзарб масалалардан бири, — дейди Республика иxтисослаштирилган xирургия маркази директор ўринбосари Миржамол Зуфаров. — Мана шу мақсадда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан xирургия марказимиз Франция ва Италияда ишлаб чиқарилган вентилация ва кондиционерлаш каби жараёнларни дунё стандартлари талаблари даражасида бошқарувчи техникалар ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун зарур бўлган ускуналар билан жиҳозланди. Тўғрисини айтганда, марказда жуда катта иш амалга оширилди. Унинг кўламини яхшироқ англаш учун биргина мисол келтираман: марказимизда йилига 8 мингга яқин юқори технологик, мураккаб ва миниинвазив операциялар бажарилади.


Операцион мажмуалари ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими билан таъминланди

Бугунги кунда юрак ва қон томирларида сунъий қон айланиш шароитида бажариладиган очиқ операциялар, айниқса янги туғилган чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш каби ўта мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Операцияларнининг муваффақиятли чиқишида шароит катта роль ўйнайди. Бугун ўрнатиб берилган вентилация, кондиционерлаш тизими ёрдамида операция хонасига узатиладиган ҳаво уч босқичли жараёнда тозаланади. Учинчи тозалашдан кейин ҳаво 99,9 фоизгача стериль ҳолатда бўлади. Бундай шароитда жарроҳлик амалиётини ўтказиш унинг муваффақиятли чиқишини таъминлаб, кўплаб асоратларнинг олдини олиш имкони яратмоқда. Бугун бутун мараказимиз ушбу техникани катта қувонч билан кутиб олгани сабаби ҳам шунда.

2012 йилда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида замонавий кардиохирургия мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилган эди. Тўрт қаватли мазкур мажмуа кардохирургия йўналишида фойдаланадиган замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Мажмуанинг биринчи қаватида кунига икки юз нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган поликлиника, қон қуйиш станцияси, стационар шароитда даволанадиган беморларни қабул қилиш хонаси, иккинчи қаватида янги туғилган чақалоқлардан уч ёшгача бўлган болаларнинг туғма юрак нуқсонларини даволаш бўлими ҳамда ангиографик жарроҳлик хоналари мавжуд. Муассасанинг учинчи қаватида кардиохирургия бўлимининг палата, гемодиализ ва трансплантация бўлимлари, клиник-диагностика лабораторияси ҳамда диагностика хоналари жойлашган. Тўртинчи қаватда эса реанимация бўлими ва кардиожарроҳлик хоналари мавжуд.

Марказ ходимларининг маълум қилишича, келажакда одам аъзолари трансплантациясига оид қонун кучга кирса, марказ жигар, буйрак, ўпка ва юрак трансплантациясини ўтказишга тайёр.


Систем вентелатсия

Президентимиз ташаббуси ва бевосита кўрсатмалари билан олиб борилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар бугун ўзининг илк меваларини бермоқда. Яъни бу тизим операциядан кейинги асоратларнинг олдини олиш ҳисобига беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва умрини узайтиришга, фуқароларимизнинг шифо истаб узоқ хориж давлатларига сафар қилиши каби ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Келажакда юртимиздаги бошқа даволаш муассаларига ҳам ушбу тизим жорий этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда уларнинг қурилиш лойиҳаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.