Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Бош сахифа

03 июня 2013

Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ
ҚАРОРИ


Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 26-сон, 341-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 25 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2470]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги 278-сон «Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 39-сон, 453-модда) 8-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази қарор қилади:

1. Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Тошкент ш.,
2013 йил 3 июнь,
27-сон
 
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Б. ХОДИЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 3 июнь,
18-сон
 
Давлат тест маркази директори Б. ИСМАИЛОВ
 
 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2013 йил 3 июндаги 27, 18-сон қарорига ИЛОВА

Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги 278-сон «Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 39-сон, 453-модда), 2006 йил 16 февралдаги 25-сон «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 6-7-сон, 39-модда) қарорларига мувофиқ, олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини (бундан буён матнда мониторинг деб юритилади) олиб бориш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари ҳарбий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Мониторинг ҳар ўқув йили давомида амалга оширилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (бундан буён матнда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан буён матнда Давлат тест маркази деб юритилади), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бош илмий-методик маркази (бундан буён матнда Бош илмий-методик марказ деб юритилади), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази (бундан буён матнда Ривожлантириш маркази деб юритилади) ҳамда олий таълим муассасалари (бундан буён матнда ташкилотчилар деб юритилади) томонидан ўтказилади.

2. Мониторингнинг асосий мақсади олий таълим муассасаларида таълим сифатига педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш натижаларининг таъсирини ўрганиш ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартлари талаблари асосида намунавий ўқув режа ва дастурларни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

3. Мониторинг жараёнида қуйидагилар амалга оширилади:

давлат таълим стандартлари талаблари асосида талабаларнинг ўқув режадаги фанларни ўзлаштириш даражасига таъсир этувчи омилларни ўрганиш;

педагог кадрларнинг касбий тайёргарлик даражасини ва уларнинг юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш;

тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва улар асосида хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш.

II боб. Мониторингни ташкил этишнинг асосий йўналишлари ва ташкилотчиларнинг вазифалари

4. Мониторинг жараёнида қуйидаги масалалар ўрганилади:

қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагог кадрлар дарс бераётган академик гуруҳ талабаларининг ўқув режадаги фанларни ўзлаштириш даражаси ва сифатини тест синовлари ҳамда рейтинг назорати қайдномалари асосида таҳлил қилиш;

малака оширишдан ўтган педагог кадрлар томонидан очиқ, маҳорат ва кўргазмали дарслари ўтказилганлиги ҳамда уларнинг фаолиятини кафедра йиғилишларида муҳокама қилинганлиги ва оммалаштирилганлиги;

малака оширишдан ўтган педагог кадрларнинг ўқув ва ишчи режалари, ўқув дастурлари, таълимни узлуксизлигини таъминловчи малакавий талаб ва тартиблар ҳамда бошқа ўқув методик ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлари;

педагог кадрлар томонидан замонавий педагогик ва ахборот технологиялари бўйича эгалланган янги билим ва малакаларнинг таълим тизимига жорий этилганлиги;

педагог кадрларнинг халқаро ва республика миқёсида эришган ютуқлари, уларнинг ўқув методик, илмий ва ижодий фаолияти натижалари;

педагог кадрларнинг шахсий иш режасида ўзининг касбий компетентлик даражасини узлуксиз ошириб боришига оид мустақил ишлари мавжудлиги ҳамда уларнинг амалиётга татбиқ этилганлиги;

педагог кадрларнинг замонавий таълим усулларидан ўқув жараёнида фойдаланиш даражасини талабалар орасида анкета сўровлари асосида аниқлаш.

5. Мониторинг ўтказиш жараёнига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош илмий-методик марказ, Ривожлантириш маркази ва тегишли малака ошириш муассасаси масъул вакиллари ҳамда олий таълим муассасаларидан экспертлар жалб қилинади.

6. Мониторинг жараёнида ташкилотчиларнинг вазифалари:

а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

мониторинг жараёнида иштирок этадиган ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этади ва бошқаради;

олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилган тест саволларини тегишли фан дастурларига мослиги юзасидан экспертиза қилган ҳолда Давлат тест марказига юборади;

мониторинг натижаларини тегишли олий таълим муассасасида эълон қилади ҳамда олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанларини ўқитиш сифати бўйича хулоса тайёрлайди;

мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанларини ўқитиш сифатини ошириб бориш бўйича чора-тадбирларни белгилайди.

б) Давлат тест маркази:

тест синовларини ташкил этади ва ўтказади, Давлат тест маркази вакиллари, аудитория раҳбари ва кузатувчиларни шакллантиради ҳамда жойларга тақсимлайди;

тест синовлари натижаларини чиқаради ҳамда уларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

в) Бош илмий-методик марказ:

педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ягона электрон базани шакллантиради, мониторингни амалга оширишга хизмат қилувчи ягона электрон ахборот тизимини ишлаб чиқади ва жорий этади;

мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг таълим дастурлари ва бошқа ўқув методик ҳужжатларини ишлаб чиқади;

малака оширишнинг таълим жараёни сифати ва натижаларини таҳлил қилади, олий таълим муассасалари билан биргаликда ўқув методик материаллар тайёрланишини, шунингдек мазкур йўналиш бўйича минтақавий ва тармоқ марказларида семинар-тренинглар ташкил этилишини таъминлайди.

г) Ривожлантириш маркази:

олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг мониторингини олиб бориш юзасидан махсус жадвалларни ва анкета сўровномаларини ишлаб чиқади;

мониторинг натижалари бўйича олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, давлат таълим стандартлари талаблари ҳамда намунавий ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

д) Олий таълим муассасалари ҳар йили 20 январдан кечиктирмай ўқув дастурига мос келадиган, ҳар бир мутахассислик фанлари бўйича 120 тадан кам бўлмаган тест саволларини тайёрлайди ва Бош илмий-методик марказга тақдим этиб боради.

7. Олий таълим муассасаларида мониторинг ўтказиш режаси Бош илмий-методик марказ томонидан ишлаб чиқилиб, Давлат тест маркази билан келишилгандан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тасдиқланади.

8. Тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

III боб. Мониторингни ўтказиш

9. Мониторинг ўқув йили давомида танланган олий таълим муассасаларида бир марта ўтказилади.

10. Мониторинг ўтказиш жараёнида қуйидагилар амалга оширилади:

фанни талабалар томонидан ўзлаштириш даражаси ва сифати тўғрисидаги маълумотларни олиш учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларини ҳисобга олган ҳолда Давлат тест маркази танлови асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагог кадр дарс бераётган академик гуруҳдаги беш нафар талаба иштирокида тест синови ўтказилади;

педагог кадрнинг дарс бериш сифати, унинг илмий салоҳияти, тажрибаси, ўқув жараёнига янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий этганлиги, мавзуни талабаларга етказиб бериш бўйича фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида тегишли академик гуруҳ талабаларидан анкета сўровлари ўтказилади;

талабаларнинг ўқув фанларидан ўзлаштириш даражаси ва сифатига таъсир этувчи омилларни ўрганиш учун ишлаб чиқилган махсус жадвал (шакл)лар асосида ушбу олий таълим муассасасидан маълумотлар тўпланади, бунда педагогларнинг йиллик ўқув методик ишлари, малака ошириш натижасида таълим сифатини такомиллаштиришга йўналтирилган илмий-услубий фаолияти, шунингдек илмий лойиҳалар ва грантлардаги иштироки, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашдаги фаолияти ўрганилади;

малака оширишдан ўтган педагог кадрларнинг таълим дастурлари ва бошқа ўқув методик ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича берган таклифлари ўрганилади;

малака оширишдан ўтган педагог кадрлар дарс бераётган академик гуруҳ талабаларининг билим сифати ва натижалари рейтинг назорати қайдномалари асосида таҳлил қилинади;

педагог кадрларнинг халқаро ва республика миқёсида эришган ютуқлари, улар томонидан малака ошириш мобайнида ўқув методик, илмий, ижодий фаолияти натижалари ва тажрибаси асосида очиқ, кўргазмали ва маҳорат дарслари ўтказилганлиги, уларнинг фаолияти кафедра йиғилишларида муҳокама қилинганлиги ҳамда оммалаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ўрганилади;

педагог кадрлар томонидан замонавий педагогик ва ахборот технологиялари бўйича эгалланган янги билим ва малакаларини таълим тизимига жорий этилганлиги ўрганилади;

педагог кадрнинг шахсий иш режасида ўзининг касбий компетентлик даражасини узлуксиз ривожлантириб боришига оид тадбирларнинг мавжудлиги ҳамда уларни амалиётга татбиқ этилганлиги бўйича маълумотлар ўрганилади.

11. Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг мониторинги мазкур Низомнинг иловасида келтирилган кўрсаткичларга мувофиқ аниқланади.

12. Қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагог кадрлар фаолияти улар малака оширгандан кейин камида олти ой ўтгач, ўрганилади.

13. Мониторингни ўтказувчи ишчи гуруҳига педагог кадрларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича тақдим этилган барча маълумотларнинг аниқлиги ва ҳаққонийлиги учун олий таълим муассасаси раҳбари масъулдир.

14. Мониторинг натижалари, хулоса ва таклифлар Бош илмий-методик марказ томонидан умумлаштирилади ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.

15. Ўтказилган мониторинг натижалари, унда иштирок этган ҳар бир педагог кадр фаолиятининг кўрсаткичлари ва талабаларнинг ўзлаштиришлари ҳақидаги маълумотлар ва тавсиялар тегишли олий таълим муассасаси раҳбариятига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилади ва олий таълим муассасаларида педагог кадрларнинг рейтингини аниқлашда фойдаланилади.

16. Олий таълим муассасаларида тегишли таълим йўналишлари бўйича мониторинг натижалари қониқарсиз (малака оширишдан ўтган педагог кадрларнинг 55 фоизидан ортиғининг фаолияти қониқарсиз деб топилганда) бўлган ҳолларда мазкур йўналиш бўйича малака ошириш курслари фаолияти қониқарсиз деб топилади.

17. Мониторинг натижаларига кўра, барча йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагог кадрлар фаолияти қониқарсиз деб топилганда, бириктирилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаси навбатдан ташқари аттестацияга жалб қилинади. Фаолияти қониқарсиз деб топилган педагог кадрларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

IV боб. Якуний қоида

18. Мазкур Низом Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик темир йўл компанияси, Давлат солиқ қўмитаси ва «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси билан келишилган.
2013 йил 3 июньХалқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
2013 йил 3 июньТашқи ишлар вазири А. КОМИЛОВ
2013 йил 3 июньМаданият ва спорт ишлари вазири М. ХОДЖИМАТОВ
2013 йил 3 июньСоғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ
2013 йил 3 июньҚишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. РЎЗИЕВ
2013 йил 3 июньАлоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Х. МИРЗАХИДОВ
2013 йил 3 июньЎзбекистон Бадиий академияси раиси А. НУРИТДИНОВ
2013 йил 3 июнь«Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик темир йўл компанияси Бошқаруви раиси А. РАМАТОВ
2013 йил 3 июньДавлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
2013 йил 3 июнь«Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Бош директори Қ. САНАҚУЛОВ
 
 

Олий таълим муассасаларидаги таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг ҳар йилги мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Таълим дастурлари фанлари бўйича ўқитиш сифатининг мониторинги
КЎРСАТКИЧЛАРИ

1. Малака оширишдан ўтган педагог кадр дарс бераётган, жумладан мутахассислик ўқув фанлари дастурини талабалар томонидан ўзлаштириш даражаси ва сифат кўрсаткичи тест синовлари орқали аниқланади. Тест натижалари олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимига асосан 100 баллик тизимда баҳоланади ва унда 56 ва ундан юқори балл тўплаган талаба фанни ўзлаштирган деб ҳисобланади.

2. Тест синовлари натижаларига кўра, сифат кўрсаткичига эришган талабалар сони тестда қатнашган талабаларнинг умумий сонига бўлиниб, 100 га кўпайтирилади. Педагог кадр фаолияти эришилган натижалар асосида ушбу кўрсаткич бўйича 0 — 50 балл оралиғида баҳоланади.

3. Малака оширишдан ўтган педагог кадр дарс бераётган, жумладан умумкасбий ва мутахассислик фанлари бўйича республика ва халқаро миқёсда ўтказилган олимпиада, спорт мусобақаси ва бадиий кўргазмаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаганлар сони малака оширишдан ўтган педагог кадр фаолиятини баҳолаганда ҳар бир совриндор учун: республика миқёсида — 3 балл, халқаро миқёсда — 5 балл берилади, тўпланган балл=(3nс+5nс)х100/гуруҳдаги талабаларнинг умумий сонига бўлинган ҳолда ҳисобланади ва натижа 0 — 15 балл оралиғида баҳоланади.

4. Педагог кадрларнинг илмий-тадқиқот ишларида ва патентлар олишда қатнашганлиги 0 — 3 балл, ихтиро ва рационализаторлик таклифлар мавжудлиги 0 — 3 балл, моделлар ва дастурлар яратишда бевосита иштирок этганлиги 0 — 3 балл, монография ва илмий мақолалари чоп этилганлиги 0 — 3 балл, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий этишга доир ўқув-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишда қатнашганлиги 0 — 5 балл, очиқ маърузалари ташкил этилиб, кафедралар йиғилиши қарори билан фаолияти оммалаштирилганлиги 0 — 5 балл билан баҳоланади. Педагог кадрларнинг маблағ билан таъминланган илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча 3 балл берилади. Натижалар умумлаштирилиб педагог фаолияти 0 — 25 балл оралиғида баҳоланади.

5. Малака оширишдан ўтган педагог кадр томонидан яратилиб, таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари ҳузуридаги муассасалараро илмий-услубий бирлашмалар фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори билан нашр этилган ҳар бир дарслик ва ўқув қўлланма учун 5 балл ҳамда икки ва ундан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланма учун 10 балл берилади. Дарслик ва ўқув қўлланма бир неча муаллифлар томонидан ёзилган бўлса, бир сони муаллифлар сонига бўлинган ҳолда ҳисобланади. Натижалар умумлаштирилиб педагог фаолияти 0 — 10 балл оралиғида баҳоланади.

6. Тегишли таълим йўналиши бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган педагог кадр томонидан тўпланган умумий баллар 56 дан паст кўрсаткични ташкил этган ҳолда унинг фаолияти қониқарсиз деб ҳисобланади.

7. Олий таълим муассасасининг тегишли таълим йўналиши бўйича фаолияти ўрганилган педагог кадрлар томонидан тўпланган баллар йиғиндиси педагог кадрлар умумий сонига нисбати ўртача 56 баллдан паст кўрсаткични ташкил этган ҳолда мазкур йўналиш фаолияти қониқарсиз деб топилади.


Ҳужжат тури:  Фармойиш
Ҳужжат рақами:  2470
Қабул қилиниш санаси:  03.06.2013
Кўчириб олиш pdf |