ЯНГИЛИКЛАР
10 0000

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЙТҲ ОҚИБАТИДА ЖАРОҲАТ ОЛГАНЛАРГА ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛМОҚДА

Хабар берилганидек, 2019 йил 10 сентябрь куни соат 04:00ларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидаги автомобиль йўли ва темир йўл кесишмасида автотранспорт воситалари ҳамда юк ташиш поездининг тўқнашиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Маълум бўлишича, “Тошкент-Водий” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган “САМС” русумли юк машинаси юк вагонларни тортиб кетаётган поезднинг 8-вагонига урилган. Натижада вагонларнинг 2 таси изидан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган “Дамас” русумли автомобилни босиб қолган.

“Дамас” автомобилида бўлган 5 нафар фуқародан 2 нафари Н.А. ва А.Х. воқеа жойида вафот этган. Қолган жароҳат олган 3 нафар фуқаро ҳамда “САМС” русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчиси Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинди ҳамда зудлик билан тиббий текширувлардан ўтказилиб, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Маълум бўлишича, жароҳатланганганлар: 22 ёшли Ф. Ю.Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, юз юмшоқ тўқима жароҳати ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати”, 24 ёшли А. Н. “Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, юз юмшоқ тўқима жароҳати, кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати”, 30 ёшли А.Н. “Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, чап кўз юмшоқ тўқима жароҳати, ўнг тизза ёпиқ жароҳати. ўнг оёқ учинчи бармоқнинг чиқиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати”, 51 ёшли Х.М. эса “Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, пастки жағнинг ёпиқ синиши, юзнинг ўнг соҳаси ва пешона соҳасининг лат ейиши, юқори лаб лат ейиши ва йиртилиши” ташхислари билан Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даво муолажалари олаяпти.

Уларнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан доимий назоратга олинган. Вазирлик томонидан сафарбар қилинган малакали мутахассислар жараҳатланганлар ҳаёти учун курашмоқда. Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.