Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби ва Регламентини тасдиқлаш тўғрисида Бош сахифа

06 июля 2018

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби ва Регламентини тасдиқлаш тўғрисида

O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI SOG'LIQNI SAQLASH VAZIRINING

BUYRUG'I


2017 yil "06" 12

№ 736


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби ва Регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги 859-сонли “Яқин кариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик Низомни тасдиқлаш ҳакида”ги қарорини ижро этиш максадида буюраман:

1. Мавжуд шифо ўринлари ва штат бирликлари доирасида Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида яқин кариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш буйича, Тошкент шахар нефрология шифохонасида яқин қариндошлар орасида буйрак трансплантацияси бўйича ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил килинсин.

2.Якин кариндошлар орасида буйрак ва (еки) жигар бўлагини трансплантация килиш буйича ишларни мувофиқлаштириш, маълумотлар йигиш ва натижаларни таҳлил қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош трансплантологи (У.К.Юлдашев) зиммасига юклатилсин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилувчи Комиссиянинг Регламенти 2-иловага мувофиқ;

Республика Иммунология илмий маркази лабораториясида трансплантацияни амалга ошириш ва операциядан кейинги даврда иммуносупрессияни назорат қилиш учун зарур бўлган текширувлар руйхати 3-иловага мувофиқ;

Донор ва реципиент аризасининг шакли 4-иловага мувофиқ;

Донор-реципент жуфтлигининг “йўл харитаси” (маршрути) 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори (Ф.Назиров), Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори (А.Хаджибаев), Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси бош шифокори (А.Зуфаров):

яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш жараёнини ушбу буйрук асосида амалга оширилишини таъминласин;

муассасада донор ва реципиентнинг ҳужжатларини текширувчи ва жамловчи ички комиссияни ташкил этсин ва фаолиятини таъминласин.

5. Даволаш–профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошкармаси (Ф.Шарипов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилувчи Комиссия иш фаолиятини ташкил этсин.

6. Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошкармаси (М.Мирталипов) ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (У.Эгамбердиев) Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини, Республика шошилинчи тиббий ёрдам илмий марказини, Республика Иммунология илмий марказини ва Тошкент шаҳар нефрология шифохонасини бюджетдан молиялаштириш бўйича харажатлар сметасини тузишда янги ташкил этилган буйрак ва (ёки) жигар бўлагининг трансплантациясига ихтисослаштирилган бўлимлари ва HLA генотипларини аниқловчи лаборатория фаолияти учун белгиланган тартибда маблағ ажратилишини инобатга олсинлар.

7. Инвестиция дастурлари ва лойиҳаларини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси (А.Норбеков) Республика Иммунология илмий марказининг тақдим этган рўйхатига асосан HLA генотипларини аниқловчи лабораториясини асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласини кўриб чиқсин ва тегишли таклиф киритсин.

8. Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази ДУК директори (А.Р.Абдуллаев):

яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлаги трансплантациясини ташкил этиш ва амалга ошириш, in vitro диагностика учун зарур бўлган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштиришда;

дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника рўйхатдан ўтгунга қадар in vitro диагностикаси учун зарур бўлган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани олиб киришга бир маротабалик рухсат олишга амалий ёрдам берсин.

9. Ушбу буйрук ижроси назорати Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б. Юсупалиев зиммасига юклатилсин.


Вазир

А.Шадманов



Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “6” декабрдаги

736 - сон буйруғига 1-илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби

Б.К.Юсупалиев - Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси

Ф.Р.Шарипов - Даволаш–профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармасининг бошлиғи, Комиссия раиси ўринбосари ;

Комиссия аъзолари:

Р.И.Махаммадиев - Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юридик бўлими бошлиғи;

Г.Р.Пулатова - Даволаш–профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармасининг етакчи мутахассиси;

Ф.Г.Назиров - Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори;

Э.И.Мусабаев - Вирусология илмий-текшириш институти директори;

А.А.Худаяров - Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори;

Т.У.Арипова – Республика Иммунология илмий маркази директори;

А.К.Зуфаров - Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси бош врачи;

У.К.Юлдашев - Соғлиқни саклаш вазирлигининг бош трансплантологи;

М.М.Акбаров - Соғлиқни саклаш вазирлигининг бош хирурги;

М.А.Собиров - Соғлиқни саклаш вазирлигининг бош нефрологи;

Б.Б.Нурмухамедов - Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси шифокор–урологи (Комиссия котиби).

Изоҳ: Комиссия аъзосидан бирортаси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг ўрнига тайинланган шахс комиссия аъзоси таркибига киритилади.



Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “6” декабрдаги

736-сон буйруғига 2-илова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилувчи Комиссия регламенти

1. Ушбу Регламент тирик яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантациясини амалга ошириш операциясининг тартиби, донор ва реципиентнинг текширилиши тартибини назорат қилиш учун тузилган.

2. Якин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантациясини амалга оширишнинг зарурлиги ҳақида қарор қабул қилишда донорда юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирларни ҳисобга олиш билан бирга, бу операциянинг реципиентга бўлган таъсирларини ҳам ҳисобга олиниши шарт.

3. Яқин қариндошлик алоқаларини исботловчи ҳужжатларга қуйидагилар киради:

нотариал тасдиқланган донор ва реципиентнинг туғилганлик хақидаги гувоҳнома ва паспортлари нусҳалари;

донор ва реципиентнинг яшаш жойларидаги фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотномалар;

донор чет элда доимий истиқомат қиладиган ҳолларда ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган маълумотномалар талаб қилинмайди. Донор чет эл фуқароси бўлса, унинг Ватани Адлия Вазирлиги томонидан тасдиқланган апостиль ҳулосаси бўлиши шарт.

донорнинг ундан аъзонинг олинишига ва реципиентнинг якин қариндошидан аъзонинг қабул қилишига нотариал тасдиқланган розиликлари.

4. Трансплантация амалиёти бажариладиган даволаш-профилактика муассасаси қуйидаги ҳужжатларни Комиссияга ўрганиб чиқиш учун тақдим этади:

трансплантация амалиётини бажарилишига нотариал тасдиқланган реципиент ёки унинг қонуний вакилининг рухсати (розилиги);

донордан унинг бир буйраги ва (ёки) жигар бўлаги олинишига розилиги (ариза намунаси ушбу Регламентнинг иловасида келтирилган);

донор ва реципиент орасидаги яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар;

реципиентнинг охирги касаллик тарихидан кўчирма ва (ёки) трансплантация амалиёти бажариладиган даволаш-профилактика муассасасининг амбулатор текширувлар картаси.

5. Комиссия йиғилишининг натижаси бўйича якуний қарор қабул қилинади.

6. Трансплантация амалиётига рухсат комиссия аъзоларининг бир овоздан чиқарган қарори асосида берилади.

7. Агар комиссия аъзоларидан бири операцияга асосли равишда қарши бўлса ёки ижобий розилик беришдан бош тортса, операциянинг бажарилишига рухсат берилмайди.

8. Трансплантация амалиёти бажарилганидан кейин даволаш–профилактика муассаси донор ва реципиентни қуйидагилар билан таъминлаб бериши шарт:

донорни беш кун давомида профилактик диспансер назорати остида бўлиб туриши;

реципиентни йигирма бир кун давомида профилактик диспансер назорати остида бўлиб туриши;

амбулатор даволаниш даврида қонун билан белгиланган тартибда дорилар билан таъминлаш.

9. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари, тўқималари ва хужайраларини трансплантация қилиш ҳақида»ги Қонуни кучга киргунга қадар амалда бўлади.

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “6” декабрдаги

736-сон буйруғига 3-илова

Реципиентнинг бажарилиши шарт бўлган текширувлари рўйхати

1. Қон умумий таҳлили.

2. Пешоб умумий таҳлили.

3. Пешоб ва балғам экмалари.

4. Қон гуруҳи ва резус – фактор.

5. HLA генотипларини аниқлаш.

6. Илгаридан мавжуд бўлган антилейкоцитар антитаналар.

7. Қоннинг биохимиявий текширувлари (умумий билирубин ва унинг фракциялари, АЛТ, АСТ, креатинин, мочевина, умумий оқсил ва унинг фракциялари, электролитлар, кислотали-ишкорий муҳит, коагулограмма).

8. А, В, С гепатит вируслари, оддий герпес вируси, цитомегаловирус, токсоплазмага антитаналар титрини аниқлаш.

9. НВ 8 – антигени, Вассерман реакцияси, ВИЧ га антитаналарни аниқлаш.

10.Кўкрак қафаси аъзоларининг рентгенографияси, ЭКГ, эхокардиографияси.

11. Эзофагогастродуоденоскопия.

12. Қорин бўшлиғи аъзоларининг ультратовуш текшируви (жигар, ўт қопи, ошқозон ости бези, қора талоқ).

13. Буйраклар ва сийдик қопи (шунингдек, эркакларда – простата бези ва қолдиқ сийдик, аёлларда – бачадон ва тухумдонлар).

14. Қорин бўшлиғи аъзоларининг компьютер томография текшируви (жигарнинг хажмини аниқлаган ҳолда).

15. Жигар ультратовуш текшируви (қопкоқ вена ичидаги қон харакати, унинг ўтказувчанлиги ва йўналиши).

16. Баъзи ҳолатларда целиакография ва спленопортография бажарилади.

17. Оёк қон томирларининг допплерографияси.

18. Стоматолог ва ЛОР – шифокори маслахати, оғиз бўшлиғининг санацияси.

19. Психиатр, невропатолог, уролог ва нефролог маслаҳатлари.

Донорнинг бажарилиши шарт булган текширувлари рўйхати

1. Қон умумий таҳлили.

2. Пешоб умумий таҳлили.

3. Кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи аъзоларининг рентгенографияси

4. Эзофагогастродуоденоскопия.

5. Қон зардобида мочевина ва креатинин миқдори.

6. Буйрак коптокчалари фильтрацияси тезлиги, каналчалар реабсорбцияси.

7. Қоннинг биохимиявий текширувлари (умумий билирубин ва унинг фракциялари, АЛТ, АСТ).

8. Қон гурухи ва резус – фактор, зардоб билан гурухлараро мутаносиблик.

9. В ва С гепатит вируслари ва цитомегаловирусга қарши антитаналар.

10. НВ 8 – антигени, Вассерман реакцияси, ВИЧ га антитаналарни аниқлаш.

11. ЭКГ.

12. Жигар, қовуқ ва буйракларни ультратовуш текшируви.

13. Жигар компьютер томографияси.

14. Экскретор урография.

15. Аорта қорин бўлимининг шарҳловчи аортографияси.

16. НLA генотипларини аниқлаш.

17. Кросс – матч реакцияси (реципиент зардоби ва донор лимфоцитлари орасидаги мутаносибликни аниқлаш).

18. Психиатр маслаҳати.

Республика Иммунология илмий маркази лабораториясида трансплантацияни амалга ошириш ва операциядан кейинги даврда иммуносупрессияни назорат қилиш учун зарур бўлган текширувлар рўйхати

1. Донор ва реципиентларда суст (Low Resolution) ва/ёки юқори (High Resolution) аниқликларда НLA генотипларини аниқлаш.

2. Реципиентга мутаносиб донорни аниқлаш мақсадида илгаридан мавжуд бўлган НLA антитаналарининг трансплантациядан олдинги таҳлили (PRA кўрсаткичининг % миқдорида ҳисобланиши билан).

3. Буйрак номутаносиблигини ҳавфини аниқлаш мақсадида трансплантациядан кейинги даврда антидонорлик НLA антитаналарининг мониторинги.

4. Юқори сезувчанликка эга бўлган тимокинлар гурухига мансуб маркерлар (OPG, MIG, OP-10) асосида буйракнинг ўткир номутаносиблик ҳавфининг эрта диагностикаси.

5. Юқори сезувчанликка эга бўлган иммунофлюоресцент усули билан кросс-матч реакциясини бажариш.

6. Тромбоцитотрансфузия вақтида резистентлик ҳолатини аниқлаш учун тромбоцитларга антитаналарни аниқлаш.

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “6” декабрдаги

736-сон буйруғига 4-илова

Донор аризасининг шакли

АРИЗА

(буйрак ва (ёки) жигар бўлагини беришга)

Мен, ______________________________________________________________

(донорнинг фамилияси, исми, шарифи)

ихтиёрий равишда мендан буйрак ва (ёки) жигар бўлагини менга

_________________________________________________________________бўлган

(қариндошлик даражаси)

_________________________________________________________________га

(реципиентнинг фамилияси, исми, шарифи)

трансплантация амалиёти учун тегишли тиббий муассасада (академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент шахар нефрология шифохонаси) донор сифатида беришга розилик билдираман.

Ўтказилган текширувлар натижалари асосида менинг тана аъзоларим тўғрисидаги тўлиқ маълумотни олдим.

Операция давомида буйрак ёки жигар бўлагини бериш трансплантацияси давомида келиб чиқиши мумкин бўлган асоратлар тўғрисида огоҳлантирилдим.

Буйрак ёки жигар бўлагини беришга розилик беришимга менга ҳеч ким психологик, жисмоний ва бошқа таъсир ўтказгани йўқ.

____________ ____________

Имзо Сана

Реципиент аризасининг шакли

АРИЗА

(буйрак ва (ёки) жигар бўлагини қабул қилишга)

Мен, __________________________________________________________________________

(реципиентнинг фамилияси, исми, шарифи)

ихтиёрий равишда буйрак ва (ёки) жигар бўлагини мен учун менга ______________________________________________________________________________бўлган

(қариндошлик даражаси)

донор _________________________________________________________________________дан

(донорнинг фамилияси, исми, шарифи)

тегишли тиббий муассасада (академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси) менга трансплантация килиш амалиёти орқали ўтказилишига розилик билдираман. Ўтказилган текширувлар натижалари асосида менинг тана аъзоларим тўғрисидаги тўлиқ маълумотни олдим.

Буйрак ёки жигар бўлагини менга трансплантация килиш амалиёти давомида ва операциядан кейинги даврда келиб чиқиши мумкин бўлган асоратлар тўғрисида огоҳлантирилдим.

Буйрак ёки жигар бўлагини олишимга розилик беришга ҳеч ким менга психологик, жисмоний ва бошқа таъсир ўтказгани йўқ.

____________ ____________

Сана Имзо

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2017 йил “6” декабрдаги

736-сон буйруғига 5-илова

Донор – реципиент жуфтлигининг “йўл харитаси“ (маршрути)

1. Беморнинг ҚВП, қишлок ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаати вақтида умумий амалиёт шифокорининг кўригида беморда бўйрак ва (ёки) жигар хасталикларининг терминал босқичи аниқланган холларда, у яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг тегишли бўлимлари ёки мутахассислари қабулига юборилади.

2. Туман (шахар) тиббиёт бирлашмаларида яқин қариндош донор–реципиент жуфтлиги умумий клиник кўрикдан ўтказилади. Трансплантация натижаларига таъсир ўтказиши мумкин бўлган соматик хасталикларни аниқлаш мақсадида донор–реципент жуфтлиги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларига юборилади.

3. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларида трансплантология бўйича шифокор донор ва реципиентнинг трансплантацияни ўтказишга мутаносиблигини аниқлаш мақсадида уларга бирламчи текширувни бажаради. Текширувга АВ0 (қон гурухи бўйича) мутаносиблик, сурункали В ва С гепатитлари ва ВИЧ мавжудлигини аниқлаш ҳам киради.

4. Қарши кўрсатмалар топилмаган ҳолларда яқин қариндош донор–реципиент жуфтлиги уларнинг ихтиёрий танлови асосида академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ёки Тошкент шаҳар нефрология шифохонасига юборилади ва беморда амбулатор равишда текширув олиб борилади (3-иловага асосан, ўрта ҳисобда уч ҳафта давомида).

5. Текширувдан сўнг абсолют қарши кўрсатмалар аниқланмаган ҳолларда донор – реципиент жуфтлиги хақидаги барча маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Комиссиясига ўрганиб чиқиш учун такдим этилади.

6. Комиссия текширувидан сўнг трансплантация амалиёти маъқул деб топилган жуфтлик, операциядан 1 кун аввал тегишли стационарга ётқизилади.

7. Операциядан кейин йигирма бир кун давомида реципиент трансплантация амалиёти ўтказилган муассасада профилактик диспансер назоратида бўлиши шарт.

8. Йигирма бир кундан сўнг реципиент амбулатор кузатувини доимий равишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларида бепул давом эттиради.

9. Реципиентда трансплантациядан кейинги даврда унга ўтказилган буйрак ва (ёки) жигар бўлагида касалланиш ёки етишмовчилик юзага келган ҳолатларда, реципиент унга трансплантация амалиёти бажарилган муассасага стационар шароитида даволаниши учун юборилади.

10. Операциядан сўнгги даврда донорда трансплантация билан боғлиқ асоратлар келиб чиқиши кузатилганда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларида врач-трансплантолог назорати остида бепул текшириш ва даволаш ишлари олиб борилади.


Ҳужжат тури:  Буйруқ
Ҳужжат рақами:  736
Қабул қилиниш санаси:  06.12.2017
Кўчириб олиш pdf |