X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Буйруқ №48. Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий - педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида

Бош сахифа

18 февраля 2013

Буйруқ №48. Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий - педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабридаги 365- сонли “Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий - педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”, ҳамда 2012 йил 29 декабридаги 371 – сонли “Республика Олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш чора – тадбирлари тўғрисида ” қарорлари ижроси бўйича 5 - мажлиси қарорларида кўрсатилган инновацион ғоя ва ишланмалар, илмий-тадқиқот ишларининг муҳим натижаларини тегишли тармоқ ва соҳаларга, манфаатдор вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотлар фаолиятига жорий этиш самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаб бориш тизимини яратиш мақсадида

Б У Ю Р А М А Н:

1. Вазирлик тизимидаги Олий Таълим муассасалари, Илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига:

Услубий тавсияномалар давлат илмий – техник дастурлари доирасида бажарилган амалий грантлар ва диссертация ишлари доирасида ўтказилган илмий – тадқиқот ишлари натижаларини тиббиёт амалиётига тадбиқ этилишининг самараси сифатида қабул қилинсин.

Давлат илмий – техник дастурлари ва илмий – тадқиқот ишлари натижалари бўйича услубий тавсиянома, монография ва услубий қўлланмаларни шакллантириш 1 ва 2 – иловаларда келтирилган талаблар асосида амалга оширилсин.

2. Вазирлик Илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи И.Р.Мавляновга:

Услубий тавсиянома, монография ва услубий қўлланмаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш 3 – иловада келтирилган тартибда амалга оширилиши таъминлансин.

3. “Узмединфо” маркази директори М.В. Баймухамедовга:

Ушбу буйруқ ва буйруқда келтирилган иловаларнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтига жойлаштирилсин.

Услубий тавсияноманинг тўлиқ матни, ҳамда монография ва услубий қўлланмаларнинг қисқача реферати Соғлиқни сақлаш вазирлиги порталида эълон қилинсин.

Мазкур фармойиш ижросини назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.А. Худаяров зиммасига юклатилсин.

ВазирА.В. Алимов
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирилиги 2013 йил
“____”_________ даги _____сонли
Буйруқга 1 -илова

Услубий тавсияномани шакллантиришга қўйиладиган талаблар

Услубий тавсиянома, қўлланма битта ёки бир неча конкрет ишни ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича ўзига хос шакллантирилган ахборотдир. Улар амалиётга тадбиқ қилиниши керак бўлган усул ёки технологиялар бўлиб, муаллиф ижодий тажрибаси негизида шакллантирилган битта ёки бир неча хусусий усулларни ёритишга қаратилган бўлиши керак. Услубий тавсиянома, қўлланмаларнинг асосий вазифаси муаян фаолиятга қаратилган энг самарали, рационал фаолият намуналарини тарғиб қилишдан иборатдир. Услубий тавсиянома, қўлланмалар манзилли йўналишга эга бўлиши, яъни шифокорга, маълум профилдаги мутахассис ёки ўқув жараёнига ва бошқаларга мўлжалланган бўлиб, мос равишда терминология, ёзилиш стили ва ҳажмига эга бўлади.

Услубий тавсиянома, қўлланмалар қуйидаги мавзуларга бағишланган бўлади:

  • Касалликнинг ташхиси, давоси, профилактикаси ва реабилитацияси;
  • Муаян кўрсатгичнинг лаборатория тахлили;
  • Патологик жараённинг тажрибавий моделини яратиш;
  • Ташкилий жараён алгоритми;
  • Ташхис ва даво мақсади учун муаян муложалар;
  • Муаян омилнинг гигиеник баҳолаш тартиби;
  • Тиббиёт анжомларини ишлаб чиқиш технологиялари.

Услубий тавсияномага қуйиладиган шартлар:

  1. Тавсия қилинаётган усул ва ёндашувлар мазмунан янги, ҳамда илгари шакллантирилган ёндашув стандартларида тақдим этилмаган бўлиши лозим;
  2. Тавсия қилинаётган усул ва ёндашувлар муаллифлик хуқуқи билан исботланган ёки муаллиф қўшган ҳиссаси асосланган бўлиши керак (патент ёки ихтиро учун таклиф, дастурий махсулот ёки муаллиф модификацияси);
  3. Адабиёт шарҳи, муаян омил ёки дори воситасининг турли физиологик параметрларга таъсири, шунингдек хорижий препарат ва диагностик тестлар рекламасига бағишланган материаллар ва статистик маълумотлар кўринишида шакллантирилган материаллар услубий тавсиянома, қўлланмалар деб ҳисобланмайди.

Услубий тавсиянома қуйидаги структурага эга бўлиши керак:

  • Титул варағи;
  • Муаллифлар ҳақида маълумот;
  • Аннотация;
  • Асослаш;
  • Тавсиянома мазмуни (асосий қисм, асосий матн);
  • Ижтимоий ва иқтисодий самарадорлик ва уни ҳисоблаш усуллари;
  • Қўлланилган адабиётлар;
  • Иловалар (зарур ҳолларда).

Услубий тавсияноманинг титул варағида идора ва ташкилотнинг номи, келишилганлик ва тасдиқланиш параметрлари, тавсиянома номи (албатта, услубий тавсиянома деб кўрсатилиши керак), шаҳар номи ва йил кўрсатилади. 2 чи варақга кенгашларда куриб чиқилган ва тасдиқланган вақти, ССВ порталида рўйхатдан ўтганлиги, тавсиянома тадбиқ қилинган муассаса ва муаллифлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.

2- варақнинг пастки қисмида услубий тавсиянома аннотацияси келтирилади. Аннотация қисқа ва конкрет маълумотдан иборат бўлиб, қуйидагилар ёритилиши керак:

  • Кўрилаётган масала моҳияти (масалан, ушбу тавсиянома муаян касалликнинг янги даво усулига бағишланган);
  • Тавсиянома асосини хосил қилган амалий тажриба манбаи (тавсиянома қандай ва кимнинг тажрибаси асосида шакллантирилганлиги кўрсатилиши керак);
  • Тавсиянома маълумотлари кимга тавсия этилади;
  • Тавсияноманинг қўлланилиш доираси.

Услубий тавсияноманинг асослаш қисми қуйидаги ахборотни ўз ичига олиши керак:

  • Ушбу тавсияноманинг шакллантиришнинг долзарблигини асослаш (ўрганилаётган масала бўйича холатнинг қисқача тахлили, тавсия қилинаётган усулга ўхшаш усуллар қўлланилаётган сохалар, усулнинг устувор томонлари ва камчиликлари, тавсиянома кимга қаратилган ва ундан келиб чиқадиган ёрдам ва бошқалар);
  • Услубий тавсиянома мақсадини шакллантириш;
  • Таклиф қилинаётган ёндашувнинг янгилиги ва хусусиятларини ушбу соҳада мавжуд бўлган ўхшаш ёндашувлар кесимида асослаш.

Услубий тавсияноманинг мазмуни (асосий матн) асосий қисм бўлиб, уни қуйидаги таркибий қисмларга бўлиш мақсадга мувофиқ:

  • изланишлар олиб бориш учун айнан қандай ишлар қилиш таклиф этилишини (босқичма-босқич) ва қандай йўллар билан (қандай шакл ва усуллар ёрдамида) амалга оширилади;
  • олиб борилаётган изланишлардаги ташкилий (иш режасини ишлаб чиқиш ва ҳ.к.), моддий-техникавий, молиявий, ходимлар билан таъминлаш масалаларга оид таклифлар;
  • изланишларни ташкиллаштириш ва олиб бориш жараёнида энг қийин муоммоларни кўрсатиб ўтиш (тажрибадан келиб чиққан ҳолда);

Ижтимоий ва иқтисодий самарадорликни ёритиш:

  • таклиф этилаётган ёндашув ёки усулнинг тиббий - амалий аҳамиятини тавсифлаш (масалан, усул ёки технологияни жорий қилиш орқали эрта ташхис имкониятларини ёритиш; тавсия қилинаётган даво ёки профилактика усулини қўллаш орқали саломатликни тиклаш, касаллик келиб чиқишини олдини олиш, асоратларни келиб чиқиши ва инвалидлик даражасини камайтириш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва давомийлигини узайтириш, бошқалар. Тавсиф исботланган тиббиёт маълумотларига асосланиши керак);
  • тавсия этилаётган ёндашув ёки усулнинг ижтимоий аҳамиятини очиб бериш;
  • иқтисодий самарадорликни ҳисоблаш усул ва вариантларини мисол ва намуналар орқали кўрсатиш (масалан, тиббий жиҳатдан бир хил натижа берувчи ёндашув қўлланганда уларнинг иқтисодий жиҳатдан фарқини аниқлаш учун “сарф минимизацияси” кўрсатгичидан фойдаланиш; даво самарадорлигини иқтисодий жиҳатдан баҳолаш учун “касаллик таннархи” ёки “сарф-самарадорлик”, “сарф-фойда” каби кўрсатгичларни қўллаш);
  • услубий тавсияномани тадбиқ этиш туфайли кутилаётган натижани ҳамда истиқболларни қисқача ёритиш (масалан, ижтимоий аҳамият касб этувчи касалликлар учраши даражасини пасайиши, ўлим ҳолатларини камайиши, аҳоли саломатлик даражасини кўтарилиши, тиббий санитария ёрдами сифати ва кўламини яхшиланиши ва бошқалар).

Қўлланилган адабиётлар рўйхати алфавит тартибида ва библиографик рўйхатни шакллантиришнинг ҳозирги замон талабларига мос равишда амалга оширилади.

Илова ўз ичига тавсия қилинаётган фаолият турини амалга ошириш учун керакли бўлган, аммо тавсияноманинг асосий матнига кирмаган материалларни олади. Иловада конкрет чора-тадбирларни амалга ошириш режаси, тест топшириқлари, намунавий саволлар, иш натижасини аниқловчи усуллар, схемалар, диаграммалар, карталар, фотосуратлар ва бошқаларни келтириш мумкин. Илова услубий тавсияноманинг охирида матнда келтирилган кетма-кетликда берилади. Ҳар бир илова янги варрақдан бошланади. Варрақнинг юқори ўнг бурчагида “Илова” сўзи ва унинг тартиб рақами кўрсатилади. Илова бош ҳарфлар билан бошланади, унинг тартиб рақами алфавитдаги ҳарфлар билан ҳам алмаштирилиши мумкин (масалан: “Илова 1” ёки “Илова А”).

Услубий тавсияномалар матнини шакллантириш учун қўйиладиган техник талаблар:

  • А4 формати;
  • “Китоб” кўринишида;
  • Варрақ чегаралари: юқори, пастки, ўнг чегара – 1см, чап чегара-3см;
  • Варрақ номерлари – араб ҳарфлари билан, варрақ таги ва ўртасида, титул варрақ умумий рақамлаштиришга киради;
  • Шрифт- Times New Roman, 14.
  • Янги сатр – 1,2-1,5 см;
  • Сатрлараро интервал – 1;
  • Сўзларни бўлиб кўчириш истисно қилинади;
  • Матнни текислаш энига амалга оширилади;
  • Компьютерда матн териш қоидаларига амал қилиш керак.

Умумий варрақлар сони 10-20 вароқ. Услубий тавсияномани электрон кўриниши тақдим этилиши шарт, чунки камчиликлар ва таклифлар тузатилгандан сўнг услубий тавсиянома тасдиқланади ва танишиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги порталига кўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирилиги 2013 йил
“____”_________ даги _____сонли
Буйруқга 2 -илова

Монографияларни ва услубий қўланмаларни шакллантиришга қўйиладиган талаблар

Монография - бир ёки бир нечта муаллифларга тегишли бўлган бир ёки бир бир бирига боғлиқ бўлган бир неча мавзуни чуқур урганишга бағишланган китоб куринишдаги илмий махсулотдир. Монография газета ёки журналлар каби катта тиражда чиқариладиган нашрлардан фарқли, битта ёки иккита томдан иборат кам тиражда босиб чиқариладиган асардир. Монографияда танланган мавзу бўйича замонавий адабиётлар ўрганилади, тахлил қилинади ва маълумотлар умумлаштирилади, ҳамда илмни ривожлантиришга хизмат қилувчи янги гипотеза, назария ва концепциялар илгари сурилади. Монография илмий яратувчанлик маҳсули бўлганлиги туфайли унинг ҳажми маълум чегара билан белгиланмайди. Одатда унинг ҳажми 120 бетдан кам бўлмайди. А4 варианта 14 Times New Roman шрифти билан 1,5 сатр оралиғида ёзилганда унинг ҳажми тахминан беш табоғ варрағига тўғри келади. Монография кенг қамровли библиографик рўйхат ва изохлар билан якунланади.

Услубий қулланма- тиббиёт амалиётининг муаян йўналиши бўйича тўпланган тажрибаларни умумлаштиришга ҳамда уларни қўллаш ва ривожлантириш бўйича тавсияларни шакллантирувчи услубий маҳсулотнинг комплекс туридир. Одатда услубий қўлланма муаллифлари ўзи ва касбдошлари амалий тажрибаларини тизимлаштириш, ҳамда тавсия қилинаётган назарий ишланма усулларини асослашда хорижий тажрибани ҳисобга олиш ва қўллаш қобилиятига эга бўлган мутахасислардир. Услубий қулланманинг асосий вазифаси шифокор ва мутахсисларга назарий ва амалий характердаги илғор билимларни орттириш ва ўзлаштиришга кўмаклашувдан иборатдир.

Услубий қўлланма типик таркиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

Кириш. Бунда қўлланма мақсад ва вазифалари, йўналтириган мутахасисликлар ва ушбу қўлланма туфайли олинадиган муаян натижалар ўз ифодасини топади.

Назарий бўлим. Одатда, ушбу бўлимда муаллифнинг ўзига хос хусусиятга эга бўлган услубий ёндашуви илмий амалий нуқтаи назардан асосланади (керак бўлган ҳолларда мос бўлган ишларга ҳам илова берилади).

Амалий бўлим. Ушбу бўлимда факталогик материаллар тизимлаштирилиб ва классификация қилиниб берилади. Амалий тавсиялар, усуллар бўйича характерли мисоллар келтирилади.

Дидактик бўлим. Бунда амалий материаллар ёритувчи (схемалар, жадваллар, расмлар ва бошқалар) дидактик материаллар ўз ифодасини топади.

Бундан ташқари, методик қўлланма таркибига турли хил зарур меъёрий хужжатлар кириб, уларни қўллаш мутахассисларга мавжуд талабларга мос равишда ўз иш фаолиятини ташкил қилиш имконини беради.

Услубий қўлланманинг зарур бўлган қисмига адабиётлар рўйхати ҳам киради. Адабиёт рўйхатини мавзуларга мос равишда бўлимларга бўлиб бериш мақсадга мувофиқдир (ушбу қўлланмада ечладиган муаян вазифаларга мос кетма кетликда). Шу билан бирга қўлланмада мутахассислар учун энг фойдали бўлиши мумкин бўлган ишларни, иложи борича, қисқа аннотацияларини келтириш ҳам мухим ахамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни
сақлаш вазирилиги 2013 йил
“____”_________ даги _____сонли
Буйруқга 3 -илова

Услубий тавсиянома, монография ва услубий қўлланмаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби

1. Услубий тавсияномаларни Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги (ССВ) да кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий таълим муассасаси (ОТМ), Илмий – тадқиқот муассасаси (ИТМ) ва даволаш-профилактика муассасалари томонидан вазирлик илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига қуйидаги хужжатлар тақдим этилади:

  • ОТМ ёки ИТМ нинг йўлланма хати;
  • Тавсия қилинаётган услубий тавсияноманинг матни (2 нусҳада қоғоз ва электрон варианти);
  • ОТМ ёки ИТМ Муаммо ҳайъати мажлиси баённомасидан кўчирма;
  • ОТМ ёки ИТМ Илмий Кенгаши мажлиси баённомасидан кўчирма;
  • Тавсия қилинаётган услубий тавсиянома материалларининг 2 та тиббиёт муассасаси томонидан ўтказилган синови хисоботи.

Ўтказилган синов хисоботида қуйидаги саволларга жавоб ўз аксини топиши лозим:

  • Синов ўтказилаётган тиббиёт муассасаси;
  • Изланиш мақсад ва вазифалари (Нима тадбиқ этилмоқда ва унинг моҳияти);
  • Изланиш дизайни (қиёсланадиган ва қиёсланмайдиган, чекланган ва кенг қамровли ва бошқа турдаги изланишлар);
  • Рандомизация усули;
  • Беморларни изланиш гуруҳига киритиш бўйича мезонлар (рўйхатга киритиш ва рўйхатга киритишга монелик қилувчи мезонлар);
  • Изланишда иштирок этган беморлар сони ва улар тўгрисидаги маълумот (ёши, жинси, ёндош касалликлари, умумий лаборатория тахлиллари натижалари жадвал кўринишида);
  • Самарани баҳоловчи клиник, лаборатор ва функционал мезонлар ва улар градацияси;
  • Олинган натижаларнинг статистика усули орқали ишланган миқдорий кўрсатгичлари. Улар назорат* ва тажриба гуруҳлари кесимида қиёсланган ҳолда келтирилади;
  • Таклиф этилаётган усулнинг тиббий ёки ижтимоий, иқтисодий нуқтаи назардан фарқи тахлили (миқдорий кўрсатгичларга асосланган холда);
  • Хулоса, таклиф ва мулоҳазалар.
  • Хисобот маъсул ижрочи томонидан имзоланади ва мазкур тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади. *- назорат гуруҳидаги ёндашувлар ҳозирги замон диагностика ва даволаш стандартларига мос тушиши керак

2. Тақдим этилган хужжатлар вазирлик илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан техник экспертизадан ўтказилади ҳамда ССВнинг мутахассислик бўйича Мувофиқлаштириш кенгашларига тақдим этилади. Ҳужжатлар Мувофиқлаштириш кенгаши мажлисида кўриб чиқилиб ижобий хулоса берилган холлардагина услубий тавсиянома тасдиқланади ва ССВ порталида эълон қилинади. ССВ порталида эълон қилинган услубий тавсиянома уларни чоп этилганлиги билан тенг ҳисобланади. Тақдим этилган хужжатларда камчиликлар аниқланса ёки ССВ Мувофиқлаштириш кенгашлари томонидан ноаниқликлар ва камчиликлар топилса услубий тавсияномалар муаллифларига қайта ишлаш учун қайтарилади. Камчиликлар бартараф этилмагунча услубий тавсияномалар тасдиқланмайди ҳамда ССВ порталида эълон қилинмайди.

3. Монография ва услубий қўлланмаларни вазирликда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун ОТМ, ИТМ ва даволаш-профилактика муассасалари томонидан вазирлик илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига қуйидаги хужжатлар тақдим этилади:

  • ОТМ ёки ИТМнинг йўлланма хати;
  • Тавсия қилинаётган монография ва услубий қўлланмаларнинг 1 нусхадаги матни (қоғоз ва электрон вариантда);
  • Монография ва услубий қўлланмалар бўйича 2 та тақриз (ички ва ташқи);
  • ОТМ ёки ИТМ Илмий Кенгаши мажлиси баённомасидан кўчирма.

4. Тақдим этилган хужжатлар вазирлик илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан техник экспертизадан ўтказилади ҳамда вазирликнинг мутахассислик бўйича Мувофиқлаштириш кенгашларига тақдим этилади. Ҳужжатлар Мувофиқлаштириш кенгаши мажлисида кўриб чиқилади ва улар томонидан ижобий хулоса берилган холлардагина монография ва услубий қўлланмалар тасдиқланади ва ССВ порталида уларнинг қисқача реферати эълон қилинади. Тақдим этилган хужжатларда камчиликлар аниқланса ёки ССВ Мувофиқлаштириш кенгашлари томонидан ноаниқликлар ва камчиликлар топилса монография ва услубий қўлланмалар муаллифларга қайта ишлаш учун қайтарилади. Камчиликлар бартараф этилмагунча улар тасдиқланмайди ҳамда ССВ порталида уларнинг рефератлари эълон қилинмайди.


Ҳужжат тури:  Буйруқ
Ҳужжат рақами:  № 48
Қабул қилиниш санаси:  18.02.2013
Кўчириб олиш pdf |