Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ТИББИЙ ФАОЛИЯТНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА Бош сахифа

07 сентября 2017

ТИББИЙ ФАОЛИЯТНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ТИББИЙ ФАОЛИЯТНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 25-сон, 548-модда)

Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Лицензия талаблари ва шартлари лицензия олиш ёки лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш учун янгидан ариза берган тиббий муассасаларга, шунингдек лицензияни қайта расмийлаштириш учун мурожаат қилган фаолият юритувчи лицензиатларга татбиқ этилади;

тиббий фаолиятни амалга ошириш учун аввал берилган лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати тугагунгача амал қилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда қуйидагиларни тасдиқласин:

улар бўйича тиббий фаолият амалга оширилаётган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси;

тиббий ихтисослашувнинг тегишли турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар, шунингдек тиббий ташкилотнинг туридан келиб чиқиб аниқланадиган тиббий ускунанинг маънан эскирганлиги даражасини аниқловчи мезонлар;

тегишли мутахассисликка эга врачлар тиббий ихтисослашувининг лицензияланадиган турлари бўйича врачлар лавозимини эгаллаши мумкин бўлган тиббий мутахассисликлар рўйхати;

лицензияни олиш, узайтириш ва қайта расмийлаштириш бўйича аризалар шакллари;

лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги эксперт хулосасининг шакли.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

икки ой муддатда Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда нодавлат тиббий ташкилотлар ўртасида ушбу қарор қоидаларини бажариш бўйича кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.

5. Ушбу қарор 2017 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида» 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 3-сон, 21-модда) 1-банди , шунингдек қарорга 1 ва 2- иловалар 2017 йил 1 июлдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 21 июнь,

405-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 июндаги 405-сон қарорига

ИЛОВА

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

диагностика — мижознинг шикоятлари, анамнези ва кўрик маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш, ташхисни аниқлаш мақсадида лаборатория, инструментал, паталого-анатомик ва бошқа кўрикларни ўтказиш, мижозни даволаш бўйича тадбирларни танлаш ва (ёки) ушбу тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича амалга ошириладиган, ҳолатни ойдинлаштиришга ёки касалликнинг бор ёки йўқлиги фактини аниқлашга йўналтирилган тиббий аралашувлар мажмуи;

консультация — тиббий мутахассиснинг касалликни аниқлаш, бартараф этиш ва намоён бўлиш шакллари ёки ҳолатини енгиллаштириш бўйича профессионал маслаҳати;

даволаш — тиббий мутахассиснинг кўрсатмасига кўра бажариладиган, у ёки бу касаллик ёки жароҳат, патологик ҳолат ёки организм фаолиятининг бошқача тарзда бузилиши аломатларини енгиллаштириш, йўқотиш ёки бартараф этиш мақсадида бажариладиган тиббий аралашувлар мажмуаси, ҳаётий фаолиятнинг бузилган жараёнларини нормаллаштириш ва соғломлаштириш, соғлиқни, меҳнатга лаёқатни ва турмуш сифатини тиклаш;

тиббий фаолият — махсус тиббий маълумот ва кўникмаларни талаб қилувчи касалликларнинг профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва мижознинг реабилитациясига йўналтирилган фаолият;

амбулатория туридаги тиббий ташкилотлар — туну-кун кузатишга муҳтож бўлмаган мижозларга даволаш-диагностика ёрдами кўрсатиладиган ташкилот;

стационар турдаги тиббий ташкилотлар — туну-кун кузатиш, парвариш қилиш ва даволаш-сақлаш режимига муҳтож бўлган беморларга даволаш-диагностика ёрдами кўрсатувчи ташкилот;

нодавлат тиббий ташкилотлар — фаолияти лицензияланадиган, давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирмайдиган ташкилотлар;

мижоз — касаллиги бор ёки йўқлигидан ва ҳолатидан қатъи назар, унга ёрдам кўрсатилаётган ёки тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний шахс;

профилактика — мижознинг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг юзага келиши ва (ёки) тарқалишининг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, уларнинг юзага келиши ва ривожланиши сабабларини аниқлашдан иборат бўлган ҳамда одам соғлиғига у яшаётган муҳит омилларининг салбий таъсирини йўқотишга қаратилган тадбирлар мажмуи;

реабилитация — бошдан кечирилган касалликдан сўнг қўлланиладиган, одам организмининг касаллик ёки жароҳат туфайли бузилган ёки тўлиқ йўқотилган нормал руҳий ва физиологик функциялари (эҳтиёжлари)ни, унинг меҳнатга лаёқатини энг юқори даражада тиклаш ёки ўрнини босишга йўналтирилган тадбирлар мажмуи.

3. Тиббий фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.

4. Тиббий фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали «ягона дарча» тамойили асосида (кейинги ўринларда «ягона дарча» маркази деб аталади) ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерфаол давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) орқали амалга оширилади.

5. Тиббий хизматлар маслаҳатлар, диагностика, даволаш ва реабилитация шаклида тегишли амбулатория ва стационар турдаги тиббий ташкилотларда кўрсатилади.

Тиббий фаолият лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган тиббий ихтисослашув шакллари номенклатурасига (кейинги ўринларда ихтисослашув шакллари деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.

Тиббий ихтисослашувнинг тегишли турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар (кейинги ўринларда кам талаблар деб аталади), шунингдек тиббий асбоб-ускунанинг маънан эскирганлиги даражасини аниқловчи мезонлар тиббий ташкилотнинг туридан келиб чиқиб, лицензияловчи орган томонидан белгиланади.

6. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

7. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) беш йил муддатга берилади. Лицензия лицензияга талабгорнинг аризасига кўра 5 йилдан кам муддатга берилиши мумкин.

8. Лицензия талабгорлари лицензия талабларига ва ушбу Низомда назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлган юридик шахслар бўлиши лозим.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан ташкил этилган давлат тиббий унитар корхоналари ва муассасалари, уларнинг тиббий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган тақдирда лицензия олмасдан тиббий фаолият юритишга ҳақлидир. Ушбу қоида санаб ўтилган ташкилотларни лицензия талаблари ва шартларини (мутахассисларнинг малакавий тоифасига нисбатан лицензия талаблари бундан мустасно), шунингдек тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажаришдан озод этмайди.

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

10. Қуйидагилар тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) қуйидагиларнинг мавжудлиги:

бош шифокорда — олий тиббий маълумот ва малакавий тоифа, бошқа врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа;

стационар турдаги нодавлат тиббий ташкилотда операция бўлими ташкил этилган тақдирда операция қилувчи врачда — камида биринчи малакавий тоифа;

хорижий мутахассис жалб этилган тақдирда операция қилувчи врачда камида етти йиллик иш стажи ёки етакчи тиббий муассасалар ёки клиникаларнинг операция қилувчи врачининг зарур касбий кўникмаларга эга эканлигини тасдиқловчи тавсияномаси;

мутахассис-врачларда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат;

хорижий билим юртини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда хорижий мамлакатларда олинган маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг нострификацияси (эквивалентлигини белгилаш) ҳақидаги гувоҳноманинг давлат намунаси;

хорижий билим юртини тамомлаган мутахассисни ишга жалб қилишда мутахассислиги бўйича малакасини тасдиқловчи ҳужжат;

лицензия талабгорида — талабгорга мулкчилик асосида ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар бўйича тегишли бўлган, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мос бўлган лицензияланган фаолият турини амалга оширишга мўлжалланган хоналар;

лицензия талабгорида — талабгорга мулкчилик асосида ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар бўйича тегишли бўлган, тегишли метрологик меъёрлар ва техника хавфсизлиги меъёрларига мос бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техника;

терапевтик йўналиш ва диагностика ихтисосликлари бўйича тиббий фаолиятни амалга оширишда стерилизация ишларини бажаришга шартнома ёки стерилизация бўлими;

хирургия йўналишидаги ихтисосликлар, шу жумладан, стоматология бўйича тиббий фаолиятни юритишда стерилизация бўлими;

тиббий ходимда — стерилизация ускунасида ишлаш бўйича ўқувдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

б) қонунчиликка қатъиян риоя қилган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш, бунда қуйидагиларга риоя қилиш:

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича бирламчи тиббий ҳужжатларни юритиш;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик соғлиғи ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш бўйича илмий-тадқиқот институти филиалларига статистика маълумотларини тақдим этиш;

санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга риоя қилиш;

лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиш;

лицензияловчи орган томонидан рухсат берилган доривор, дезинфекция ва зарарсизлантирувчи воситалар, лаборатория реагентларидан фойдаланиш;

тиббий фаолиятни қатъиян лицензияда кўрсатилган доирада амалга ошириш;

в) ушбу Низомда белгиланган ҳолатларда, муддатда ва миқдорда йиғимларни, давлат божларини тўлаш.

3-боб. Лицензияни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар

11. Лицензия олиш учун талабгор «ягона дарча» марказларига ёки Ягона портал орқали электрон шаклда лицензияловчи орган томонидан белгиланган шаклга мувофиқ лицензия берилиши ҳақидаги аризани тақдим этади ва унда қуйидагиларни кўрсатади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили (почта манзили) ва тиббий фаолиятни амалга ошириш манзили, электрон почтаси, банк реквизитлари;

тиббий ташкилотнинг тури ва юридик шахс кўрсатмоқчи бўлган ихтисослашувлар шакллари ва кўрсатилган тиббий фаолият амалга ошириладиган муддат;

тасдиқланган энг кам талабларга мувофиқ тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техниканинг мавжудлиги ҳақидаги маълумот.

12. Лицензия талабгоридан ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

13. Лицензия берувчи орган лицензия бериш учун зарур бўлган, бошқа ваколатли органларнинг ихтиёрида бўлган маълумотларни мустақил равишда, белгиланган тартибда, шу жумладан электрон шаклда олади, ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно.

14. Лицензия талабгори лицензия бериш ҳақидаги аризани мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган маълумотларни кўрсатган ҳолда «ягона дарча» марказига шахсан топширади ёки Ягона портал орқали етказади. Лицензия бериш ҳақидаги аризани мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган маълумотларни илова қилган ҳолда электрон шаклда Ягона портал орқали етказишда ариза лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия талабгори аризада топширилган аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани олиш шаклини кўрсатади.

Лицензияларни бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, улар бўйича хулосаларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нодавлат ташкилотлари тиббий фаолиятини лицензиялаш бошқармаси (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Лицензия талабгори томонидан Ягона портал орқали тақдим этилган, керакли маълумотлар кўрсатилган ариза ишчи органнинг масъул ходими томонидан қабул қилинади ва унинг олинганлиги хабар қилинади, шунингдек автоматик тарзда Ягона порталда рўйхатга олинади ва такрорланмайдиган рўйхатга олиш рақами берилади.

Лицензия талабгори томонидан «ягона дарча» маркази орқали зарур маълумотлар кўрсатилгани ҳолда ариза берилганда, «ягона дарча» маркази ходими ушбу аризани қонунчиликда белгиланган тартибда лицензия берувчи органга юборади.

15. Лицензия талабгори ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилгани учун қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.

4-боб. Аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш

16. Лицензия бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун лицензия талабгоридан ариза берилган кунда қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

17. Лицензия бериш ҳақидаги ариза талабгор томонидан Ягона портал орқали берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун йиғим суммаси лицензия берувчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Ягона дарча» марказига шахсан мурожаат қилинган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимлар суммасининг 10 фоизи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан бош тортган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

18. Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгор аризаси олингандан сўнг йигирма кундан ошмайдиган муддатда, унинг берилиши шаклидан қатъи назар, зарур маълумотлар кўрсатилган ҳолда қабул қилинади.

19. Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур маълумотлар билан бирга берилган кунда ишчи органга кўриб чиқиш учун киритилади.

20. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун яратилган шароитларнинг белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мослигини аниқлаш учун ишчи орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун давлат санитария-эпидемиология назоратининг тегишли ҳудудий марказига уни йўллаши шарт.

21. Давлат санитария-эпидемиология назоратининг тегишли ҳудудий маркази бир ҳафта давомида ишчи органга идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали жойига бориб, ўрганиш хулосалари асосида тузилган хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосасини тақдим этади.

22. Ишчи орган эксперти хоналарнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулоса олингандан сўнг жойига борган ҳолда бир ҳафта муддатда лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза ўтказади.

Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини текшириш бўйича экспертиза лицензияловчи органнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Экспертизани амалга оширишда эксперт хулосасини асослаш учун зарур ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлашга ҳақли.

Экспертиза натижаларига кўра эксперт томонидан лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги эксперт хулосаси тузилади.

Тегишли хулосаларни тайёрлаш учун лицензияловчи орган шартномавий асосда қўшимча экспертларни жалб этишга ҳақли.

Лицензияловчи органнинг лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги қарори уч кун муддатда тасдиқланади ва лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Лицензияловчи орган икки кун муддатда лицензия талабгорини у ўз аризасида кўрсатган шаклда, банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда бундан хабардор қилади.

23. Лицензия лицензия талабгори давлат божи тўлаганлиги ҳақидаги ҳужжат ёки тўланганлигининг электрон тасдиғини тақдим этган кунда берилади.

24. Лицензиялар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Берилган, тўхтатиб турилган, янгиланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тўхтатилган лицензиялар «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси реестрига киритилади.

25. Лицензиат лицензия берилиши тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган кундан бошлаб уч ой муддатда лицензия берилиши учун давлат божини тўламаган бўлса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли.

26. Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича лицензия бериш рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия берувчи органнинг лицензия беришни рад этиш, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

27. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига у аризада кўрсатган шаклда йўлланади, унда рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилади. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун етарли бўлиши зарур.

Лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг лицензияловчи орган томонидан такроран кўриб чиқилиши лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга тақдим этилгандан сўнг ўн кундан ошмаслиги керак.

Бунда такроран берилган ариза ишчи органга кўриб чиқиш учун улар қабул қилинган кунда берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар ва такрорий экспертиза хулосалари бўйича лицензияловчи органнинг лицензияни бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги протоколи тузилади.

Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилиши учун йиғим ундирилмайди.

Талабгорнинг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги аввалги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатдан сўнг берилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.

28. Тиббий фаолиятнинг амалга оширилиш жойи, ташкилот тури, ихтисослашув тури ўзгарган ёки филиали очилган тақдирда лицензиат лицензия олиш учун қайта ариза бериши шарт. Бунда янги лицензия олингунгача лицензиат аввал берилган лицензия асосида тиббий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, дубликат бериш

29. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи, жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ва унинг ҳуқуқий вориси рўйхатдан ўтгандан сўнг бир ой муддатда лицензияловчи органга «ягона дарча» марказлари ёки Ягона портал орқали электрон шаклда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши, унга тегишли маълумотларни ва амалдаги лицензиянинг асл нусхасини илова қилиши шарт.

Лицензиатлар — юридик шахслар бирлашган, давлат рўйхатидан ўтган санага кўра янгидан ташкил этилган юридик шахс ташкил қилиб, айнан ўша фаолият тури билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган тақдирда, лицензиянинг ушбу бобда назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштирилишига йўл қўйилади.

Лицензияловчи орган қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича автоматлаштирилган тизим орқали кўрсатилган маълумотларнинг тасдиғини олади.

Фаолиятнинг бир қисми (қисмлари) бўйича лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда лицензия қайта расмийлаштирилиши керак.

30. Лицензия қайта расмийлаштирилгунгача лицензиат унда кўрсатилган фаолият тури билан аввал берилган лицензия асосида фаолият юритади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган электрон шаклда шакллантириладиган «Лицензия» ахборот тизимлари комплексидаги лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензиатга лицензияловчи орган томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш бўйича ариза олингани ҳақида хабарнома йўллангандан сўнг беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза электрон шаклда Ягона портал орқали берилган тақдирда йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Ягона дарча» марказларида шахсан борилган ҳолатда аризаларни кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензиат аризадан воз кечган тақдирда тўланган сумма қайтарилмайди. Лицензия қайта расмийлаштирилганда давлат божи ундирилмайди.

31. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензияни олиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой аввал берилиши керак.

32. Лицензия йўқолган ёки яроқсизланган тақдирда унинг дубликати берилади. Дубликат олиш учун лицензиат «ягона дарча» марказлари ёки Ягона портал орқали ариза ва лицензиянинг йўқолганлигини тасдиқловчи ҳужжат билан, шунингдек лицензияни олиш учун назарда тутиладиган йиғимнинг ярмини тўлаган ҳолда мурожаат қилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Ягона дарча» марказларига шахсан мурожаат қилинган тақдирда аризаларни кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

6-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

33. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фақат Республика назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан режали ва қисқа муддатли текширувлар (кейинги ўринларда текширувлар деб аталади) ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан текширувларни ўтказишда пайдо бўладиган саволлар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари бўйича далолатномалар (маълумотномалар) тузиш ва унда лицензиат томонидан йўл қўйилган муайян лицензия талаблари ва шартлари бузилишини кўрсатиш;

бажарилиши шарт бўлган, лицензиат томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги кўрсатмаларни қабул қилиш, бундай бузилишларни тузатиш учун етарли бўлган муддатни белгилаш;

қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилиш ҳамда лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни киритиш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан лицензия олмасдан тиббий фаолият билан шуғулланиш ва/ёки лицензияда назарда тутилмаган тиббий хизматлар кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликда назарда тутилган тартибда чоралар кўриш учун уларга оид материаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш.

34. Лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан текширув ўтказиш пайтида икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.

35. Лицензияловчи орган шунингдек лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши юзасидан қуйидаги йўллар билан мониторинг олиб бориши мумкин:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда қабул қилиш ва ўрганиш;

лицензиатлардан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларига тегишли бўлган маълумотларни, ахборотларни ва ёзма тушунтиришларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳудудий органларида ўрнатилган «ишонч телефонлари» орқали маълумотлар олиш;

назорат қилувчи бошқа органлар томонидан ўтказилган текширувлар натижалари бўйича келиб тушаётган маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилаётган лицензиявий фаолиятнинг ҳолати ва шартлари билан жойида танишиш.

7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш

36. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунининг 22 , 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.

Амал қилиши тўхтатиб турилган, тўхтатилган, бекор қилинган лицензиялар ҳақидаги маълумотлар лицензияловчи орган томонидан тегишли ахборот ресурсларига киритилади.

37. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга ариза берилиши мумкин. Суд томонидан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги қарор асоссиз деб топилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар ҳисобланади.

8-боб. Лицензиялар реестри

38. Лицензияловчи орган «Лицензия» ахборот тизимлари комплексида лицензиялар реестрини юритади.

39. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан, ташкилотнинг номи ва индентификация рақами, ташкилий-ҳуқуқий шакли, ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

б) тиббий фаолиятнинг лицензияланаётган йўналиши (унинг қисми) амалга ошириладиган манзил, иш жойи телефони, факс;

в) лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензиянинг амал қилиши муддати;

д) тиббий ихтисослашувнинг лицензияланаётган тури;

е) лицензияни қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси, унинг амал қилиш муддатининг узайтирилиши ва тикланиши;

ж) лицензиянинг амал қилиш муддатини тўхтатиш асослари ва санаси;

з) лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси.

Лицензиялар реестридаги маълумотлар «Лицензия» ахборот тизимлари комплексидаги веб-сайтда жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.

9-боб. Лицензия берилиши учун ундириладиган давлат божи

40. Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи тўланади.

41. Тўланган давлат божининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш учун молиялаштириш манбаи сифатида ўтказилади.

«Ягона дарча» марказига шахсан мурожаат қилинган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимлар суммасининг 10 фоизи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Давлат божининг қолган суммаси республика бюджетига ўтказилади.

10-боб. Якунловчи қоида

42. Мазкур Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга

низомга

Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш

СХЕМАСИ

квм405

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

Серия _____ №________

(Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

Тиббий фаолиятни амалга ошириш учун

ЛИЦЕНЗИЯ

_________________

(лицензия рақами)

Ушбу лицензия: _______________________________________________________________________________

___________________________________________________________________________________га берилди.

(юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли)

Ташкилот жойлашган манзил (почта манзили):

____________________________________________________________________________________________

Тиббий фаолият амалга ошириладиган жой (манзил):

____________________________________________________________________________________________

____________________________________________________________________________________________

Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР):

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

 

Рухсат этилган ихтисосликлар турлари ва тиббий ташкилотнинг тури:

____________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________

Лицензия берилган сана:

20__й. «___» _____________

(йил, сана, ой)

Лицензиянинг амал қилиш муддати:

20__й. «___» __________гача

(йил, сана, ой)

Лицензиялар реестри бўйича тартиб рақами:

 
 
 
 
 

Ваколатли шахс:

___________

__________________________________________

(имзо)

(Лицензияловчи орган раҳбарининг Ф.И.О.)

М.Ў.


Ҳужжат тури:  Қарор
Ҳужжат рақами:  405
Қабул қилиниш санаси:  21.06.2017
Кўчириб олиш pdf |