Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида Бош сахифа

28 февраля 2019

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўтган вақт мобайнида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш миллий хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолати бузилишидан азият чекувчи шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларида муайян ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-3606-сон қарорига мувофиқ аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, психиатрия муассасаларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек республика психиатрия муассасалари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари бажарилмоқда.

Жумладан, «психиатрия» йўналиши бўйича давлат грантлари асосида магистратурага қабул квоталари оширилди, олий тиббий таълим муассасаларининг психиатрия кафедраларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқот ишлари фаоллашди. Илк бор руҳий хасталикларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди.

Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли психиатрия ёрдами кўрсатишни ташкил этиш, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини янада ривожлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда — Комплекс чора-тадбирлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини инновацион ривожлантириш, руҳий хасталикларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича илғор технологияларни амалиётга жорий этиш, ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;

руҳий ҳолат бузилиши аломатларига эга бўлган инсонларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланиши ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, руҳияти бузилган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилиши учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш масалаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан нотўғри тасаввурларга барҳам бериш;

ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини билан интеграция қилиш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

психиатрия ёрдамини кўрсатишда, айниқса республика ҳудудларида идоралараро мультидисциплинар бригада иши моделини жорий этиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи амалдаги муассасалар негизида фаол терапияга ва кенг кўламли даволаш-реабилитация комплекс тадбирлари ўтказишга, кундалик врачлар кузатувида бўлишга муҳтож бўлган, бироқ куну-тун психиатрия стационарига жойлаштирилиши шарт бўлмаган руҳий ҳолати бузилиши зўраядиган ёки компенсацияси бузиладиган шахслар учун кундузги стационарлар фаолиятини ташкил этиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасалар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни реконструкция қилиш ва замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш).

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига «Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри» ва «Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи» лавозимларини киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

4. Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам давлат тизими доирасида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К. Шодмонов):

психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришиш мақсадида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини янада мақбуллаштириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолатлар бузилишига ташхис қўйиш ва уларни даволаш клиник протоколларини жорий этсин;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни замонавий юқори самарали дори воситалари билан таъминлаш бўйича чоралар кўрсин;

иш вақтини хронометраждан ўтказиш орқали, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этадиган мутахассислар иш ҳажми нормативларини, келгусида штат нормативларига ўзгартишлар киритган ҳолда қайта кўриб чиқсин;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот тақдим этган ҳолда, уларнинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ўтказилишини таъминласин;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросига, шунингдек аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни мунтазам тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш юзасидан чоралар кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва киритишда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланишини назарда тутсин.

7. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга — Концепция ва Комплекс чора-тадбирларни ижро этиш юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига — Концепция ва Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажариш;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари раҳбарларига — фундаментал ва амалий фанлар ривожланишини таъминлаш, шунингдек аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарор мақсадлари ва вазифаларини, шунингдек Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросининг боришини ёритиш бўйича мақолалар ва мавзуга доир телекўрсатувлар ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2019 йил 13 февраль,

ПҚ-4190-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил 13 февралдаги ПҚ-4190-сон қарорига

1-ИЛОВА

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш

концепцияси

1-боб. Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари


1. 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясининг (кейинги ўринларда — Концепция) асосий мақсадлари психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришишдан иборат.

Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ҳамда аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматларини ислоҳ этишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олади.

2. Концепция қисқа ва ўрта муддатли истиқболда республика аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини мақбуллаштириш бўйича стратегик йўналишлар ва тегишли тадбирларни белгилайди.

3. Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

а) қисқа муддатли истиқболда (2019 — 2021 йилларда):

руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этишдаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш;

руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташхис қилиш ва даволаш (шу жумладан, ихтисослашмаган тиббиёт муассасаларида) стандартларини қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик уларни клиник амалиёт ва таълим жараёнига жорий этиш;

«Соғлиқни сақлашнинг ихтисослашмаган муассасаларида руҳий ҳолат бузилишлари ва неврологик бузилишлар, шунингдек психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар муносабати билан ёрдам кўрсатиш бўйича mhGAP-IG қўлланмаси (2.0 версия)»ни жорий этиш;

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;

республиканинг барча ҳудудларида «гўдаклар психиатрияси» хизматини ривожлантириш;

туғма ва ирсий касалликлар билан хасталанган болалар туғилишининг олдини олиш учун перинатал скринингни амалга ошириш;

болалар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган механизмларни, жумладан, аҳолининг ушбу гуруҳи билан ишлаётган барча муассаса ва хизматларда болалар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилишни жорий этиш;

психиатрия ёрдамининг касалхонадан ташқари шаклларини ривожлантириш;

ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни реконструкция қилиш ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш);

«Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари» методик тавсиясини ишлаб чиқиш;

б) ўрта муддатли истиқболда (2022 — 2025 йилларда):

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини инновацион ривожлантириш, ёш жиҳатидан руҳий ҳолат бузилишларини профилактика, ташхис қилиш ва даволашнинг илғор технологияларини амалиётга жорий этиш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини билан интеграция қилиш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг спорт объектлари, маданият муассасалари ва бошқа объектлардан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратишга кўмаклашиш;

деменция тўғрисида хабардорликни ошириш, шунингдек деменция билан касалланган одамларни парваришлаётган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, «тиббий психолог ва психотерапевт», «ижтимоий ишлар бўйича мутахассис», «ижтимоий ходим» йўналишлари бўйича аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш;

республика психиатрия муассасаларида руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини даволашнинг инновацион диагностик ва даволаш-реабилитация технологияларини жорий этиш;

«Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари»ни жорий этиш.

2-боб. Психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш фаолиятининг асосий йўналишлари

4. Ушбу Концепцияни амалга ошириш доирасида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

а) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолат бузилишларини ташхис қилиш ва даволаш клиник протоколларини жорий этиш орқали янада такомиллаштириш;

б) даволаш-профилактика тадбирларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан:

руҳий ҳолати бузилган шахсларни амбулатория шароитида кўмаклашувчи терапияни амалга ошириш учун самарадорлиги юқори бўлган замонавий дори воситалари ва препаратлар билан таъминлаш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг йўлдош касалликларини ташхис қилиш ва даволаш учун шароитлар яратиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари врачлари учун — аҳоли ўртасида суицидал хулқ-атворни профилактика қилиш модулларини жорий этиш;

асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида объектив маълумотларни тўплаш, ахборот олишнинг объективлиги ва тезкорлигини таъминлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари тизимларини жорий этиш;

в) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги истиқболли йўналишлар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш:

руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини профилактика, ташхис қилиш, даволаш, реабилитация қилиш ва прогнозлаш масалаларига инновацион ёндашиш;

минтақавий, этник, ёшга оид, гендер ва бошқа хусусиятларни ўрганган ҳолда аҳолининг ғайриижтимоий хулқ-атвори даражасини мониторинг қилиш;

ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни келтириб чиқарувчи стресс ҳолатларининг аниқ сабабларини, жумладан суд муҳокамаси материаллари асосида ўрганиш;

ёш жиҳатидан руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини барвақт ташхис қилиш, даволаш ва профилактика қилиш усулларини такомиллаштириш;

г) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш:

психиатрия хизматлари фаолияти тўғрисидаги нотўғри тасаввурларга барҳам бериш масалаларида оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

руҳий ҳолат бузилишларининг сабаблари, прогнози ва уларнинг аломатлари аниқланганда зарур ёрдам тўғрисидаги ахборотни тарқатиш;

руҳий ҳолати бузилган шахслар, жумладан, уларнинг оила аъзолари учун таълим дастурларини, шу жумладан деменция билан касалланган одамлар учун инклюзив жамиятни шакллантириш мақсадида руҳий гигиена ва профилактика бўйича материалларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим муассасаларида ва аҳолининг кенг қатламларида руҳий саломатликни асрашга қаратилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

д) кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш:

давлат таълим стандартларини янада такомиллаштириш орқали руҳий саломатлик соҳасидаги мутахассисларнинг профессионал даражасини ошириш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш ва тақсимлаш ҳажмларини ҳудудларнинг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли сони ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб оптималлаштириш;

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишда иштирок этувчи мутахассисларнинг иш ҳажми нормативларини иш вақти хронометражини ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

кадр ресурсларини жалб этиш мақсадида руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари ва оддий тиббиёт ходимлари учун меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий таъминотини ошириш ва хизматда ўсиш имкониятларини кенгайтириш.

3-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

5. Концепцияни амалга ошириш 2021 йилга келиб:

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишнинг барча даражаларида соғлиқни мустаҳкамлаш, профилактика, ташхис қилиш ва даволаш бўйича хизматларнинг кенг доирасидан тенг фойдаланишни таъминлайдиган руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани яратиш;

ёш жиҳатидан руҳий ва хулқ-атвор бузилишларини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида аниқлаш даражасини ошириш;

оилада ва таълим муассасаларида қулай шарт-шароитлар яратиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш ҳисобига психиатрлар етишмовчилигини қоплаш;

кўрсатилаётган психиатрия хизмати сифатини оширган ҳолда давлат ва хусусий психиатрия муассасалари ўртасида рақобат муҳитини яратиш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш даражасини ошириш;

руҳий ҳолат бузилишларининг асосий кўрсаткичларини тизимли мониторинг қилиш учун ахборот тизимини яратиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техник ва санитария-гигиена шароитларини яхшилаш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланишига чек қўйиш, уларга нисбатан нотўғри тасаввурларга барҳам бериш масалаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш;

давлатнинг узоқ вақт бўлиш ва/ёки яшаш муассасаларида болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш имконини беради.

6. Концепцияни амалга ошириш 2025 йилга келиб:

инновацион ахборот-коммуникация тизимлари асосида руҳий саломатлик соҳасида зарур даражада режалаштириш ва баҳолашни амалга ошириш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида руҳий ҳолат бузилишларини профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш бўйича кучли салоҳиятни шакллантириш;

руҳий ҳолати ёки хулқ-атвори бузилган шахсларни ташхис қилиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда илғор хорижий мамлакатларда кенг қўлланиладиган усулларини жорий этиш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишнинг барча бўғинларида руҳий саломатликни сақлаш бўйича мутахассислар билан таъминланишини яхшилаш, кадрларнинг зарур даражадаги малакаси, кўникма ва юксак профессионал даражага етишишига мотивация яратиш;

деменция билан касалланган шахслар, шунингдек уларни парвариш қилаётган шахсларни профилактика, ташхис қилиш ва даволаш (жумладан, паллиатив ёрдам, реабилитация ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш) бўйича хизматларнинг кенг доираси билан таъминлаш;

руҳий ҳолати бузилган шахслар ва уларнинг яқинларини таълим дастурлари билан қамраб олиш имконини беради.

4-боб. Якуний қоидалар

7. Концепцияни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва унинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади.

8. Натижаларга эришиш даражаси ва уларнинг самарадорлиги иловада келтирилган индикаторлар бўйича Концепцияда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш асосида баҳоланади.

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясига
ИЛОВА

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини амалга оширишнинг

Мақсадли кўрсаткичлари

Т/р

Кўрсаткичлар

Бугунги кунда *

2021 й.

2025 й.

1.

Психиатрия диспансери ҳисобида турганлар орасида ногиронлиги бор шахслар сонининг қисқаргани (фоизларда)

35,3

30

20

2.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўлими даражасининг пасайгани (100 минг кишига)

11,6

10

8

3.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи муассасаларнинг ўрин (койка)лар билан таъминлангани (100 минг кишига)

24

25,5

27

4.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи стационар муассасаларда даволанишга такрор ётқизилгани (фоизларда)

37,9

30

25

5.

Кундузги стационарларнинг жойлар билан таъминлангани (100 минг кишига)

1,7

2

2,5

6.

Психиатрия муассасалари ва уларнинг таркибий бўлинмалари психиатр врачлар билан таъминлангани (100 минг кишига)

2,5

3

4

7.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи мутахассислар билан таъминланганлик (илмий маъмурий ходимлар билан биргаликда, 100 минг кишига)

3,1

3,5

4

* 2018 йил учун расмий статистик маълумотлар эълон қилинмаганлиги сабабли 2017 йил охири ҳолатидаги маълумотлар келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил 13 февралдаги ПҚ-4190-сон қарорига

2-ИЛОВА

2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича

Комплекс чора-тадбирлар

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддати

Масъул ижрочилар

I. Руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш

1.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган «Мурувват» ногиронлар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомга қуйидагиларни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш:

«Мурувват» интернат уйларига юборишга тиббий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмаларни қайта кўриб чиқиш;

«Мурувват» ногиронлар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомни «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори

2019 йил

1 майга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Ўзбекистон ногиронлар жамияти (К. Абдуллаев),

манфаатдор вазирлик
ва идоралар

2.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига «Ўзбекистон Республикаси бош психиатри» ва «Ўзбекистон Республикаси бош суицидологи» лавозимларини киритиш.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи лойиҳаси

2019 йил

1 мартга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов)

3.

Руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташхис қилиш ва даволаш (шу жумладан, ихтисослашмаган тиббиёт муассасаларида) стандартларини қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик уларни клиник амалиёт ва таълим жараёнига жорий этиш.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи лойиҳаси

2020 йил

1 декабрга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов)

4.

Руҳий ҳолат бузилишларини ташхис қилиш ва даволаш клиник протоколларини ишлаб чиқиш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига жорий этиш.

Ишлаб чиқиш

Жорий этиш

2019 йил

1 июнга қадар

2020-2021 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов)

5.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг техник ва молиявий кўмагида руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишининг юки бўйича мамлакат миқёсида тадқиқот ўтказиш.

Аниқ таклифлар келтирилган таҳлилий маълумотнома

2019 йил

1 июлга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

«Соғлиқни сақлашнинг ихтисослашмаган муассасаларида руҳий ҳолат бузилишлари ва неврологик бузилишлар, шунингдек психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар муносабати билан ёрдам кўрсатиш бўйича mhGAP-IG қўлланмаси (2.0 версия)»ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.

Ишлаб чиқиш

Жорий этиш

2019 йил

1 октябрга қадар

2019 — 2025 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р. Изамов)

7.

«Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари» методик тавсияларини ишлаб чиқиш ва республика ҳудудларидан бирида тажриба лойиҳасини амалга оширган ҳолда жорий этиш.

Ишлаб чиқиш

Жорий этиш

2020 йил

1 январга қадар

2020 йил

1 декабрга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
Меҳнат вазирлиги (Ш. Кудбиев),

ИИВ (Д. Назармухамедов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

II. Руҳий ҳолат бузилишларининг олдини олиш, барвақт ташхис қилиш ва даволаш чораларини такомиллаштириш

8.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни:

самарадорлиги юқори бўлган замонавий дори воситалари;

амбулатория шароитида кўмаклашувчи терапияни амалга ошириш учун психотроп препаратлар билан таъминлаш.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи лойиҳаси

2019 йил

1 апрелга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

9.

Руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини барвақт ташхис қилиш ва даволаш сифатини яхшилаш учун психиатрия муассасаларида инновацион технологияларни жорий этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019 йил

1 декабрга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

10.

Психиатрия амалиётида фойдаланиладиган Асосий дори воситалари рўйхати ва Дори воситалари формуляр рўйхатига психиатрия хизмати эҳтиёжларидан келиб чиқиб, психиатрия соҳасидаги жаҳон тажрибаси ва фармаиқтисодий тадқиқотларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи лойиҳаси

2019 йил

1 майга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

11.

Жамоат ташкилотларини (уларнинг розилиги билан) руҳий ҳолати ва хулқ-атвори бузилган шахсларни профилактика, барвақт ташхис ва реабилитация қилишда иштирок этишга жалб этиш.

Ахборот-мультимедиа комплекс чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
«Маҳалла» жамғармаси (Ш. Жавлонов),

Хотин-қизлар қўмитаси (Т. Нарбаева),

Ёшлар иттифоқи (К. Куранбаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Туғма фенилкетонурия ва гипотиреозни аниқлаш бўйича, неонатал даврнинг муҳим босқичларида скрининг текширувларини ўтказиш, шунингдек фенилкетонурия ва гипотиреоз билан касалланган болаларни махсус даволаш озуқаси билан таъминлаш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

13.

Болалар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган механизмларни, жумладан, барча муассаса ва хизматларда болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилишни жорий этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

Мактабгача таълим вазирлиги (А. Шин),
Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

III. Психиатрия хизматининг юқори малакали кадрлар билан таъминланганлигини яхшилаш, психиатрия соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш

14.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг психиатрия кафедрасида умумий амалиёт шифокорлари учун психиатрия курсларини ташкил этиш ва ўтказиш.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи лойиҳаси

2019 йил
1 августга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

15.

Аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишда иштирок этувчи мутахассисларнинг иш ҳажми нормативларини иш вақти хронометражини ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик штат нормативларига ўзгартиришлар киритиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2020 йил

1 сентябрга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Молия вазирлиги (А. Хайдаров),

Меҳнат вазирлиги (Ш. Кудбиев)

16.

Кадрлар тайёрлаш сифати ва даволаш-ташхис ёрдамини яхшилаш учун тиббиёт олий таълим муассасалари психиатрия кафедраларининг клиник базалар билан ўзаро илмий-амалий ҳамкорлигини чуқурлаштириш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

ОТМВ (И. Маджидов)

17.

Руҳий соғлиқни сақлаш хизмати мутахассисларини тайёрлашнинг давлат таълим стандартларини такомиллаштириш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

ОТМВ (И. Маджидов)

18.

Эндоген, психоген ва соматопсихик бузилишларни ёш жиҳатидан профилактика, ташхис қилиш ва даволашнинг устувор йўналишлари бўйича психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни ўтказиш.

Чора-тадбирлар
дастури

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Юсупалиев),
Инновацион ривожланиш вазирлиги
(И. Абдурахмонов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

IV. Руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш

19.

Психиатрия хизматлари фаолияти тўғрисидаги нотўғри тасаввурларга ва психиатрия соҳасида салбий қарашларга барҳам бериш масалаларида тушунтириш ишларини олиб бориш, руҳий ҳолат бузилишларининг сабаблари, прогнози ва уларнинг аломатлари аниқланганда зарур ёрдам тўғрисидаги ахборотни тарқатиш.

Комплекс
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

ОТМВ (И. Маджидов),

Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов),

МТРК (А. Ходжаев),

ЎзА (А. Кучимов)

20.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун таълим дастурларини, шу жумладан деменция билан касалланган одамлар учун инклюзив жамиятни шакллантириш мақсадида руҳий гигиена ва профилактика бўйича материалларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Таълим дастурлари

ишлаб чиқиш
— 2019 йил

1 августга қадар

жорий этиш —

2019 йил

1 сентябрдан

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

ОТМВ (И. Маджидов),

Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов)

21.

Таълим муассасаларида ва аҳолининг кенг қатламларида руҳий саломатликни асрашга қаратилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

ОТМВ (И. Маджидов),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов),

МТРК (А. Ходжаев),

Ёшлар иттифоқи (К. Куранбаев)

V. Соғлиқни сақлаш давлат психиатрия ташкилотларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш

22.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларининг мавжуд психиатрия муассасалари негизида кундузги стационарлар фаолиятини ташкил этиш, жумладан:

2019 йилда — Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида;

2020 йилда — Андижон, Навоий, Наманган вилоятларида.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
Андижон, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари

23.

Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган кундузги стационарларга озиқ-овқат таъминоти учун бюджет маблағларини ажратиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов),

Молия вазирлиги (А. Хайдаров),

Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

VI. Халқаро ҳамкорлик

24.

Ўзбекистон психиатрлари ассоциацияси фаолиятини ташкил этиш ва унинг Жаҳон психиатрия ассоциациясига (Женева ш.) аъзо бўлиши бўйича зарур чораларни кўриш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019 йил

1 сентябрга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

25.

Хорижий мутахассислар иштирокида психиатрия бўйича халқаро илмий конференциялар, маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Тадбирлар
жадвали

тасдиқлаш — 2019 йил

1 майга қадар

амалга ошириш — 2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

ОТМВ (И. Маджидов)

26.

Психиатрия муассасалари психиатр шифокорларининг етакчи хорижий тиббиёт муассасаларида стажировка ўташини ташкил этиш.

Ташкилий
чора-тадбирлар

2019-2020 йиллар давомида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)


Ҳужжат тури:  Қарор
Ҳужжат рақами:  ПҚ-4190
Қабул қилиниш санаси:  13.02.2019
Кўчириб олиш pdf |